Яхши яшаш бахти

Истиқлол йилларида эришган муваффақиятларимиз шу Ватанда яшаётган ҳар бир инсон қалбини фахр-ифтихорга тўлдиради. Қисқа муддат ичида улкан марраларга эришганимиз, энг аввало, халқимизнинг фидокорона меҳнати самарасидир.

Айнан ана шу аҳиллик, фидойилик самарасида Ўзбекистон 25 йил ичида бутун дунёга танилди. Бугун дунё ҳамжамияти мамлакатимизни жаҳоннинг энг тез ривожланаётган давлатларидан бири сифатида тан олмоқда. Президентимизнинг ҳар томонлама чуқур ўйланган ижтимоий-иқтисодий сиёсати – тараққиётнинг “ўзбек модели” халқимизни мустақилликнинг илк йилларидаги қийинчиликлардан, моддий ва маънавий бўҳронлардан эсон-омон, беталофат олиб ўтди. Ана шундай ислоҳотлар натижалари бугун барча соҳаларда эришилаётган ютуқларимизда намоён бўлмоқда.

Банк, суғурта, лизинг, консалтинг ва бошқа турдаги бозор хизматлари барқарор суръатлар билан ривожланмоқда, улар хусусий сектор ва кичик бизнес ривожига хизмат қилмоқда. Хизмат кўрсатиш соҳасида 80 минг 400 та кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда ва бу хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари умумий сонининг 80 фоиздан ортиғини ташкил қилади. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олгани қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, юртимизда ялпи ички маҳсулотимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56, 7 фоизга етгани ёки 1, 8 баробар ошганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳозирги пайтда ушбу соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд жами аҳолимизнинг 77 фоиздан ортиғи мазкур тармоқда меҳнат қилаётгани, балки мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшаётгани, аввало, мустақиллик бизга очиб берган имкониятларнинг яққол исботидир.

Халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014–2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016–2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани албатта барчамизни мамнун этади.

Бундан ташқари, 2015 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди.

Яна ўқинг:  Равон йўллар – саодатли манзилларга элтади

Ўтган йили банк тизимини янада мустаҳкамлаш, банкларнинг капиталлашув даражасини ошириш ва инвестициявий фаоллигини кенгайтириш таъминланди. Банк тизимининг жами капитали 2014 йилга нисбатан 23, 3 фоиз кўпайиб, 7 триллион 800 миллиард сўмга етди. Сўнгги 5 йилда мазкур кўрсаткич 2, 4 баробар ўсди. Банк тизими капиталининг етарлилик даражаси қарийб 24 фоизни ташкил қилди. Бу умумий қабул қилинган халқаро стандартлардан 3 марта, банк ликвидлиги эса энг юқори кўрсаткичлардан 2 марта кўпдир.

Бугунги фаровон ҳаётимиз, эришаётган муваффақиятларимизда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-тотувлик ва хотиржамлик муҳим омил бўлаётир. Зотан, тинчлик бор жойда тараққиёт бўлади. “Биз ким эдик ва бугун қандай натижаларга эришдик, қандай бебаҳо қадриятларга ворисмиз” деган ҳақли савол устида мушоҳада юритишга, ота-боболаримизга, юртга муносиб фарзанд бўлишга ундайди.

 

Беҳзодхон АСАТУЛЛАЕВ,

“Трастбанк” амалиёт бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: