Нотўғри овқатланиш – руҳий сиқилиш сабабчиларидан бири
Янги ўтказилган тадқиқот нотўғри овқатланиш оғир руҳий ҳолатни юзага келтириши, тўғри овқатланиш эса руҳий касалликлардан сақланишда ёрдам бериши мумкинлигини кўрсатди.
Science World Report журналида айтилишича, тадқиқотда ўртача ва оғир руҳий сиқилиш ҳолатидаги 67 киши иштирок этди. Улар икки гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳ нотўғри тартибда овқатланди, лекин ижтимоий ёрдам олиб турди. Иккинчи гуруҳ эса фойдали моддаларга бой бўлган мева ва сабзавотлар, ёғсиз гўшт билан парҳез қилди. Текширувлардан сўнг иккинчи гуруҳ иштирокчиларида руҳий сиқилиш даражаси 30 фоизга, биринчи гуруҳ қатнашчиларида эса бор йўғи 8 фоизга камайгани аниқланди.
Мутахассислар юқорида кўрсатилган парҳезга амал қилишни тавсия этади. Колумбия университети доктори Дрю Ремсининг сўзларига кўра, тезпишар сунъий овқатларни кўп истеъмол қиладиган одамларда руҳий сиқилишнинг юзага келиш хавфи 60-80 фоизга ортади. Парҳез қилиш ушбу психик касаллик хавфини 60-80 фоизга камайтиради.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.