Ёш чегарачилар мусобақаси

Термизда “Ёш чегарачилар” мусобақасининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар миллий армиямиз сафларини ҳар томонлама баркамол ёшлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Сурхондарё вилоятидаги 50 дан ортиқ академик лицей ва касб-ҳунар коллежида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик клуби фаолият юритмоқда. Ушбу анъанавий мусобақа ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг ҳарбий соҳага оид ва давлат чегаралари тўғрисидаги билимини мустаҳкамлаб, уларда Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбга қизиқишни оширишга хизмат қилмоқда.

Иштирокчилар турникда тортилиш, югуриш, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, тарих ва инглиз тили каби йўналишларда билим ва маҳоратини синовдан ўтказди. 

Музработ иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг “Қоплон” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди ва мусобақанинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Термиз тиббиёт коллежининг “Сарҳад” жамоаси иккинчи, Термиз туризм ва меҳмонхона касб-ҳунар коллежининг “Қалқон”, Сариосиё тиббиёт коллежининг “Альфа” жамоалари учинчи ўринни эгаллади.

– «Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик клуби ёшларнинг жисмонан чиниқиши ва ҳарбий соҳага қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Музработ иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси, “Қоплон” ҳарбий-ватанпарварлик клуби раҳбари Нурбой Эшқувватов. – Беш йил аввал мусобақанинг мамлакат босқичида учинчи ўринни қўлга киритганмиз. Ўтган йилларда клуб аъзоларининг маҳорати янада ошиб, билим ва кўникмалари мустаҳкамланди. Бу йил ҳам мамлакат босқичида юқори ўринлар учун курашамиз.

 

Х.МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  Соғлиқни сақлашда самарали ҳамкорлик

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: