Фарғона: ҳудудий саноат ярмаркада 1000 дан ортиқ турдаги маҳсулот намойиш этилди

Фарғонада бўлиб ўтган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 320 йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхонаси 1000 дан ортиқ турдаги маҳсулотларини намойиш этди.

Президентимиз раҳнамолигида хусусий секторнинг эркин ва самарали фаолият юритиши учун яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити юксак самаралар бермоқда. Жумладан, ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, маҳаллий хомашёдан тайёрланган харидоргир, импорт ўрнини босувчи сифатли маҳсулотлар тури кўпаймоқда.

Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 337 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 165,7 миллиард сўмлик 408 лойиҳа амалга оширилди. Фармацевтика, электротехника, машинасозлик соҳаларида амалга оширилган лойиҳалар 20 дан ортиқ турдаги янги маҳсулотларни ўзлаштириш имконини берди.

Ушбу анъанавий ярмарка рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, йирик корхоналар ва кичик бизнес субъектлари ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Риштон туманидаги “Рошидон мега инвест” оилавий корхонаси, Фарғона шаҳридаги “Сайқал” ишлаб чиқариш фирмаси, Қувасой шаҳридаги “Кварц агро”, Данғара туманидаги “Real cabellari” масъулияти чекланган жамияти, Олтиариқ туманидаги “Бунёд” хусусий корхонаси маҳсулотлари барчада катта қизиқиш уйғотди.

– Ўтган йили ташкил этилган корхонамиз маҳсулотлари қисқа вақтда ўз харидорини топди, – дейди Фарғона шаҳридаги “Нозли шод санам” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳамроз Абдураззоқова. – Айни пайтда замонавий технологиялар асосида болалар кийимлари, махсус ишчи формалари ҳам ишлаб чиқармоқдамиз.

Ярмаркада турли ташкилотлар, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар маҳсулот харид қилиш бўйича шартномалар имзолади.

 

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА

Яна ўқинг:  Нуронийлар эъзозда

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: