Болангизга эътиборли бўлинг

Боғингизда бир ниҳол экиб, уни катта дарахт бўлиб, кўкка бўй чўзгунича ишлов берасиз. Бола тарбиясини ҳам худди шу жараёнга қиёслаш мумкин.

Агар фарзандингизга кичиклигидан тўғри тарбия бериб, унинг орзу-интилишлари, муаммолари билан ҳисоблашсангиз, у нафақат жисмонан, балки маънан етук инсон бўлиб камолга етади.

Баъзи ота-оналар “Фарзандимга барча шароитни яратиб қўйганман” – деган ўй-хаёлда уларга вақт ажратмайдилар. Ўғил-қизларининг ўзига хос муаммолари билан ортиқча қизиқмайдилар. Натижада фарзанд ота-онаси билан ҳал қила олмаган муаммолари ечимини ён-атрофдаги бошқа инсонлардан излайди. Айрим ўсмирларнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг асосий сабаби ҳам ана шу эътиборсизлик туфайлидир.

Ота-она ва фарзанд ўртасида самимий муносабат қуришда қуйидаги тавсияларга эътибор қаратинг.

– Фарзандларингизни асло қўрқитманг. Чунки қўрқув боланинг психологик шаклланишида салбий таъсир кўрсатади.

– Калтаклашни тарбия луғатингиздан чиқариб ташлаганингиз маъқул. Таёқ билан эгилган болалар ичида атрофдагиларга нисбатан нафрат ва исён туйғулари билан ўсишлари кўп кузатилган.

– Фарзандларингизга уларни қай даража яхши кўришингизни билдиришдан асло тортинманг. Чунки бола учун энг катта хавф ва қўрқувларнинг бошида ота-онаси тарафидан севилмаслик ва эътиборсиз қолганини ҳис қилиш туради. Улар ўзлари яхши кўрган кишиларидан худди шу шаклда жавоб қайтишини исташади.

– Унутманг, эркалатиш севги эмас. Ортиқча талтайтириб эркалаш болани ҳар жиҳатдан сустлаштириб қўяди. Меҳр кўрсатиш эса уни янада фаол бўлишга ундайди. Эрка ўсган бола фақатгина шахсий манфаатларини кўзлайдиган, масъулиятсиз бўлиб вояга етади.

– Таълим-тарбия бобида энг муҳим бўлган жиҳатлардан яна бири болаларимиз билан бирга ўйнашимиз, улар билан ҳамкорликда турли ўйинчоқлар ясашимиздир. Муҳтарам ота-оналар, бундай машғулотлар ҳеч ҳам бекорчилик эмас, буни доимо ёдингизда сақланг!

– Боланинг ички дунёсига кириб боришнинг энг қисқа йўли улар билан дўст бўлишдир. Чунки, фарзандларимизга қанчалик эътибор берсак, улар шунчалик бизга яқин бўлишади. Аммо, фарзандингизни сизга ишониб, сиз билан ўртоқлашган туйғу ва тушунчаларини, бошидан ўтказган ҳодисаларини асло уларнинг ўзига қарши ишлатмаслигингиз лозим. Болангиздаги хато-камчилик сабабли уни жазолаш, масхаралаш тўғри эмас. Фарзандингизнинг сизга бўлган ишончини ёшлигиданоқ суистеъмол қилсангиз, эртага унга яқин дўст бўла олиш имконини йўқотасиз.

Яна ўқинг:  Мангуликка ёқилган илм машъали

 

Болани тинглашнинг фойдали жиҳатлари:

боланинг гаплашиш қобилияти ортади;

у дардини хатти-ҳаракатлар билан эмас, аксинча, сўзлар билан ифодалашни ўрганади;

уни тинглашаётганини ҳис қилган бола ўзини тинч ва сокин тутади. Боладаги бундай босиқлик эса унинг шахсий ва ижтимоий камолотига катта таъсир кўрсатади;

Фарзанд ва ота-она ўртасида самимият ҳосил бўлади;

сўзлари тингланган бола ота-онасининг сўзини ҳам тинглай бошлайди.

Ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек:

“Балоғат остонасида турган авлодингизга сиз каби ишончли бир дўст топилмас. Уларга энг яқин дўст сиз бўлинг”.

Фарзандимизнинг ҳар бир қилган ишини муносиб тақдирлайлик, улуғ аждодларнинг давомчилари эканини уларга уқтирайлик. Ота-онасининг эътиборида турганини сезган бола ҳар доим ўз устида ишлашга, изланишга ҳаракат қилади. Чунки, у амалга оширган ҳар иши учун ота-онаси муносабат билдиришини жуда яхши билади.

 

Амалиётчи психолог Шаҳноза ХАЛИЛОВА тавсиялари асосида Чарос ХУШВАҚТОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: