Маънавият ва маърифат намойиши
Китоб тафаккурнинг толмас қаноти. У инсоннинг маънавий оламини бойитади. Ижодкорлик ва яратувчанлик қобилиятини шакллантиради. Буюк бобокалонларимиз ҳам бола тарбиясида китобнинг ўрни беқиёслигини кўп бор таъкидлаган. Уни қадрлаш, шунингдек, бундай бебаҳо адабий меросдан самарали фойдаланиш кераклигини айтиб ўтган.
Айниқса ёшлар китоб орқали атрофидаги оламнинг ранг-баранглигини кўради ва ўзини қизиқтираётган турли саволларга жавоб топади. Она Ватанни севиш, уни ардоқлаш, тарихий ва маданий меросни асраб-авайлашга ўрганади. Турли соҳалардаги янгиликлар, адабиёт ва санъатга доир, юртимиздаги ўзгаришлар ҳамда янгиланишлар ҳақида кенгроқ билимга эга бўлади.
Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги!” шиори остидаги “Болалар китоби” II республика фестивали бўлиб ўтди.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур фестивалда ноширлар, матбаачилар, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ўқитувчилар, талаба-ёшлар, ўқувчилар, ота-оналар иштирок этди.
Мамлакатимизда таҳририятлар, нашриётлар, медиа тузилмаларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шароит ва имкониятларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, болаларга мўлжалланган китоб ва босма маҳсулотлар етказиб берувчи таҳририятлар, босмахоналар, нашриётлар учун қўшимча имтиёзлар яратилгани, улар бир қатор тўлов ва солиқлардан озод этилгани ранг-баранг китоб ва босма материалларни тайёрлашда асосий омил бўлмоқда.
“Болалар китоби” II республика фестивалидан кўзланган мақсад адабиёт, маънавият ва маърифат, ноширлик соҳаларида қўлга киритилган улкан ютуқ ва марраларимизнинг маъно-мазмунини халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказиш, болалар адабиётини ривожлантириш, фарзандларимиз маънавиятини юксалтиришдан иборатдир.
Мамлакатимиз нашриётлари томонидан ҳар йили 3 минг номдан ортиқ, умумий адади 45 миллион нусхадан зиёд китоб маҳсулотлари нашр этилмоқда. Элликдан ортиқ нашриёт болаларга аталган ноширлик маҳсулотларини тақдим этиб келмоқда.
Мазкур фестивалда олтмишдан ортиқ нашриёт ва матбаа корхонаси ўз китоб ва босма маҳсулотларини тақдим этди. “Энг яхши ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Менинг биринчи китобчам”, “Атроф-олам муҳофазаси – саломатлик гарови”, “Мўъжиза эмасдир фалакда офтоб, мўъжиза аслида беминнат китоб”, “Китоб – энг яхши совға” мавзуларида интеллектуал мусобақалар, викториналар, ижодий танловлар, ижтимоий сўровномалар ўтказилди.
Шу куни “Туркистон” саройида “Китоб – маънавият сарчашмаси” деб номланган тадбир ва концерт бўлиб ўтди. Республика ёш томошабинлар ва қўғирчоқ театрларининг спектакллари, болалар бадиий жамоаларининг чиқишлари байрамга янада файз бахш этди.
Б.ҲАЛИМОВ,
“Sog‘lom avlod” мухбири