Тез ёрдам хизматининг кечикаётган ёрдами
Аҳолини қийнаётган, эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалардан бири – бу тез тиббий ёрдам хизматининг кечикиши билан боғлиқ. Бунинг асосий сабаби нимда? Яна бир жиҳатни айтиш ўринлики, диспетчерларнинг муомала маданиятини ҳам қониқарли деб бўлмайди ва кўпинча ўз вақтида қўнғироққа жавоб берилмаслиги ҳоллари кузатилмоқда. Бу ҳолат қачон ўз ечимини топади?
Адҳам Икрамов,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири:
– Статистика маълумотларига кўра, тез тиббий ёрдам бригадалари 15-20 фоиз ҳолатларда кечикиб етиб келади. Бунинг бир қатор ўзига хос сабаблари бўлса-да, муаммонинг асосий илдизи техник имкониятларга бориб тақалади. Яъни тиббий хизмат кўрсатиш учун автомобиллар етарли эмас. Ҳозирги вақтда республикамиз миқёсида 1800 та шундай машинадан фойдаланилаётган бўлса, уларнинг ярмидан кўпи 10-12 йиллик автомобиллардир. Аслида белгиланган талаб бўйича тез тиббий ёрдам автоуловлари сони камида 2400 та бўлиши лозим. Шулардан келиб чиқиб, йил охиригача 1200 та янги транспорт воситалари сотиб олиниши кўзда тутилган. Яқин икки-уч ойнинг ўзида эса улардан 550 таси хизмат кўрсатишга киришади.
Ўз навбатида, аҳолининг жиддий шикоят ва норозиликларига сабаб бўлаётган тизимдаги диспетчерлик хизмати фаолияти ҳам тубдан такомиллаштирилади. Боиси мазкур хизмат 30-40 йил олдинги стандартлар билан ишламоқда. Бу борада яқин икки ойда жиддий ўзгаришлар рўй беради. Жумладан, диспетчерлар қайта ўқитилади, уларнинг малакаси оширилади, талаблар кучайтирилади.
Яна бир модернизациялаш жараёни ҳақида. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш автомобилларига GPS ускуналари қўйиш ҳам режалаштирилган. Мисол учун, пойтахтимизда шундай қурилмага эга 138 та автомашина ишлаётган бўлса, тез кунларда яна 10 таси қайта жиҳозланади. GPS қурилмаси диспетчерга автомобиль қаердалиги ҳақида маълумот берса, мурожаат қилинган манзилга яқинроқ ходимларимизни тезроқ юбориш имконияти пайдо бўлади. Лекин беморнинг олдига зудлик билан боришнинг ўзи камлик қилади. Хаста инсонга ёрдам кўрсатиш учун зарур воситаларга ҳам эга бўлиш муҳимдир. Тасдиқланган қоидаларга кўра, тез тиббий ёрдам шифокори чамадонида 80 номдаги дори ва тиббиёт воситалари бўлиши лозим. Амалиётда эса шифокор ана шуларнинг ярми билан келса ҳам, катта гап ҳисобланади. Шунинг учун шошилинч ёрдам бригадаларини зарур препаратлар билан таъминлаш механизми қайта кўриб чиқилаётир.