Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қарори

Соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш давлат дастурлари амалга оширилиши натижасида юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими ташкил этилди. Республикада ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, шу жумладан, хирургия, кардиология, кўз микрохирургияси, урология, акушерлик ва гинекология, педиатрия, эндокринология, терапия ва тиббий реабилитация, дерматология ва венерология, фтизиатрия ва пульмонология (кейинги ўринларда – Республика марказлари) соҳасида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва юқори малакали врачлар билан тўлдирилган ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Кейинги беш йилда Республика марказларида 150 мингдан ортиқ операциялар, шу жумладан, 80 мингдан ортиқ юқори технологик оператив муолажалар бажарилди, даволашнинг мураккаб ва ноёб услублари амалиётга жорий этилди.

Шу билан бирга, ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш асосан Тошкент шаҳрида жамланган, бу республика минтақалари аҳолисининг тегишли хизматлардан фойдаланишини чеклаб қўймоқда. Замонавий диагностика ва махсус тиббиёт ускуналари билан етарлича жиҳозланмаганлик, замонавий ускуналарда ишлаш учун врачларнинг етарлича тайёрланмаганлиги туфайли юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг айрим турларидан республика аҳолиси фойдалана олмаяпти.

Марказлар томонидан илмий-тадқиқот ишлари етарлича олиб борилмаслиги, айниқса, юқумли касалликларнинг турли соҳасида, шу жумладан, ижтимоий хавфли, онкологик ҳамда кам тарқалган касалликлар соҳасида энг хавфли ва мураккаб касалликлар тарқалиши тенденцияси ва қонуниятини ўз вақтида аниқлаш имконини бермайди. Энг кўп тарқалган касалликлар профилактикаси ва уларни барвақт аниқлашнинг синовдан ўтказилган илғор халқаро амалиётини жорий этиш даражаси пастлигича қолмоқда.

Халқаро амалиёт билан таққослаганда, республикада неврология, травматология ва ортопедия, нейрохирургия хизматларининг, шу жумладан, болалар касалликлари соҳасидаги салоҳияти заиф ривожланган.

Ихтисослаштирилган тиббий хизматларнинг аниқ тариф сиёсати, шу жумладан, ижтимоий аҳамиятли касалликлар бўйича хизматлар кўрсатиш тарифи ишлаб чиқилмаган.

Ихтисослаштирилган марказлар врачлари малакасини ошириш тизими тубдан такомиллаштиришга муҳтож, етакчи хорижий ихтисослаштирилган клиникалар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, тажриба алмашиш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш зарур даражада амалга оширилмаяпти.

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизимини янада шакллантириш, профилактика ва касалликларни барвақт аниқлаш чораларини такомиллаштириш, аҳолига, шу жумладан, минтақаларда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг натижадорлиги, сифати ва ундан фойдаланишни тубдан ошириш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:

акциядорлик жамиятлари шаклидаги Республика марказларини давлат муассасаларига айлантириш 1-иловага мувофиқ;

айрим республика даволаш-профилактика муассасаларини республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари этиб қайта номлаш тўғрисидаги таклифи 2-иловага мувофиқ қабул қилинсин.

  1. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари 3-иловага мувофиқ рўйхат бўйича тиббий хизматлар кўрсатишнинг тегишли ихтисослашган йўналишлари бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотлари этиб белгилансин.
  1. Республика марказларига қуйидаги асосий вазифалар юклансин:

умуман республикада ва ҳар бир минтақада касалликлар тенденциясини ўз вақтида аниқлашни таъминлайдиган таҳлилий ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, соғлиқни сақлашнинг вилоят ва туман (шаҳар) ташкилотлари учун профилактик ва даволаш фаолиятининг схемаларини ишлаб чиқиш;

ўз ихтисослиги бўйича ягона методик, технологик, даволаш ва профилактика сиёсатини амалга ошириш, замонавий тиббиёт ускуналари ва технологияларга, дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, клиник протоколларни ишлаб чиқиш;

шу жумладан, тегишли тиббиёт ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ахборот ва тушунтириш материалларини нашр этиш орқали минтақаларда зарур профилактика ишлари олиб борилишига кўмаклашиш;

ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотларига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш, уларнинг амалиётига тиббий ёрдамнинг замонавий усуллари ва технологияларини жорий этиш;

сайёр консультациялар, маҳорат дарсларини, шунингдек, биринчи навбатда энг мураккаб ҳолатларда ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотларида операцияларни мунтазам равишда ўтказиб бориш;

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти билан биргаликда муассасаларнинг ўз тиббиёт ходимлари, ихтисослаштирилган ҳудудий тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт ходимлари малакасини тизимли ошириш, шунингдек, клиник ординатурада, базавий докторантурада ва докторантурада тор мутахассис кадрларни тайёрлаш;

етакчи халқаро тиббиёт марказлари, клиникалар ва юқори малакали хорижий мутахассислар билан, шу жумладан, консультациялар ва маҳорат дарслари ўтказиш учун уларни республикага таклиф этиш орқали кенг ҳамкорликни ташкил этиш, соғлиқни сақлашнинг маҳаллий мутахассислари чет элдаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва клиникаларида тажриба орттиришига кўмаклашиш.

Республика марказлари филиаллари, турдош ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари ва ҳудудий тиббиёт кўп тармоқли марказларининг ихтисослаштирилган бўлимлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари касалликларнинг профилактикасини ва уларни барвақт аниқлашни таъминлайдилар, шунингдек, тегишли ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатадилар.

  1. Қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш тизими барча даражаларда ислоҳ қилинсин:
Яна ўқинг:  Сурхондарёда 40 ўринга мўлжалланган урология маркази филиали очилади

республика даражасида – ихтисосли йўналишлар бўйича энг замонавий юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш;

вилоят даражасида – ихтисосли йўналишлар бўйича замонавий юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш;

туман (шаҳар) даражасида – янгидан ташкил этиладиган ихтисослаштирилган турдош бўлимлар негизида ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш;

бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкил этиш даражасида – махсус тасдиқланган жадвал бўйича туман (шаҳар) ва вилоят даражасидаги ташкилотларнинг тор ихтисосли мутахассислари томонидан консультациялар берилишини, шунингдек, даволаш ва консультатив-диагностика йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг айрим турларини кўрсатиш.

  1. Аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш схемаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  1. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин, ушбу Дастурда қуйидагилар назарда тутилсин:

аҳолининг сифатли ва самарали ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан фойдаланишини кенгайтиришга йўналтирилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

Республика марказларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш;

ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатувчи тиббиёт ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бир ой муддатда даволаш ва диагностиканинг юқори технологик усулларини жорий этиш ва маҳаллий мутахассисларни ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий технологияларига ўқитиш учун Республика марказларига таклиф этиладиган Етакчи хорижий марказлар ва клиникаларнинг юқори малакали мутахассисларининг икки томонлама келиб-кетишини, яшаши ва овқатланишига ҳақ тўлаш, меҳнатига тегишли ҳақ тўлаш харажатларини қоплаш тартиби ва манбалари тўғрисидаги низомни;

уч ой муддатда юқори технологик диагностика ва даволаш хизматлари кўрсатишнинг мураккаблигидан, тиғизлигидан, ҳажмидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига табақалаштирилган ёндашишни жорий этиш йўли билан ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини тасдиқласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ой муддатда:

Республика марказлари ва уларнинг филиалларини, шунингдек, турдош ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари ва ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларининг ихтисослаштирилган бўлимларини, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларини профилактика, диагностика ва беморларни даволашнинг ихтисослаштирилган турлари билан таъминлаш учун тиббиёт ускуналари, инструментлар билан жиҳозлаш стандартларини замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда моддий-техника базани доимий равишда янгилаш, дори воситалари ва зарур сарфлаш материаллари, тиббиёт ускуналарини эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш учун зарур бўлган Республика марказларининг рентабеллиги даражасини таъминлашни, шунингдек, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини ҳисобга олган ҳолда кўрсатилаётган тиббий хизматларга тарифларни шакллантиришнинг янгиланган умумий қоидалари ва методикасини тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикасининг чет элга даволаниш учун жўнаб кетаётган фуқароларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг амалий механизмларини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган буюртманомалари бўйича келгуси йилга республика, вилоят ва туман даражаларида имтиёзли тоифага тегишли ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш, шунингдек, сервис хизмати кўрсатиш, таъмирлаш, сарфлаш материаллари ва юқори технологик ускуналар реактивлари билан таъминлаш учун зарур ҳажмда бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин.
  1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

2018 йил 1 январгача Республика марказлари билан биргаликда тегишли ихтисослаштирилган тиббий ёрдамлардан фойдаланишга, шу жумладан, имтиёзли тоифаларни алоҳида ҳисобга олган ҳолда юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланишга муҳтож бўлган беморларнинг доимий янгиланадиган ягона электрон базасини ташкил этсин;

2019 йил 1 январгача барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан туриб ёзилиш имконини берувчи электрон дастур жорий этилишини таъминласин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда етакчи хорижий клиникалар ва марказлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича Республика марказларига доимий асосда кўмаклашсин.

  1. 2022 йил 1 январгача бўлган муддатда:

аҳолига пулли тиббий хизматлар кўрсатувчи соғлиқни сақлаш давлат тизимининг тиббиёт ташкилотлари (стоматология ва косметология хизматлари бундан мустасно) солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилсин, бўшайдиган маблағлар тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлашга ва унга сервис ва техник хизмат кўрсатишга, эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари, инвентарь ва бошқа тиббий буюмлар харид қилишга, янги бинолар ва иншоотларни қуришга, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга йўналтирилсин;

Яна ўқинг:  Арзон ва сифатли дори-дармон. Ислоҳотлар ўз самарасини беряптими?

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича соғлиқни сақлаш давлат тизимининг тиббиёт ташкилотлари хориждан олиб келинадиган тиббиёт ускунаси, бутловчи буюмлар, тиббиёт ускунасига эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материаллари учун божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинсин;

соғлиқни сақлаш давлат тизимининг тиббиёт ташкилотлари маҳаллий мутахассисларининг малакасини ошириш жараёнига жалб этиладиган хорижий олимлар, врачлар ва мутахассислар тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича таклифлар киритсин.
  1. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 20 июнь

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

«Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда

ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада

ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига

ШАРҲ

«Фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилишнинг асосий тамойиллари, айнан: соғлиқни муҳофаза қилиш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш; аҳоли барча қатламларининг тиббий ёрдамдан фойдаланиши; профилактика чораларининг устуворлиги; соғлиғини йўқотган тақдирда фуқароларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги; тиббиёт фани ва амалиётининг бирлиги белгиланган.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 5 январь ва 7 февралда соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувларда аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ташкил этишнинг ҳолатига танқидий баҳо берилди, бу эса тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Мамлакатимизда бугунги кунда юқори малакали ва юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатишнинг яхлит тизими шакллантирилган. Ушбу хизматлар аниқ ташхис қўйиш ва даволашнинг самарали усулларини, шу жумладан, юқори технологик диагностик ва тезкор аралашиш усулларини қўллаш имконини берадиган замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган республика ва ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилади.

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чоралар туфайли фақат охирги 5 йилда ихтисослаштирилган марказларда 150 мингдан ортиқ тезкор аралашувлар, шу жумладан, 80 мингдан ортиқ юқори технологик операциялар амалга оширилди, даволашнинг 80 дан ортиқ янги мураккаб ва ноёб усуллари амалиётга жорий этилди.

Шу билан бирга, мазкур соҳада аниқ ва тезкор чора-тадбирлар кўришни талаб этадиган қатор тизимли масалалар мавжуд.

Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимининг вилоят ва туман даражаларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантиришда сезиларли даражада қолоқлик кузатилмоқда. Минтақаларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга ташкилий-методик раҳбарликнинг самарали вертикалини шакллантиришда республика ихтисослаштирилган муассасаларининг роли пастлигича қолмоқда. Диагностика ва даволашнинг республика муассасаларида синовдан ўтган илғор юқори технологик усуллар вилоят ва туман даражасидаги тиббиёт муассасалари фаолиятига суст жорий этилмоқда. Тиббиётнинг ихтисослаштирилган йўналишлари бўйича қўлга киритилган маҳаллий ва хорижий илмий ютуқларни вилоят ва туман тиббиёт муассасалари амалиётига жорий этиш даражаси паст.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида республиканинг ихтисослаштирилган тиббий ёрдамини янада ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш, унинг географиясини туман (шаҳар) даражасигача кенгайтириш, ҳудудий ихтисослашган тиббиёт ташкилотларига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш учун республика ихтисослаштирилган марказларининг масъулиятини ошириш, уларнинг амалиётига тиббий ёрдамнинг замонавий усуллари ва технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Қарор билан барча даражаларда ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада ислоҳ қилиш, республика миқёсида ихтисослашган йўналишлар бўйича энг замонавий юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш, вилоят даражасида ихтисослашган йўналишлар бўйича замонавий юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш, туман (шаҳар) даражасида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янгидан ташкил этиладиган ихтисослаштирилган бўлимлар негизида кўрсатиш назарда тутилган. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами ташкилотларига эса махсус тасдиқланган жадвал бўйича туман (шаҳар) ва вилоят даражасидаги ташкилотларнинг тор ихтисослашган мутахассислари томонидан маслаҳатлар берилиши, шунингдек, даволаш ва маслаҳат-диагностика йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг айрим турларини кўрсатиши назарда тутилган.

Яна ўқинг:  Ашхобод-2017: 7 та олтин медаль ва умумжамоа ўртасида учинчи поғонадамиз

Қарорда, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида республика бўйича ва ҳар бир минтақада касалликлар тенденцияларини ўз вақтида аниқлашни таъминлайдиган замонавий таҳлилий ва илмий-тадқиқот ишларини кенг қўллаш назарда тутилган.

Етакчи республика ихтисослаштирилган даволаш-профилактика ташкилотлари республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига айлантирилиб, уларнинг асосий вазифалари белгиланди.

Ўз ихтисослиги бўйича ягона методик, технологик, даволаш ва профилактика сиёсатини амалга ошириш, замонавий тиббиёт ускуналари ва технологияларига, дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, клиник протоколларни, шу жумладан, тегишли тиббиёт ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ахборот ва таҳлилий материалларини нашр этиш, сайёр маслаҳат беришларни, маҳорат дарсларини, шунингдек, биринчи навбатда энг мураккаб ҳолатларда ҳудудий ихтисослашган тиббиёт ташкилотларида операцияларни мунтазам равишда ўтказиш орқали минтақаларда зарур профилактика ишлари олиб борилишига кўмаклашиш марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланган. Бундан ташқари, марказлар Тошкент врачлар малакасини ошириш институти тиббиёт ходимларининг, ихтисослашган ҳудудий тиббиёт ташкилотлари ходимларининг малакасини тизимли равишда оширади, шунингдек, клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада тор мутахассисликлар бўйича кадрларни тайёрлайди, етакчи халқаро тиббиёт марказлари, клиникалар ва юқори малакали хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик қилади, шу жумладан, маслаҳатлашувлар ва маҳорат дарслари ўтказиш учун уларни республикага таклиф этади, соғлиқни сақлаш тизими маҳаллий мутахассисларининг чет элда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва клиникаларида тажриба орттиришини таъминлайди.

Қарор билан аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш схемаси ва аҳолининг сифатли ва самарали ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан фойдаланишини кенгайтиришга, Республика марказларини молиялаштириш тизимини такомиллаштиришга, ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатувчи тиббиёт ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, тиббиёт кадрлари тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини оширишга, профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этишга йўналтирилган ҳуқуқий базани такомиллаштиришга йўналтирилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланади.

Қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 январгача имтиёзли тоифа алоҳида ҳисобга олинган ҳолда тегишли ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан, шу жумладан, юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланишга муҳтож бўлган беморларнинг доимий янгиланадиган ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилади. 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан ёзилиш имконини берадиган электрон дастур жорий этилади.

2022 йил 1 январгача аҳолига пулли тиббий хизматлар кўрсатувчи (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) соғлиқни сақлаш тизими давлат тиббиёт ташкилотларини солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан, шунингдек, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича четдан олиб келинадиган янги тиббиёт ускунаси, бутловчи буюмлар, тиббиёт ускунасига эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материаллари учун божхона тўловлари тўлашдан озод этиш назарда тутилган. Бўшаган маблағлар тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббий, муҳандислик-техника ускунаси билан жиҳозлашга ҳамда унга сервис ва техник хизмат кўрсатишга, эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари, инвентарь ва бошқа тиббий буюмларни харид қилишга, янги бинолар ва иншоотлар қуришга, мавжудларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга йўналтирилади.

Қарорда даволаниш учун чет элга жўнаб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш, маҳаллий мутахассисларнинг амалий ва назарий кўникмаларини ошириш мақсадида хорижий етакчи олимлар, врачлар ва мутахассисларни шартнома асосида республикага жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Дастур доирасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада ривожлантириш мақсадида 373,5 миллиард сўм ва 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, шундан 60 миллиард сўм маблағ Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга ва 97 миллион АҚШ доллари республика ва ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларини жиҳозлашга йўналтирилади.

Қарор ва Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирлар республикада, айниқса, вилоят ва туманлар даражасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан оширишга, аҳолининг кенг қатламларини юқори технологик тиббий ёрдамдан баҳраманд қилишга, юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам соҳасидаги илм-фан ютуқлари ва илғор хорижий тажрибани амалиётга фаол жорий этишга хизмат қилади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: