«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Мамлакатимизнинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, сув-энергетика ресурсларини бошқаришнинг ягона тизимини шакллантириш, электр энергия ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланадиган гидроэнергетика ресурслари улушини изчил ошириш, янги экологик тоза энергия ҳосил қилувчи қувватларни ташкил этиш, мавжуд гидроэлектростанцияларни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, гидроэнергетикани ривожлантиришга хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва шу асосда корхоналар ва аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондиришни таъминлаш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятининг:

«Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятининг гидроэлектростанциялари, гидротехник ва бошқа гидроэнергетика билан боғлиқ бўлинмалари;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг «Ўзсувэнерго» бирлашмаси негизида «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

  1. Белгилансинки, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига киради.
  2. Қуйидагилар «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

гидроэлектростанцияларда электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида ягона техник сиёсатни амалга ошириш, гидротехник иншоотлардан хавфсиз ва самарали фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, гидроэнергетика объектларини марказлаштирилган технологик бошқариш;

гидроэнергетика салоҳиятини комплекс ўзлаштириш асосида гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда республикамизнинг энергетика баланси таркибида гидроэнергетиканинг улушини кўпайтиришни таъминлаш;

йирик, ўрта, кичик ва микро гидроэлектростанцияларни лойиҳалаштириш ва қуриш соҳасида замонавий ва ҳар томонлама чуқур асосланган илмий-техник ечимлар асосида янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизациялаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;

янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этиш бўйича халқаро компаниялар ва молия институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш;

республикамизнинг сув салоҳиятига тежамкорлик билан муносабатда бўлишни таъминлаш, гидротехника иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланишда мавжуд флора ва фаунани сақлаш, шунингдек, мамлакатимизнинг иқлим, табиий ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини самарали бошқариш;

гидроэнергетика соҳасида олий ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган кадрларни тизимли асосда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.

  1. Белгилансинки:
Яна ўқинг:  Хивада халқаро конференция иш бошлади

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятининг гидроэлектростанциялари, гидротехник ва бошқа гидроэнергетика билан боғлиқ бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг «Ўзсувэнерго» бирлашмаси, шу жумладан, халқаро молия институтлари, ташкилотлар ва донор мамлакатлар билан тузилган амалдаги битимлар доирасида ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

 

ташкил этилаётган «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг дастлабки устав капитали гидроэнергетика энергия ҳосил қилувчи корхоналарининг давлат улуши номинал қиймат бўйича берилиши, шунингдек, «Гидролойиҳа» АЖ, «Гидромахсусқурилиш» АЖ, «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖ ва «Сувсаноатмаш» АЖнинг устав капиталидаги акцияларнинг давлат пакетлари ҳисобига шакллантирилади.

  1. «Ўзбекгидроэнерго» АЖга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги ПҚ-2947-сонли қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича ижро этувчи ва масъул орган вазифаси юклансин.

Белгилаб қўйилсинки:

«Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг гидроэлектростанцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотишдан тушган маблағлар, фаолият юритаётган гидроэлектростанцияларни сақлаб туриш харажатларини чегириб ташлаган ҳолда, қайта инвестициялаш йўли билан Дастурда назарда тутилган янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилишга йўналтирилади ҳамда юридик шахсларнинг фойда солиғи солиқ базасидан чиқарилади;

«Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг гидроэлектростанцияларида ишлаб чиқарилган электр энергия учун ҳақ тўлаш қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда истеъмолчилар учун пировард тарифнинг 85 фоизи миқдорида шакллантириладиган тарифлар бўйича амалга оширилади.

  1. Белгилансинки, энергетика тизими барқарор ва ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида «Ўзбекэнерго» АЖ:

Миллий диспетчерлик маркази орқали «Ўзбекгидроэнерго» АЖ корхоналарининг тезкор-диспетчер бошқарув масалалари умумий мувофиқлаштирилишини;

«Ўзбекэнерго» АЖ корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиянинг 100 фоиз харид қилинишини амалга оширади.

  1. «Ўзбекгидроэнерго» АЖни ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни мувофиқлаштириш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича иловага мувофиқ таркибда Ишчи комиссия ташкил этилсин.

Ишчи комиссия (Ғ.И.Ибрагимов) чуқур ва таҳлилий танқид асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини тасдиқлаш учун бир ҳафта муддатда белгиланган тартибда киритсин, унда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва унинг таркибига кирадиган корхоналарнинг фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирларини назарда тутсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  2. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

 Президенти                           Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

 2017 йил 18 май

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: