Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишлар яхшиланади

Президент Шавкат Мирзиёев “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарор шарҳида таъкидланишича, юртимизда қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетишни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш соҳасида хусусий тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш борасида ҳали ҳал этилмаган қатор муаммолар мавжуд.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш ишларини ташкил этиш масаласи, аввало, бундай чиқиндиларни тўплаш, утилизация қилиш ҳамда қайта ишлаш бўйича аниқ ва амалий тизимни йўлга қўйишни талаб этади. Ҳозирги вақтда чиқиндилар тўпланадиган мавжуд полигонлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрларига тўлиқ жавоб бермайди. Аксарият жойларда чиқиндилар тартибсиз равишда тўпланадиган пунктлар ҳамон сақланиб қолмоқда ва улар туташ ҳудудларнинг санитария-эпидемиология ҳолатини ёмонлаштириб, юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалишига шароит яратмоқда.

Бу борадаги энг муҳим вазифа ва муаммолар инобатга олинган ҳолда қабул қилинган Президент қарори мамлакатимиз туман ва шаҳарларининг санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилаш, 2017-2021 йилларда чиқинди билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантиришни янада кучайтиришга қаратилган.

Жумладан, мазкур қарор билан қуйидаги дастур ва лойиҳалар тасдиқланмоқда:

2017-2021 йилларда чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш тадбирлари;

2017 йилда мамлакатимиз шаҳарларидаги санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар ва туман ободонлаштириш бошқармаларига 237 та махсус техника харид қилиш, 94 та гараж қуриш, қаттиқ маиший чиқиндилар учун 168 та элак қурилмалари ўрнатиш режа кўрсаткичлари;

Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Наманган шаҳарларида йирик лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган, 2017-2021 йилларда халқаро молия ташкилотларининг 161 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағларини жалб этган ҳолда шаҳарларда чиқиндиларни тўплаш, ташиб кетиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари рўйхати;

114 минг погон метр тўсиқ, 152 та санитария узели, 158 та маиший хона, 163 та автомобилларни ювиш жойи, 269 километр электр таъминоти тармоқлари, 166 та техник сув таъминоти қудуғи ҳамда 240 километр асфальтланган кириш йўлларини қуриш орқали қаттиқ маиший чиқиндилар тўпланадиган 168 та полигонни ободонлаштириш манзилли дастури;

2017-2018 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлайдиган технологияларни жорий этиш прогноз кўрсаткичлари, жумладан, келгуси икки йилда Нукус шаҳри ва барча вилоятлар марказларида чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини қуриш кўзда тутилиб, мазкур лойиҳаларга 27 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилади.

Яна ўқинг:  Кўнгил қадр топганда...

Ана шу комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали аҳолининг кенг қатламлари учун янада қулай ижтимоий шароитлар яратилади.

Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш ва мазкур дастурлар амалга оширилишини назорат қилиш, муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш мақсадида Республика комиссияси ташкил этилди.

2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурни молиялаштириш учун 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Мазкур қарорнинг амалга оширилиши туфайли қуйидаги муҳим натижаларга эришилади:

Биринчидан, аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш ва полигонларда утилизация қилиш хизматлари кўрсатиш бўйича яхлит тизим ташкил этиш ишлари ниҳоясига етказилади.

Иккинчидан, санитария жиҳатидан тозалаш ишларига ихтисослаштирилган ташкилотлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари филиаллари махсус техникалар (чиқинди ташиш ва ассенизация машиналари) ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар учун электромеханик элак қурилмалар билан тўлиқ таъминланади.

Учинчидан, қаттиқ маиший чиқиндиларни органик ўғитларга айлантириш учун бирламчи қайта ишлашни ташкил этиш, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этишга эришилади.

Тўртинчидан, аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 2021 йилгача мамлакатимиз бўйича 63 фоиздан 93 фоизга ўсади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: