Ватан туйғуси

мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари қалбига қандай сингдирилади?

Яккасарой туманидаги “Юлдузча” номли 323-сонли мактабгача таълим муассасига эрталаб икки фарзандимни етаклаб кириб бордим.

Остонадан ҳатлаган заҳотим, мамлакатимиз мадҳияси янгради. Уни эшитиб, 2 ёшли ўғлим қўлини кўксига қўйиб, тўхтаб қолди. Сўзларни айта олмаса ҳам оҳанггига жўр бўла бошлади. Тўрт ёшли ўғлим эса югуриб ўз гуруҳининг қаторига қўшилди ва қўли кўксида қўшиққа барча қатори жўр бўлди. Буни кўриб, қалбим қувончга тўлди. Билсам, ушбу мактабгача таълим муассасасида бадан тарбия машқларидан аввал Ватан мадҳиясини жўрликда куйлаш анъанага айланган экан.

Ҳаётбахш қўшиқ куйлаётган болаларнинг майдончаси турфа рангдаги байроқчалар билан безатилган. Муассаса ҳовлисига 4-5 киши қулочини ёйса етмайдиган улуғвор чинорлар кўрк бағишлаб турибди. Уларга ранг-баранг тасмалар ўраб қўйилган. Беихтиёр ўғлим билан кеча бўлиб ўтган суҳбат ёдимга тушиб, кўнглим янада ёришди.

– Бу қайси ранг, сўрадим тасмалардан бирини кўрсатиб.

– “Қизил” – жавоб қилди у.

Сўнгра барча тасмаларнинг рангларини сўрадим. У ҳам бир-бир жавоб қайтарди. Мен яна савол бериб улгурмасдан ўғлим сўзида давом этди.

– Бу рангларнинг бари Ўзбекистон байроғида бор, – деди у. Сўнгра Беҳрузбек деворга осилган плакатдаги давлатимиз байроғини кўрсатиб, бу рангларнинг моҳиятини бижиллаб тушунтира кетди.

– Мактабгача таълим муассасамизда Ўзбекистон байроғи, мадҳияси, герби қабул қилинган саналар, Мустақиллик куни тантанали нишонланади. Шу мавзуда болаларга шеър, қўшиқлар ёдлатиб, миллий қадриятларимизни сингдирамиз, – дейди МТМ услубчиси Муҳайё Дадахўжаева.

Бу сўзларни эшитиб, фарзандларимизнинг ҳуқуқий онгини ривожлантириб, онгу шуурига нур улашаётган тарбиячи опаларнинг жонкуярлигини ҳис қиламан.

Албатта, бу юртимизда таълим-тарбия ишлари тўғри йўлга қўйилганлигининг самарасидир.

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ

Яна ўқинг:  Эл корига яраш саодати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: