АЖИН ТУШМАСИН ДЕСАНГИЗ…
Ажин кимга ёқарди, дейсиз?! Кўп ҳолларда эрта ажин тушишига терининг ўзига хос хусусиятлари ёки ҳаёт ташвишлари сабаб бўлади. Ўзингизга бир эътибор беринг: сизда қошни кўтариш одати йўқми? Кўпчилик буни ўзи пайқамайди. Аслини олганда ана шундай юз ифодаси оқибатида одамнинг юзига чуқур ажин эрта тушади.
Одам барча юз мушакларини зўриқтириб кулганда яноқда, бурунда, кўз атрофида, ҳатто, бўйинда ажинлар пайдо бўлади. Кўзи яхши кўрмайдиган, лекин кўзойнак тақишга уяладиган, оқибатда кўзини қисиб қарайдиган одамлар кўзи атрофида майда ажинлар елпиғичга ўхшаб ёйилиб кетади. Бу ажинлар аста-секин “ғоз панжаси” шаклини олади. Бироқ, бурундан оғиз бурчагига томон тушган чуқур ажинлар одамни жуда қари кўрсатади. Бу ажинларни баъзи одамларда фақат косметика нуқсони эмас, балки киши феъл-атворининг маълум хусусиятлари туфайли юзага келган дейиш мумкин: бундай кишилар кўпинча нимадандир доим норози бўлиб юрадиган, бекордан-бекорга нолийверадиган бўладилар.
Чуқур ажин тушишининг олдини олиш мумкин. Бу ишни уддаласа бўлади, унчалик қийин эмас, фақат хоҳиш бўлса бас.
Кўзгуга яхшилаб қаранг, телефонда, уйингиздагилар билан гаплашаётганингизда кўринишингиз қанақа бўлади, қанақа куласиз, бир ўйлаб кўринг. Кўзгуга бамайлихотир, юз ифодасини ўзгартирмасдан қараб туринг. Ана шу пайтда юз мушакларида пайдо бўладиган сезгиларга эътибор беринг. Уларни эслаб қолинг ва ирода кучи билан бу сезгиларни кун бўйи сақлашга ҳаракат қилинг.
Пешонадаги ажинларни юз мушаклари учун мўлжалланган махсус гимнастика ёрдамида кетказиш мумкин. Бироқ, бунда муваффақиятнинг асосий шарти пешонани тириштириш одатини ташлашдир.
Эрталаб уйғонганингизда ўриндан турмасдан 5-6 лаҳза мобайнида қовоқларингизни қаттиқ юминг. Кўрсаткич бармоқларингизни қош усти ва унинг ёнига қўйинг. Кўзларингизни 4-5 лаҳза катта очинг. Машқни 8-10 марта такрорланг. Бир неча кундан кейин қош ёйи устига бармоқларни қўйишнинг ҳожати бўлмайди. Чунки, кўзни бир марта очганда ҳам пешонада ажинлар тўпланмайдиган бўлади.
Қуйидаги усулдан фойдаланиш мумкин: пешонага озиқлантирувчи ёғли крем суринг. Унинг устидан бир бўлак мум қоғоз ёпингда, бинт билан боғлаб қўйинг. Боғлов қанча узоқ турса, шунча яхши. Бу усул камида 15-20 марта такрорланганда унинг фойдаси бўлади. Ажинлар изини юмшатиш учун юзингизнинг хотиржам, мулойим ҳолатда бўлишига ҳаракат қилинг.
Терини, айниқса, қуруқ терини нотўғри парвариш қилганда ҳам ажин эрта тушади. Юз ювишда совунни камроқ ишлатинг, оқартирадиган ва бошқа кремлардан эҳтиётлик билан фойдаланинг. Уқалаш ҳам ажинларни йўқотади, лекин уни қоидаси билан бажаргандагина фойда қилади. Бу муолажа усулини мутахассис-косметологдан ўрганиб олиш мумкин.
Х. ҲУСЕНОВА тайёрлади