Ўзбекистон – Хитой: стратегик шериклик ва дўстлик муносабатларини янада ривожлантириш йўлида

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 11 май куни давлат ташрифи билан Хитойга келди.

Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлик муносабатлари кенг кўлам касб этиб, стратегик шериклик алоқалари юксак даражага кўтарилмоқда. Мамлакатларимизнинг миллий манфаатлари, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, жаҳондаги нуфузи юксалишига хизмат қиладиган бу алоқалар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов бошлаб берган ўзаро дўстлик, мустаҳкам ишончга асосланган ҳамкорлик негизида тараққий этмоқда.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини 2005 йилда имзоланган Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, 2010 йилдаги Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш ва ривожлантириш тўғрисидаги қўшма декларация, 2012 йилдаги Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация, 2013 йилдаги Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги Қўшма декларация, 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури ҳамда 2016 йилда имзоланган Қўшма баёнот ташкил қилади.

Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши улкан тарихий аҳамиятга эга бўлиб, ниҳоятда кенг кўламлидир. Улар узоқ муддатли истиқболда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Ўзбекистон ва Хитой давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Президентимизни Хитойга биринчи давлат ташрифи билан самимий қутлади.

Сиз билан Пекинда учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Бу йил давлатларимиз ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлгани ҳамкорлигимизнинг бундан кейин ҳам жадал ривожланишига замин яратади. 2016 йилда Бухорода бўлганимда менга ҳамроҳлик қилганингиз учун самимий миннатдорлик билдираман. Бугун барча соҳаларда ҳамкорлигимиз изчил ривожланаётгани бизни қувонтиради, деди Си Цзиньпин.

ХХР Раиси Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари янги даврга, сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўяётганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев таклиф учун Си Цзиньпинга миннатдорлик билдирди ва бугунги музокаралар мунтазамлик касб этган олий даражадаги учрашувларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.

Яна ўқинг:  АЖОЙИБ КУРТКА

Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва маданиятига юксак ҳурмат кўрсатиб, 2016 йил Бухорога борганингиз, аждодларимиз қолдирган бой маданий меросга катта қизиқиш билдирганингиздан хурсандмиз. Ўзбекистон Хитойни қадимий тарих ва ноёб маданият, улкан салоҳиятга эга, жаҳон иқтисодиётининг етакчиларидан бўлган ва ўз мақсадлари йўлида қатъий бораётган мамлакат сифатида билади, деди Шавкат Мирзиёев.

Музокараларда ўзаро ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Хитой Ўзбекистоннинг ҳаёт синовидан ўтган ишончли ҳамкоридир. Халқларимиз ўртасидаги муносабатлар Буюк ипак йўли тарихи билан чамбарчас боғланган бўлиб, миллий қадрият ва анъаналаримиз жаҳон маданиятини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган, савдо алоқаларимиз дунё аҳлига ўз даврининг ноёб буюмларини тақдим этган. Бугун инсониятнинг кундалик эҳтиёжларига айланган чой, пахта, ипак, қоғоз каби маҳсулотлар уларнинг бир қисми, холос.

Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 7,8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритган.

2016 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси ҳажми 4,2 миллиард долларни ташкил қилди. Хитой бозорида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа товарларга талаб катта.

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш бўйича дастурларни амалга ошириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноатнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришда фаол иштирок этмоқда.

ХХРнинг етакчи саноат компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқаларни, биринчи навбатда, юқори технологияга асосланган тармоқларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нефть-газ ва телекоммуникация тармоқларида, транспорт, тўқимачилик, кимё саноати ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хитой бизнес субъектлари Ўзбекистондаги кўплаб янги саноат корхоналари, жумладан, Деҳқонобод калийли ўғитлар, Қўнғирот сода заводлари қурилишида иштирок этди. ХХР тадбиркорлари кўмагида мамлакатимизда электр техникаси маҳсулотлари, мобиль телефонлар, қурилиш техникаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “Huawei” компанияси томонидан Тошкент шаҳри ва Ўзбекистон минтақаларининг телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича 20 лойиҳа амалга оширилди. ZTE корпорацияси билан ҳамкорликда чиқарилаётган модем, смартфон ҳамда бошқа ускуналарга ички ва хориж бозорларида талаб юқори.

Яна ўқинг:  ЭКОЛОГИЯ ВА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ

Марказий Осиё – Хитой газ қувурининг барча тўрт тармоғи Ўзбекистон ҳудудидан ўтган. ХХР Миллий нефть-газ корпорацияси мамлакатимизда истиқболли углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол қатнашмоқда. Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Музокараларда иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма баёнотни имзоладилар. Ҳукуматлараро техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги, халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги битимлар, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга доир лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисидаги ҳукуматлараро ноталар алмашинуви ҳамда ветеринария ва ўсимликлар инспекцияси карантини соҳасида Англашув меморандуми, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш бўйича Англашув меморандуми, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган идоралараро алмашинув ҳамкорлик режаси каби қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Имзоланган ҳужжатлар, эришилган келишувлар Ўзбекистон – Хитой муносабатларини янада ривожлантириш ва халқларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.

 

Абу Бакир ЎРОЗОВ,

ЎзА махсус мухбири

Пекин шаҳри.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: