Шолғом

Ажойиб ифорга ва хуштаъм мазага эга бўлган шолғом кўпчиликнинг севимли сабзавоти саналади. Айниқса, қаҳратон қишда бу табиат неъмати ўзбек ошхонасининг тўридан жой эгаллайди.

У одатда суюқ таомлар билан биргаликда истеъмол қилинади. Унинг шифобахш хусусиятлари бисёр.

100 грамм шолғомнинг калорияси 30 ккалга тенг. Унинг таркибида каротин, A, В1, В2, В5, В6, В9 (фоли кислотаси) каби кўпгина витаминлар гуруҳи, К, С ва РР сингари клетчаткалар ҳамда калий тузи, магний, кальций, фосфор, темир, олтингугурт, мис, натрий, марганец ва йод моддаси мавжуд.

Шолғом таркиби микроэлементлар, углевод ва витаминларга жуда бой. Ушбу сабзавотда жуда кам учрайдиган глюкорафанин моддаси мавжуд. У диабет ва саратонни даволашга ёрдам беради. Унинг таркибида редискага нисбатан фосфор кўп. Карамга нисбатан эса С витамини бисёрлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Шолғом жигар фаолиятини яхшилайди. Ўт пуфаги суюқлигининг ишлаб чиқарилишини меъёрлаштиради. Қовуқда тошларнинг пайдо бўлишига тўсқинлик қилади. Таркибидаги целлюлоза ичаклар фаолиятини фаоллаштиради. Меъда-ичак тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Қолаверса, қондаги холестерин миқдорини камайтиради.

Қадимдан шолғом сил ва мохов касаллигининг олдини олувчи сабзавот саналган. Ундан тайёрланган мураббо иммунитетни кўтаради. Шолғом қайнатмаси эса ангина (бодомча безлари яллиғланиши) ва тиш касалликларида фойдалидир.

 

Бу сабзавот пиширилганда унинг шифобахшлиги янада ортади. Чунки, шолғом пиширилиш жараёнида ундаги глюкозид моддаси хантал мойига айланади. У иштаҳани яхшилайди.

 

Уни ичак яллиғланиши бор инсонлар истеъмол қилмагани маъқул. Чунки, кучли ва сурункали гепатит (жигар ҳужайралари яллиғланганда), холецистит (ўт пуфаги яллиғланиши) ва марказий асаб тизими билан боғлиқ касалликларда ҳам уни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Шолғомни хомлигича ейиш қабзиятда фойдали. Меъда ва ичаклар ўткир яллиғланган пайтда, гастрит ва ўн икки бармоқ ярасига мубтало бўлганларга уни хомлигича ейиш тавсия этилмайди.

Абу Али ибн Синонинг айтишича, шолғом уруғи оғриган жойга қўйиб боғланса, елларни ҳайдайди. Ичини ўйиб, унга мум билан гулмойини солиб қўрга кўмиб эритилгани тери хасталиклари, совуқдан пайдо бўлган ва ярага айланган ёриқларга наф беради. Гўшт билан пиширилганда томоқни юмшатади. Уни пишириб ёҳуд хомлигича истеъмол қилинса кўзга фойда. Нафас йўлини ростлайди. Юрак беҳаловат бўлганда ажойиб малҳам бўлади. Шолғомнинг асал билан аралашган шарбати йўталга барҳам беради. Ҳарорат кўтарилганда, томоқ оғриганда фойда қилади.

Яна ўқинг:  БИСКВИТЛИ ПЕЧЕНЬЕ

Ушбу сабзавот ҳам пиёз, саримсоқпиёз, турп каби табиий антибиотик ҳисобланади. Чунки, унинг таркибида фитонцидлар мавжуд. Бу модда вирусларга қирон келтиради ҳамда грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар)га қарши курашда ижобий таъсирга эга.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: