Фарзандингиз сиздан ўрнак олади

Боланинг феъл-атвори илк бор оилада шаклланади. Келажакда унинг етук инсон бўлиб камолга етиши ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топиши учун оилада қандай тарбияланганлиги, қандай психологик муҳит ҳукм сурганлиги муҳим аҳамиятга эгадир.

Яхши, одобли ва ахлоқли бола ҳар ерда ўзининг намунали тарбияси билан атрофдагиларда яхши таассурот қолдиради.

Фарзанд – буюк неъмат. Шунинг учун муқаддас манбаларда бола жаннат инъоми сифатида тавсиф этилади. Шарқ мутафаккирлари ҳам шахс камолотида оиланинг, ота-онанинг ролини юқори даражага қўйишган. Масалан, буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний ота-она, энг аввало, ўз юриш-туриши, муомала маданияти, ҳаёт тарзи орқали фарзандларига намуна бўлиши кераклиги ҳақида айтиб ўтган.

Ҳис ва туйғуларингизни атрофингизга қандай акс эттирсангиз, улар ҳам сизни худди ана шундай танишади. Айтган гапингиз, хатти-ҳаракатингизда қанчалик қатъий ва қарорли бўлсангиз, шунга мос равишда қаршингиздаги шахс ҳам сизни янада аниқ ва тўлиқ таний бошлайди.

 

Болага аниқ кўринишингизни намоён этинг

Жалолиддин Румий “Аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл”, деган эди. Бир кун юмшоқ, мулойим ва бошқа бир кун қўпол ва баланд овозда гаплашсангиз суҳбатдошингиз учун сизни таниш янада қийинлашади. Чунки, бундай турдаги ўзгарувчан муносабатда сизнинг “чегараларингиз”ни билиш, аниқлаш янада мураккаблашади.

Фарзандингизнинг дунёни тўғри таниши, тушуниб етиши учун ҳам оилада қўйилган чеклашлар жуда муҳим рол ўйнайди. Чунки, фарзандларнинг ҳар бир муносабатлари сиз қўйган чегараларга кўра шаклланади. Болаларингиз доим қатъий, аниқ муносабат кўришлари учун, қандай ота ёки она эканингиз, нималардан норози бўлишингиз, нималарга рухсат беришингиз улар учун очиқ-ойдин, равшан бўлиши керак. Шунда фарзандингиз бирор ишни қилиш ёки сўрашдан олдин сиз белгилаган меъёрлар билан “ҳисоблашиш”га мажбур бўлади. Чунки, у қиладиган иши ёки муносабатига нисбатан сизнинг қандай муомалада бўлишингизни олдиндан билади.

 

Услубни ўзгартиринг

Болалар учун бир нарсани қўлга киритишдан кўра, уни қўлга киритиш услуби муҳимроқдир. Улар бирор нарсага эришишда доимо ўзига хос услубни қўллайдилар. Масалан, фарзандингиз истаган нарсасини йиғлаб қўлга киритишни ўрганган бўлса, бу услубни доимий ишлатишга одатланади. Баъзан сизни қийин аҳволда қолдиради-ки, унинг айтганини қилишдан бошқа чорангиз қолмайди. Бундай ҳолат билан юзма-юз келишни истамасангиз, фарзандингиз билан орангиздаги муносабатларни яхшилаб қайта кўриб чиқишингиз керак.

Яна ўқинг:  Мустақилликка менинг ҳиссам

Чегара, чеклашларингизнинг аниқ-ойдин, равшанлиги фарзандингизнинг сизга бўлган муносабатига таъсир қилади. Яъни, ҳар бир мақбул бўлмаган хатти-ҳаракатидан аввал, “Бу ишдан ойим ва дадамнинг жаҳли чиқади”, деб ўйлаб, ўзини тўхтатади. Масалан, фарзандингизнинг уйга кеч келишига бир кун қаттиқ жаҳлингиз чиқиб, иккинчи куни индамаслик, унинг тарбиясига, қолаверса, сизга қулоқ солишига салбий таъсир қилади.

 

Чегарани аниқ қўйинг

Оилада сиз белгилаб қўйган чегаралар муносабатларнинг сифатини оширади, ота-она ва фарзанднинг масъулият ва вазифаларини очиқ-ойдин билдиради. Тушунмовчиликларни бартараф этиб, муаммолар камайишига сабаб бўлади. Чунки, чегаралар маълум бўлган муҳитда ҳамма ўзи қилиши керак бўлган ишини билади. Шуни ҳам унутмангки, сиз фарзандингизга дўст бўлиш билан бирга, ота-она ҳамдирсиз.

Шунингдек, оилада белгиланган чегаралар унинг аъзолари ўртасида ишончнинг мустаҳкамланишини ҳам таъминлайди. Агар атрофингиздаги яқинларингизга нисбатан ишонч ва улар билан муомалада ўзаро бир-бирингизни тушунишни истасангиз, аввал, чегараларингизни аниқ белгиланг ва шунга кўра ҳаракат қилинг.

 

Болалар психологи Дилноза АВАЗОВА тавсияларини Чарос ХУШВАҚТОВА ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: