Улуғ сиймога эҳтиром

Алишер Навоий мероси – бетакрорлиги, тарбиявий аҳамияти, инсонийлиги, ибратли жиҳати билан бутун инсоният учун қадрли. Мустақиллик шарофати билан буюк мутафаккир ижодини чуқур ўрганиш, асарларида тараннум этилган эзгу ғояларнинг аҳамиятини тарғиб этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида 9 февраль куни улуғ бобокалонимиз таваллудининг 575 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий уюшмалар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, навоийшунос олимлар, адиб ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти томонидан улуғ шоирнинг 20 жилдлик “Мукаммал асарлар тўплами” ҳамда 10 жилдлик жамланмалари крилл ва лотин алифболарида нашр этилгани адабиёт мухлислари учун бебаҳо туҳфа бўлди. Шоир ҳаёти, ижодининг барча қирралари қамраб олинган илмий асарлар, рисола ва монографиялар нашр этилиб, илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Алишер Навоий улуғлаган инсон камолоти, юрт ободлиги, яратувчанлик ва бунёдкорлик, тинчлик ва осойишталикни, халқлар, турли миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни асрашга оид эзгу ғоялар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида ўз ифодасини топмоқда. Бобокалонимиз асарлари жаҳон миқёсида ўрганилиб, турли тилларга таржима этилмоқда.

Юртимизда таҳсил олаётган хорижлик талабалар, мумтоз ўзбек адабиёти бўйича изланаётган чет эллик тадқиқотчилар Алишер Навоий рубоийларидан намуналарни ўзбек тилида ўқиди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Элмурод Аҳмедов ва Фурқат Ашуралиев ижросида улуғ бобомиз ғазали асосидаги қўшиқлар янгради. Шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Ҳодиев қатнашди.

 

Ш. ХЎЖАҚУЛОВ

Яна ўқинг:  ҚИШ ҲАҚИДА АНТИҚА ИНШО (ҳикоя)

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: