ОЗОДАЛИК ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКДАН АСРАЙДИ

А гепатитининг олдини олиш мумкин

А гепатити вируси чақирадиган касаллик юқумли бўлиб, бунда беморнинг жигар ҳужайралари зарарланади. Организмда умумий заҳарланиш кузатилади.

Шарқнинг буюк алломаси Абу Али ибн Сино сариқ касаллигини ўрганишга катта ҳисса қўшган олим ҳисобланиб, у беморларда сариқлик аломатлари жигарнинг жароҳатланишига боғлиқ эканлигини айтиб ўтган. У сариқлик билан кечадиган турли касалликлар классификациясини тузди ва бу аломатлар сабабини аниқлашга ҳаракат қилди.

Рус олими С. Боткин касалликни клиник белгилари ва бемор организмида юзага келадиган патологик жараёнларни батафсил баён этиб, касалликнинг юқумли табиатли эканлигини исботлаб берган. Лекин бу хасталикка сабаб бўлувчи вируслар узоқ йиллар давомида аниқланмади. 1940-йилларда рус олимларидан П. Сергиев, И. Тареев ва бошқа олимлар биринчи маротаба касалликни фильтрланувчи вируслар қўзғатса керак, деган тахминларни билдирганлар. 1970–йилларда бутун дунё олимлари касаллик вирусини аниқлаш ва уни ўрганиш соҳасида кенг кўламда илмий тадқиқот ишларини олиб бордилар ва ниҳоят 1973–йилда Фейстоун А гепатити вирусини бемор нажасидан электрон микроскоп ёрдамида аниқлашга муваффақ бўлди.

Касаллик сабабчиси аниқланганлигига 43 йил бўлишига ва уни даволаш, олдини олиш бўйича самарали дори-дармонлар кашф этилишига қарамасдан бу хасталик бутун дунё аҳолиси ўртасида, айниқса, 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларда ҳамон учрамоқда. А гепатити вирусини юзага чиқарадиган ушбу хасталик учун даврийлик ва мавсумийлик хос бўлиб бу дард ҳар 3-5 йилда куз-қиш ойларида кўп учрайди. Касалланиш сариқлик белгилари бор (типик) ва белгиларсиз (атипик)кўринишда кузатилади. Беморлар теварак-атрофдагиларга касалликни юқтиришлари билан жуда катта хавф туғдирадилар. Унинг атипик кўриниши билан оғриган беморлар, барча бу хасталикка чалинганлар ичида 56 фоиз – 90 фоизни ташкил қилади. Беморлар касалликнинг яширин даврининг охирида ва сариқлик белгиси кузатилмаган давр мобайнида хавфли бўлиб, бунда улар танасидан кўзғатувчиларни кўплаб миқдорда нажас билан ташқарига ажратадилар. Бу эса инфекциянинг нажас – оғиз йўли орқали ифлос қўллар сабабли узатилиши механизмини белгилайди.

Бундан ташқари инфекцияни танамизга тушишига ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотлари, атрофимиздаги уй-жой анжомлари, сув манбалари ва айниқса, тупроқни ўғитлаш, суғориш жараёнида мева-сабзавотларни нажас билан ифлосланиши, сувли эпидемик авжланишларда инфекцияларнинг мева-сабзавотлар орқали ўтишига олиб келади. Турмушдаги маиший омиллардан инфекция тарқалишида ифлосланган қўл, идишлар, ўйинчоқлар ва бошқалар муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин оғиз орқали организмга тушган вируслар меъда-ичак йўллари шиллиқ қаватларида кўпайишдан давом этади. Беморда сариқлик белгилари бўлишидан олдинги даврда вируслар қонга тушиб, вирусемия, яъни вирусларни қон орқали айланиши натижасида паренхиматоз аъзоларига, асосан жигарга ўтиши ва унинг ҳужайра(гепатоцит)ларида кўпайиб, уларни нобуд қилади. Беморларда тана ва кўз шиллиқ қаватининг сарғайиши, хастанинг қорни пайпаслаганда жигарининг четлари сезувчан, яъни 2-4см. га қовурға ёйи остидан чиқиб туради ва катталаша боради.

Яна ўқинг:  Олимлар кўриш қобилиятини юқори даражада яхшилаш йўлини топди

А гепатит вируси билан касалланмаслик ўзимизга боғлиқ бўлиб, асосан бу хасталикка чалинмаслик учун озиқ-овқат корхоналари, сув узатиш тизими (қувурлар) ва бошқа сув таъминоти манбаларини қурилиши ҳамда иш фаолияти устидан мунтазам равишда санитария назорати олиб борилиши лозим.

Профилактик мақсадда эпидемия олдидан болалар жамоаларида 1 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларга 1 мл. иммуноглобулин тавсия этилади. Ҳозирги кунда А гепатитга қарши нобуд қилинган вакцина ишлаб чиқарилган ва бу вакцина билан икки маротаба эмлаш инсонни узоқ вақтгача бу хасталикдан ҳимоя қилади.

О. САЪДУЛЛАЕВ,

ТТА Урганч филиали “Табиий фанлар ва микробиология”

кафедраси мудири, тиббиёт фанлари номзоди, доцент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: