«Баркамол авлод – 2017»: спорт мусобақалари қизғин паллада
Жиззахда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинлари финал босқичи бошланди. Унда иштирокчилар спортнинг ўн етти тури бўйича медаллар учун кураш олиб бормоқда.
Жиззах политехника институтида ва шу институт қошидаги академик лицейида «Баркамол авлод – 2017» спорт мусобақаларининг футбол, волейбол ва шахмат турлари бўйча жамоалар ўзаро куч синашдилар.
Футбол бўйича Тошкент шаҳри ҳамда Фарғона вилояти жамоалари ўртасида муросасиз ўтган ўйинда 0:2 ҳисобида водийлик ёш футболчилар ғалаба қозонишди. Шундан сўнг Хоразм ва Қашқадарё вилояти вакиллари яшил майдонга тушишди. Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган ўйинда қашқадарёликлар 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз мухлисларининг олқишига сазовор бўлишди.
Волейбол бўйича қизлар ўртасида кечган баҳсларда Хоразм-Андижон ҳамда Фарғона-Наманган жамоалари ўзаро куч синашдилар. Андижонликлар хоразмликлар устидан 3:0 ҳисобида устунликка эришган бўлса, наманганлик спортчилар ҳам фарғоналикларни 3:0 ҳисобида мағлуб этишди.
Ўсмирлар ўртасида ўтган беллашувда эса қашқадарёлик спортчилар фарғоналикларни 1:3 ҳисобида мағлуб этишди. Навоий ҳамда Андижон вилоятлари жамоалари ўртасида кечган баҳсларда навоийлик ёшлар ғалаба қозонишди.
Шахмат бўйича Жиззах политехника институти қошидаги 1-Академик лицейида Швейцария системасида шахмат бўйича 1- ва 2-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Мусобақада ўсмирлар ҳамда қизлар ўртасида жиззахлик вакилларимиз Э.Туйчиев ҳамда М.Ҳакимовалар иккинчи турда мағлубиятга учрадилар.
Тошкент вилоятидан оғир атлетика бўйича 66 кг вазн тоифасида 281 кг тошни кўтарган олимпиада рекордчиси Руслан Нуритдиновнинг шогирди Аҳмаджон Эргашев чемпион бўлди. Ушбу вазн тоифасида 2-ўрин ва 3- ўринлар Андижон вилоятидан қатнашган Ҳасанбой Тоҳиров 276 кг ва Муҳаммаджон Деҳқонбоев 266 кг тошларни кўтаришди. Аҳмаджоннинг сўзларига қараганда, у бугунги кунда Олимпиада-2016 чемпиони Руслан Нуритдинов билан машғулотлар ўтказган ҳамда бугунги мусобақада бош совринни қўлга киритишда Русланнинг ҳам меҳнатлари борлигини алоҳида эътироф этди.
Н.НОРБОБОЕВ
тайёрлади