Кечиккан томошабинлар: маданият масканидаги маданиятсизлик хусусида

Қўғирчоқ театри. Ҳар гал шу ном тилга олинганда мўъжизавий маскан, унинг томошабини бўлмиш жажжи болажонлар кўз олдимизда гавдаланади.

Бу қутлуғ даргоҳга ташриф буюрган ҳар бир инсон ёшидан қатъий назар спектакль воқеаларига ҳайрат кўзи билан боқади. Воқеалардан ўзи учун сабоқ, саволларига эса жавоб излайди.

Пойтахтимиздаги Республика қўғирчоқ театрига болалигимдан тез-тез бориб тураман. Яқинда ушбу театрда фаолият юритадиган таниш актёрнинг таклифи билан бу масканга яна бир бор “меҳмон” бўлдим. Ўша куни барча болажонлар учун севимли бўлган “Этик кийган мушук” спектакли премьераси бўлаётган экан. Ота-оналар етаклаб келаётган жажжи томошабинлар бир зумда томоша залини тўлдирди.

Болалар театрида менга энг манзур бўладиган ҳолатлардан бири томоша аввалида кичкинтойлар сабрсизлик билан спектакль бошланишини кутиб, қарсак чалишларидир. Жажжи томошабинларнинг хурсандчилиги менга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Уларни кузата туриб, беихтиёр беғубор оламга тушиб қолгандай бўламан.

Ниҳоят томоша бошланди. Қаҳрамонлар бирин-кетин парда ортидан саҳнага чиқиб кела бошлади. Театр зали сув қуйгандек жим-жит… Шу пайт бир гуруҳ кечикувчилар томоша залига шовқин солган ҳолда бамайлихотир кириб кела бошлашди. Жажжи томошабинларнинг диққати бошқа томонга, яъни кечикиб келган тенгдошлари ва уларнинг ота-оналарига қаратилди.

Спектаклни орқа қаторда томоша қиларканман, кечикувчиларнинг навбатдаги гуруҳи турнақатор бўлиб, залга кириб кела бошлади. Назоратчи опа улардан спектаклни орқароқда томоша қилишни, жажжи томошабинларга халал бермасликни сўради. Бу эса томошага кечикиб келган оналардан бирига ёқмади. У зал кузатувчисига баланд овозда ўз эътирозини билдира бошлади:

– Мен чиптани биринчи қаторга олганман. Шундай экан спектаклни фарзандим билан ўзимизнинг жойда томоша қиламиз, – дея ҳаммани эътиборини ўзига тортиб олдинга интилди. Улар бориб жойларига ўрнашгунча болажонлар диққати яна бўлинди…

– Томошабиннинг томошага кечикиб келиши, шубҳасиз, биз актёрларнинг саҳнадаги фаолиятимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Спектаклнинг мазмунли чиқишида эса диққатни жамлаш, образга тўлақонли киришиш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Республика қўғирчоқ театри актёри Охунжон Ибодов.

Шундай пайт ўйлаб қоласан киши. Қўғирчоқ театри 45 дақиқа, нари борса 1 соат давом этувчи томошани ўз ичига олади. Хўш, бола спектаклнинг ярмидан томошага келса, у нимани томоша қилади? Спектаклдан қандай сабоқ олади? Оммавий ахборот воситаларида бот-бот тилга олинаётган томошабин маданияти шаклланишининг илк босқичи ҳам айнан болаликдан бошланмайдими?

Фикримча, биз қачонки фарзандларимизга ўрнак бўла олсак, улар ортимиздан эргашади. Агар юқоридаги ҳолатларга йўл қўядиган бўлсакчи? Улар биз билан қаёққа эргашади?

Театр остонасини ҳатлаб, ташқарига чиқарканман ота-оналар, бобо-бувилар билан ҳамроҳликда келган шириндан-шакар болажонларга дуч келаман. Қизиқиш устун келиб, уларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ соламан.

Яна ўқинг:  Кўзларида меҳри бор опам...

Болажонлар суҳбат асносида спектакль ва унда содир бўлган воқеалар, томошадан олган таассуроти, буни боғчадаги ўртоқларига айтиб беришини тўлиб-тошиб сўзлаб беради.

Ўйлаб қоласан киши, томоша залига кеч келган болакай ҳам кўрган спектаклининг мазмунини тушуниб етдимикан?!

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Маҳкам АБДУЛЛАЕВ чизган расм

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: