Хонадон — бахт кошонаси
– дейди қурувчи-муҳандис Усмон ака Тешахўжаев.
Чизмачилик фани ўқитувчиси Билол ака ўқувчисининг иштиёқ билан чизган расмларини тенгдошларига кўрсатар, ўз навбатида иши бошқаларга ўрнак бўлаётганидан қалби қувончга тўлган ўспириннинг ғайрати янада жўшарди. Мактабдаги дарслари тугаб уйига қайтаётганида қишлоқ кўчаларидаги уйларга разм солар, уларнинг пишиқ ғиштдан ёки пахсадан девор урилиб бир текисда сувоқдан чиқарилганини кўриб ўзича баҳо берарди. Усмон ака ўрта мактабни тугатиб Тошкент давлат политехника университет (институт)и қурилиш факультетининг кечки бўлимига ўқишга киради. Ўқиш билан биргаликда дурадгорлик ҳам қилади. Бора-бора касбини мукаммал ўзлаштирган қўли гул устанинг таърифини эшитганлар унга буюртма беришга ошиқардилар.
Институтни муваффақиятли тугатган Усмон Тешахўжаев Тошкент шаҳар Олмазор кўчасида жойлашган 5-таъмирлаш қурилиш корхонасида муҳандис-инженер, 1987 йилдан бошлаб пойтахтдаги “Ўзбекмебель”га қарашли қурилиш-таъмирлаш корхонасида ишлаб чиқариш устаси вазифаларида ишлаган. Айни вақтда Тошкент шаҳри Учтепа туманига қарашли “Таъмирлаш-қурилиш” масъулияти чекланган жамиятида иш юритувчи лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Пойтахтимиз азим Тошкентнинг кўркига кўрк қўшиб турган бир қатор иморатлар безагига Усмон аканинг ҳам қўли теккан. Доимо янгиликка ўчлиги, изланувчанлиги боис кўпчилик назарига тушган қаҳрамонимиз ҳамон кўркам ва бежирим уйлар қуриб халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида хизмат қилмоқда.
– Ўз касбимни қадрлайман. Одамларга ёрдамим тегаётганидан фахрланаман. Уй қуриш – кичик бир Ватан бунёд этиш демакдир. Бино пойдевори қанчалик мустаҳкам бўлса, унинг девори бақувват бўлади. Девори бақувват бинонинг синчлари тўғри қўйилиб, томи ёғин-сочинга бардош бераолсагина ишингдан кўнглинг тўлади. Айни пайтда замонавий кўринишдаги уйларга талаб кучли. Бунинг учун бинонинг лойиҳа-ҳужжатларидан тортиб, унинг қурилиши-ю безак услубигача талабга жавоб бериши лозим, – дейди Усмон Тешахўжаев.
Айни кунларда Навоий кўчасида қад ростлаган Матбуот ва ахборот агентлиги биносида таъмирлаш ишларини олиб бораётган қўли гул қурувчиларга Усмон ака бош-қош. Беш қаватли бинонинг ички кўринишини бежирим қилиб таъмирлаётган усталарнинг қўли қўлига тегмайди. Ишнинг унуми албатта унинг тўғри ташкил этилганида.
Бугун Усмон ака Тешахўжаев касбидан камол топганлардан бири. Рафиқаси Холида опа билан тўрт нафар фарзандини ҳамда олти нафар набираларини камолини кўриб умргузаронлик қилиб келмоқдалар. Умр йўлларига чизгилар берилганда ҳар бир инсоннинг одамийлиги ва касби-кори алоҳида ўрин тутади. Усмон ака Тешахўжаев ҳам ўзидаги инсоний фазилатлари, қўли гул қурувчилиги билан эл орасида эътибор топганлардан.
Жамила ҲАЙДАРОВА