Сервитамин маҳсулотлар қиш заҳрини кесади

Қишнинг қуруқ ва совуқ шамоли таъсирида тери рангининг ўзгариши, унинг дағаллашиши ва қуриши, ҳатто, ёрилиши кузатилади. Бу ерда иккита салбий омил ўзаро таъсирга киришади.

Бир томондан совуқ ҳаво сабабли томирлар тораяди. Иккинчи томондан организмда моддалар алмашинуви секинлашади. Натижада ушбу ҳолат организмнинг энергияга ва витаминларга бўлган эҳтиёжини оширади. Биз қишда мева ва сабзавотларни куздагига қараганда анча кам истеъмол қиламиз. Оқибатда бу даврда иммун тизими сусайиб, юқори нафас йўллари касалликларига чалиниш эҳтимоли юқори бўлади. Шунга қарамай, қишда дорихоналарга шошилмай, қуйидаги маслаҳатларимизга эътибор беришни тавсия қиламиз.

Бу даврда организмнинг витаминларга бўлган эҳтиёжини табиат берган неъматлардан оқилона фойдаланиш орқали тўлдиришга ҳаракат қилинг. Сервитамин таомлар, дармондориларга бой озиқ-овқат маҳсулотларидан истеъмол килишга одатланинг. Мева қоқиларидан тайёрланган шарбатларни кўпроқ ичинг.

Мева ва сабзавотлардан тайёрланган табиий шарбатлар организм учун ниҳоятда фойдалидир. Унинг таркиби минерал тузлар, пектин моддалар ва клетчатка ҳамда витаминларга бой ҳисобланади. Айниқса, ўрик, олма, олхўри, нок, помидор, узум, сабзи шарбатлари таркибида темир, калий, Р, С дармондорилари мўл бўлиб, уларни ҳар кунлик таомномага киритсангиз, фойдадан холи бўлмайди. Бу шарбатлар хуштаъм, енгил ҳазм бўлувчи фойдали ичимликлардир.

Уй шароитида шарбатлар серэт мева-сабзавотлардан тайёрланса уларда фойдали моддалар шунчалик мўл бўлади. Шунинг учун болаларга шарбатларни ўзингиз тайёрлаб берганингиз маъқул. Яна қишнинг совуқ кунларида лимон ва малинали ҳамда смородина(хўжағат)ли иссиқ чой ва компотлар ичиш танага қувват беради. Мева ва сабзавотларни хомлигича ейишни тавсия этамиз.

Сабзавот ва кўкатлар (карам, лавлаги, сабзи, картошка, яшил салат барги, кўк нўхат, кўкпиёз, редиска) қўшиб тайёрланган салатлар иштаҳангизни очиш билан бирга, танангизни фойдали озуқавий моддалар билан таъминлайди.

Қиш мавсумида инсонга нафақат куч-қувват бахш этувчи, балки унинг мижозини иситувчи таомлар ҳам зарурлигини табиблар қадимдан яхши билган. Шу боис, совуқ кунларда оқсиллар, ёғлар, карбон сувлар, минерал моддалар, дармондориларга бой озиқ-овқат маҳсулотларини тановул қилиш керак. Айниқса, эрталаб нонуштага турли хил ёрма донлар (сули, тариқ, гречиха, мош, ловия, нўхат)дан тайёрланган бўтқалардан истеъмол қилиш фойдали.

Кузда экилган исмалоқ, кўкпиёз, саримсоқпиёз ва бошқа кўкатлар ҳамда зираворлар қўшиб пиширилган таомлар қиш мавсумида ҳам каттаю кичик томонидан севиб ейилади. Бундан ташқари улар организмни зарур моддаларга тўйинтиради ва уни хилтлардан тозалайди.

Яна ўқинг:  Саратон ҳамиша хавфли бўлмайди (давоми)

 

Нафақат қиш мавсумида, балки йил бўйи саломат, бардам-баққуват бўлиб юришингиз учун сут-қатиқ, жигар, қора нон, балиқ маҳсулотлари, дуккакли ёрма донлар таомномангиздан кўпроқ ўрин олиши мақсадга мувофиқдир.

 Ушбу маҳсулотлар таркибидаги В гуруҳ витаминлари хотирани кучайтириш билан бирга, асаб тизимининг яхши фаолият юритишини ҳам таъминлайди. Таркибида С витамини мўл бўлган лимон, апельсин, мандарин, киви, наъматак ҳамда Е дармондориси мавжуд бедана тухуми ва кунгабоқар ёғи организмни турли инфекциялардан сақловчи, мия фаолиятини яхшиловчи озуқалардир. Ёнғоқ, ерёнғоқ, майиз, туршак ва олма қоқиларини халқимиз азалдан хуш кўриши эса бу маҳсулотларнинг ниҳоятда фойдали эканлигидан далолат беради.

Ўрик қоқи(туршак)дан тайёрланган шарбат юрак оғриғи, нафас йўллари яллиғланиши, кўкйўтал, иситмаси бор одамларга ғоят фойдали. Шунингдек, грипп ва ЎРВИ(ўткир респиратор вирусли инфекция)лар билан оғриган беморларнинг тезроқ оёққа туриб кетишларида шифобахш таъсир этади.

 

Сайёра МУЛЛАЕВА,

Саломатлик ва тиббий статистика институти ташкилий-услубий бўлими услубиятчи шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: