Тадбиркорнинг сердаромад туяқушлари

Юртимизда тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар аҳолини қўшимча даромад олиши учун бир мунча қулайликлар яратмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар замирида ҳам эл фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.

Ана шундай шарт-шароитлардан илҳом олган Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Гувалак қишлоғида яшовчи Самандар Султонов ҳам тадбиркорликни бошидан тутди. Кўп йиллардан бери режалаштириб юрган эзгу ниятини амалга ошириб, қишлоғида паррандачилик соҳасига ихтисослашган “DO‘ST” хусусий фирмасини ташкил қилди. Тадбиркор ишни дастлаб 18 та Африка туяқушини парваришлашдан бошлади.

– Ўзбекистон шароитида туяқуш боқиб, ундан даромад қилиш бироз таваккал иш, – дейди Самандар Султонов. – Мен ҳам аввалида роса ўйландим. Лекин тадбиркорда аниқ ва пухта режа бўлса, бошлаган иши унга муваффақият келтиришини ўзимнинг мисолимда амин бўлдим.

Тадбиркорнинг айтишига қараганда туяқуш табиатга тез мослашувчан, совуққа чидамли бўлади. У 80 йил умр кўради, уч ёшидан тухумга киради, беш ёшидан бошлаб жўжа очади. Бу жонивор алоҳида парваришни талаб этади. Битта туяқуш бир кунда 2,5 килограмм овқат ейди. Унга асосан 12 хил аралашмадан иборат ем берилади. Бундан ташқари қушлар 0,5 кг. беда истеъмол қилади. Ушбу озуқа туяқушларнинг энг севимли емиши саналади.

Бу қуш 4 йилда репродуктив ёшга етади ва паррандачиликда бундай туяқушлар “Бридер” деб юритилади. Уларнинг ўртача тухум қўйиш ёши 10-15 йил, зотдор туяқушлар 40 йилгача тухум қўяди. Битта туяқуш 10-12 йил давомида қўйган тухумдан чиққан жўжа гўшти ўртача 72 тоннага етиши мумкин. Катта ёшдаги қушнинг бўйи 2,7 метр, вазни 150 килограммдан ортиқ бўлади. Бир туяқуш оиласи 1 мавсум – 10 ой давомида 80-100 тагача жўжа очиши мумкин. Таъкидлаш жоизки, 1 бош туяқушдан 40-45 фоизгача гўшт олинади. Бу йирик ва майда шохли моллар, ҳатто бошқа паррандалар гўштидан ҳам кўпдир. Унинг гўшти дунё озиқ-овқат бозорида мазали ва холестерини кам, парҳезбоп маҳсулот сифатида қадрланади. Туяқушнинг гўштида марганец, фосфор, калий моддалари мавжуд.

Тухумининг вазни 1200 грамдан 2200 грамгача бўлиши мумкин. У 55 килограмм оғирликка бардош бера оладиган даражада мустаҳкам. Умумий энергетик қуввати товуқнинг тухумига қараганда 1,35 маротаба камроқдир. Аммо кам калорияли тухум юқори органолептик кўрсаткичларга эга бўлади. Унинг таркибида 19,5 мкг /г витамин, А 36,6 мкг/г каротиноид, 116,5 мкг/г витамин Е мавжуд. Шунингдек, унинг таркибида кам кўрсаткичли холестерин борлиги билан аҳамиятлидир. Бу тухумларни 3 ойгача сақлаш мумкин.

Яна ўқинг:  Нотариуслар нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этишга ҳақлими?

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, туяқуш терисидан аёллар сумкаси, тирноғидан бриллиант ва олмосларни тозаловчи кукун, патидан эса пар ёстиқлар, шунингдек, юмшоқ мебелларни қоплашда қимматбаҳо хомашё сифатида фойдаланилади. Замонавий тиббиётда унинг пай томирини инсон аъзосига трансплантация қилишда кенг қўлланилмоқда. Косонлик тадбиркор ҳам туяқушларни парваришлашга киришишдан аввал жониворларнинг ана шу жиҳатларини эътиборга олган бўлиши аниқ.

Самандар аканинг туяқушлари анча қўлга ўрганиб қолган. Жониворларни ўз вақтида парваришлаш учун фермада 2 нафар ишчи меҳнат қилади. Айни дамда тадбиркор хусусий фирмаси учун ажратилган 8 гектарли ерга қўшимча куркачилик, товуқчилик, ўрдакчилик комплекс хўжалигини ташкил этиб, ишчи ўринлар сонини ошириш ниятида.

– Насиб қилса, икки йилдан сўнг икки юз миллионга яқин даромад кўриш ниятимиз бор, – дейди Самандар ака. – Энг муҳими, интилиш ва меҳнатдан қочмаслик лозим. Ана шунда даромад ҳам кутилгандек бўлади.

 

Маърифат ТОЛИПОВА,

Гулчеҳра ШОМАЛИКОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: