Ўзбекистон ёшлари ҳаёти мустаҳкам ҳуқуқий кафолатга эга бўлди

Хабарингиз бор, куни кеча Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни кучга кирди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат ёшлар сиёсатининг асосий қоидаларини ўзида мужассам этган.

Ушбу қонун юзасидан таҳририятимизда давра суҳбати ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва бир қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

 

Отабек АБДУҒАНИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси:

– 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Рес­публикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу ҳуқуқий ҳужжат маълум маънода ўз вазифаларини бажарди. Янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунининг, энг аввало, номига эътибор бериш керак. Бу ерда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлаш ҳақида сўз бормоқда. Бу вазифа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, 8 та давлат органи ҳамда турли муассасалар зиммасига юклатилган. Уларнинг ҳар бири нималарга эътибор қаратиши лозимлиги аниқ белгилаб берилган.

Қонунда асосий тушунчалар берилиб, унда “ёшларга оид давлат сиёсати”, “ёшлар (ёш фуқаролар)”, “ёш оила”, “ёш мутахассис” тушунчаларининг мазмуни очиб берилган. Ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари, соғлиқни сақлаш, иш билан таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқий кафолатлари белгиланган. Шунингдек, ёшлар (ёш фуқаролар) деганда, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилиши кўрсатиб ўтилган.

Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасаларнинг ваколатлари кўрсатилган. Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари белгиланган. Бундан ташқари, қонунда нодавлат-нотижорат ташкилотларининг мақоми, улар фаолиятининг давлат кафолатлари кўрсатиб ўтилган. Ёшлар учун қўшимча кафолатлар: бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълимини олиш, таълим муассасаларида ўқиш учун имтиёзли кредитлар тақдим этиш, таълим муассасасини битиргандан кейин ёшларнинг бандлигини таъминлаш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларни уй-жой билан таъминлаш, ёшларнинг дам олиш ва соғломлаштириш ташкилотлари тизимини ривожлантириш кабилар қонунда мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, ҳуқуқий ҳужжатда мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантларини тақдим этиш, фан, маданият ва санъат соҳасида ижодий устахоналар ва мактабларни ташкил этишга кўмаклашиш, фан тўгараклари, спорт секциялари фаолиятини йўлга қўйиш орқали истеъдодли ва иқтидорли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари тартибга солинган.

 

Алишер ЮНУСОВ,

Тошкент давлат стоматология институти маънавий ва маърифий ишлар бўйича проректори, социология фанлари номзоди:

– Ҳозирда Ўзбекистонда 92 фоиз болаларнинг ривожланиш кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла жавоб беради. Юртимизда тиббиёт соҳасидаги туб ислоҳотлар сабаб оналар ва болалар соғлиғини асраш Миллий модели Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишнинг самарали стратегияларидан бири сифатида жаҳонда тан олинди.

Тошкент тиббиёт академиясининг ташкил этилиши ҳам мустақиллик шарофатидандир. Шунингдек, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент давлат фармацевтика институти, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ҳамда Самарқанд, Бухоро ва Андижон давлат тиббиёт инс­титутлари қаторида Ўзбекистон Рес­публикасининг Биринчи Президенти фармонига асосан бундан икки йил аввал Тошкент давлат стоматология институти ҳам ташкил этилди. Бу ҳам бўлса, юртимизда аҳоли, жумладан, ёш авлод саломатлиги йўлида олиб борилаётган улкан ислоҳотларнинг ижобий самарасидир.

Яна ўқинг:  СОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА

“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида ёшларимизнинг ҳаётини қамраб олувчи барча соҳадаги ҳуқуқий меъёрлар ўз аксини топган бўлиб, бу ҳуқуқий ҳужжат соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштиришга кўмак беради.

 

Исломидин ХАЛИКОВ,

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бош бошқармаси бошлиғи:

– Вояга етмаганлар, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларни қаровсиз, назоратсиз қолиши ва бунинг оқибатида салбий иллатлар таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик каби муҳим вазифалар “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг энг асосий ва устувор йўналишлари ҳисобланади. Биз ҳам мазкур қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишида ўз фикр-мулоҳазаларимиз, таклифларимиз билан ишчи гуруҳларда иштирок этдик.

Айтиш жоизки, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи орган ва муассасалар мазкур қонуннинг 9-моддасида кўрсатиб ўтилган. Ички ишлар органлари ушбу ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган мажбурият ва вазифаларни амалга оширишда кўплаб ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Биламизки, юртимизда амалдаги қонунларга кўра қонунни бузган шахс 14 ёшдан бош­лаб жиноий жавобгарликка тортилади. Айтиш керакки, ҳуқуқбузарликнинг юзага келишида шахснинг ҳуқуқий билимсизлиги катта роль ўйнайди. Уларнинг аксарияти жиноятга жазонинг муқаррар эканлигидан тўлиқ хабардор эмас. Шу сабабли “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасида ички ишлар органлари зиммасига ёшларнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юкланган.

Яна шу нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, ёшлар ўртасида турли ҳуқуқбузарликларнинг содир бўлишида оиладаги муҳит ҳам катта роль ўйнайди. Афсуски, кўп ҳолларда ота-­онанинг ўзи гиёҳванд моддаларга берилганлиги ёки ахлоқ-одоб доирасидаги ҳуқуқбузарликларни мунтазам содир этганлиги, оиладаги доимий жанжаллар ёшлар томонидан жиноят содир этилишига сабаб бўлади. Шу боис, биз ички ишлар органлари ходимлари янги қонунда белгиланган вазифаларга кўра бундай оила фарзанд­лари, катталари билан яқин алоқада бўлиб, оиладаги муҳитни ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Ўйламанки, ушбу ҳуқуқий ҳужжат фарзандларимиз ўртасида ҳуқуқ­бузарликларни олдини олиш йўлида амалга ошираётган ишларимизни яна бир поғонага кўтаради.

 


Қонунда кўрсатилганидек, ёшлар (ёш фуқаролар) деганда, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахс­лар назарда тутилади.

Халқаро таж­рибага назар ташлайдиган бўлсак, АҚШ ва Японияда ёшлар 13-14 ёшдан 29-30 ёшгача қилиб белгиланган. Германияда “кичик ёшдаги ёшлар” 14-18 ёш ҳамда “катта ёшдаги ёшлар” 18-27 ёшга бўлинади. Болгарияда 15 ёшдан 29 ёшгача, Россияда 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча шахслар ёшлар тоифасига

тааллуқли.


 

Яна ўқинг:  КИТОБ БАЙРАМИ – МАЪНАВИЯТ БАЙРАМИ

Дилфуза ҚАРШИБОЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари:

– Мамлакатимизда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун куни кеча қабул қилинган бўлса ҳам, ёшларга бўлган эътибор ҳеч қачон сусаймаган. Чунки, юртимизда ҳар бир ёш авлод вакилининг ярқ этган истеъдоди ва иқтидорига кичиклигидаёқ катта эътибор қаратилади.

Ушбу қонун юзасидан олиб қарайдиган бўлсак, унинг асосий принципларидан бири маънавий, маданий, ахлоқий қадриятлар устуворлигини таъминлашдан иборат. Ўйлайманки, ёшларимиз онгини маънавий жиҳатдан бойитиш ва маданий савиясини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтаришда мазкур ҳуқуқий ҳужжат янада кенг йўл очади.

Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддасида маданият ва спорт ишлари бўйича органларнинг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилган. Хусусан, ёшлар ўртасида халқ ўйинлари, миллий ва бошқа спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилишини ташкил этиш, ёш авлод ўртасида бадиий, халқ ва ҳаваскорлик ижодиётини тарғиб қилиш бўйича алоҳида бандлар келтириб ўтилганлиги, ушбу қонун биз учун қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатади.

25-моддада иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, қонунда белгиланган тартибда мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантлари ташкил этиш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида танловлар, олимпиадалар, кўргазмалар, фес­тиваллар, кўриклар, концертлар, симпозиумлар, ўқишлар, конференциялар, семинарлар ташкил этиш ва ўтказиш белгиланган. Айтиш керакки, бу борада бугунги кунгача юртимизда ёшларга берилаётган ғамхўрликнинг натижаларини бевосита кўриб, кузатиб боряпмиз.

Авваллари мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ташкил этилган маданият марказлари савияси анча тушган, эътибордан четда қолган эди. Эндиликда ушбу масканлар тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, иқтидорли ёшларимиз ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича таҳсил олиши ва ҳунар ўрганишига шароит яратилди. Бугун юртимизда 894 та ана шундай марказлар ташкил этилган бўлиб, уларнинг энг муҳим жиҳати чекка-чекка қишлоқлардаги иқтидорли болаларни ўзида жамлайди.

 

Мусулмонбек ИБРОҲИМОВ,

“Камолот” ЁИҲ Матбуот бўлими мутахассиси:

– Тарихга назар солсак, Ўзбекистон Республикасида “Ёшларга оида давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг қабул қилинишидан аввал, яъни 1991 йил 20 ноябрда кучга кириши юртимизда ёшларга бўлган эътибор юқорилигидан далолат беради. Ушбу қонун қабул қилингач, мамлакатимизда ёшларга имкониятлар учун кенг майдон яратиб берилдики, ўзим ҳам мустақиллик тенгдоши сифатида қонун ижроси, унинг ҳаётимизга ижобий таъсирини ҳаётий фаолиятим давомида бевосита кузатиб, ҳис этиб бордим. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оида давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни эса ана шу жараённи жадаллаштиришга хизмат қилади, деб бемалол айта оламан.

Жорий йилнинг 12 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Истиқлол фарзандлари” шиори остида ўтказилган фестивалда иштирок этган ёшлардан 50 нафари Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба қонун қабул қилинишида кузатувчи сифатида бевосита иштирок этди. Бунда ёшлар қизғин баҳс-мунозара остида бевосита ўз-ўзига тегишли бўлган қонуннинг қандай қабул қилинишини кузатиб бориш бахтига муяссар бўлди. Шунда улар юртимиздаги ҳар бир қарор ва қонун ўз ўзидан қабул қилинимаётганлигини англаб етди. Шу вақтга қадар ҳуқуқий ҳужжатларимизда “ёш”, “ёш оила” деганда айнан неча ёш эътиборга олиниши белгилаб қўйилмаган эди. Мазкур қонунда эса 14 ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаганларни “ёш фуқаролар” дея аташ белгилаб ўтилган.

Яна ўқинг:  Эна

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан иқтидорли ёшларга ипотека кредити асосида уй-жойлар тақдим қилинишида ва ундаги баҳс ва мунозарали жараёнларда мазкур қонун якуний хулоса ясашга ва қонуний асос бўлишга хизмат қилади.

 

Фирдавс ХОЛИҚОВ,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Ташкилий-методик бўлими бошлиғи:

– Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши фикримча, қуйидагилар билан изоҳланади: биринчидан, мустақиллик йилларида ёшлар сиёсати бўйича амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилар эканмиз, уларни ҳаққоний баҳолаш ва ислоҳотлар дастурига маълум ўзгартишлар киритиш билан бирга, биринчи навбатда, эртанги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидаги изчил ҳаракатларимизда ёшларнинг фаол иштирокини кучайтиришимизга эҳтиёж туғилгани, иккинчидан, ҳозирги пайтда мамлакатимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онг даражасининг ўсиб бориши, жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларининг жадал ривожланиши, ёш авлоднинг илм-фан, спорт соҳасида эришаётган ютуқлари бу соҳадаги ислоҳотларни янги, янада юқори босқичга кўтаришимиз учун зарур шарт-шароитларни юзага келтираётгани, учинчидан, жаҳон миқёсида глобаллашув ва ахборот технологиялари тобора кучайиб бораётган бугунги замонда биз дунёда юз бераётган туб ўзгаришларни холисона ва танқидий баҳолаган ҳолда фарзанд­ларимиз келажагини кўзлаб, ёшлар сиёсатини амалга оширишда қўшимча чора-тадбирларни белгилаб олиш заруриятидир. Бу қонун эса ушбу масалаларда асосий мезон бўлиб хизмат қилади.

Барчамизга маълумки, ҳозирги таҳликали дунёнинг бир қатор мамлакатларида кузатилаётган турли тўс-тўполонлар, тартибсизликлар негизига эътибор қаратсак, уларда ёшларга, уларнинг ҳаётдаги қизиқишлари, ҳуқуқ ва манфаатларига эътиборсизлиги, ёшларга оид сиёсатнинг ҳозирги замоннинг янги таҳдидларига жавоб бермаслиги оқибатини кўриш мумкин. Айниқса, ёшлар тарбияси, уларни иш билан банд қилиш, соғлом турмуш тарзига ўргатиш ўз холига ташлаб қўйилгани ачинарли, албатта.

Мамлакатимизда ёш авлодни бундай бало-қазолардан асраш учун жамият маънавий ҳаётида бўшлиқ пайдо бўлишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Шуни унутмаслигимиз керакки, ёшларимизга, бинобарин, келажагимизга таҳдид солиб турган бу хавфларнинг олдини олиш учун бугун қатъий ҳаракат қилмасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан олиб қарасак, ушбу қонун айнан ўз вақтида қабул қилинди.

Айтиш керакки, мазкур қонун бевосита нодав­лат-нотижорат ташкилотлари зиммасига ҳам улкан вазифаларни юклайди. Жумладан, ушбу ҳуқуқий ҳужжат “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди учун ҳам янги бир даврни бошлаб беради. Негаки, фонд томонидан халқаро ҳамкор ташкилотлар билан олиб бориладиган музокараларда бу қонундан фойдаланиш зарурияти туғилади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: