ФАРЗАНДЛАР САЛОМАТЛИГИГА КАМАРБАСТА

Қиш кунларининг бирида набирам қаттиқ оғриб қолди. Абдуллоҳ тинмай йўталар, иситмалаб, ҳарсиллаб нафас оларди. Қўрқиб кетганимдан уни қаерга олиб боришимни билмай танишларимга “Бизга тажрибали болалар шифокори керак”, дея мурожаат қилдим. Улар пойтахтда жойлашган Тошкент вилоят болалар кўптармоқли тиббиёт бирлашмаси филиалининг “Эрта ёшдаги болалар касалликлари бўлими”да малакали мутахассис борлигини айтишди. Болалар шифокори Бурҳон Расуловни излаб борганимизда унинг қабулида бир гуруҳ оналар болалари билан навбат кутиб турарди.

Навбат бизга етиб келди. Ўрта ёшдаги юзида нур балқиб турган шифокор хушмуомалалик билан она ва болаларни кутиб олар эди. У набирамнинг онасидан аввал гўдак олган муолажа, унинг қандай хасталиклар билан оғригани, маҳсулотлар истеъмол қилиши ҳақида батафсил сўраб-суриштирди. Маълумотларни олгач, йўталаётган Абдуллоҳнинг ўпкасини обдон эшитди. У бизга болани дарҳол филиалдаги пульмонология бўлимида ётқизиш ва даволашни бошлашни, акс ҳолда бронхлар яллиғланиши туфайли хуруж қилган ўткир нафас йўли касаллиги нафас қисиш асоратини бериши мумкинлигини тушунтирди. Унинг тўғри ва вақтида берган маслаҳати туфайли набирам соғайиб кетди.

– Мактаб давриданоқ тиббиёт соҳасига қизиққанман. Бунга акамнинг стоматологлиги сабаб бўлган. Шу боис оқ халатли, озода ва пок юрувчи шифокор бўлишни орзу қилардим. Мактабни битиргач Ўрта Осиё педиатрия тиббиёт институти (ҳозирги ТошПТИ)га ҳужжат топширдим. 1979 йилда институтни имтиёзли диплом билан тамомлаганимдан сўнг олийгоҳ томонидан илмий иш қилишим учун Москвага йўлланма берилди. Оилавий шароитим тўғри келмагани боис Қашқадарё вилоятининг чекка туманлари бўлган Миришкор ва Муборак тумани аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни лозим топдим. У ерда болалар ўртасидаги касалликларни даволаш ва бартараф этиш йўлида вилоят бош педиатри билан биргаликда чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, клиник ва биокимёвий таҳлиллар асосида текшириб, болалар касалликларини аниқлаш ва даволаш ҳамда аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш бўйича тажриба орттирдим. Қарши шаҳрида болалар саломатлиги йўлида хизмат қилдим.

Шундан сўнг Ўрта Чирчиқ туманида аввал ҳудуд болалар шифокори, туман шифохонасида бош шифокор ўринбосари ва бош шифокор лавозимларида фаолият кўрсатдим.

Мана, кўп йилдирки, пойтахт марказида жойлашган Тошкент вилоят тиббиёт бирлашмаси филиали “Ёшга доир болалар касалликлари бўлими”да бўлим бошлиғи вазифасида она ва бола саломатлиги йўлида хизмат кўрсатиб келяпман.

Яна ўқинг:  Яхшиям борсиз, яхшилар!

Илмий иш қилмаганимдан асло ўкинмайман. Чунки, минглаб кўзмунчоқ болажонларнинг соғайишига, болалар касалликларининг олдини олиш ва даволашда нафим тегяпти. Энг муҳими, мен болажонларга асқотадиган шифокор эканлигимдан мамнунман. Улар соғайгач, шодон шўхлигию жилмайишларини кўриб, қалбимда фахр туйғулари жўш уради. Айниқса, ота-оналарнинг юзи ва сўзидаги миннатдорлик менга куч-қувват ва шижоат бағишлайди, – дейди камтарлик билан Бурҳон Расулов.

Ҳа, агар шифокор ўз касбини севса ва изланса, унга меҳрию қалбини фидо қилса, у албатта ҳурмат ва эътиборга эришади. Бурҳон Расулов ҳам ўз фидокорона меҳнати ва изланишлари боис Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлигининг “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлди. У бўлимда даволанадиган қанчадан-қанча болаларга ёрдами тегишидан ташқари, маслаҳат ёки ёрдам сўраб келганлардан ҳам асло кўмагини аямайди. Бугунги кунда унинг маслаҳат ва ўгитлари ҳамда яхши хислатларидан ибрат олган ўнлаб шогирдлари республикамизнинг турли жойларида болалар ўртасидаги касалликларни даволаш ва бартараф этиш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. Ана шундай шифокорлардан Мавжуда Юнусова, Наргиза Алиева каби тажрибали болалар шифокорлари устоз билан доимо ҳамфикр ва маслакдош.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: