ЭНГ ЯХШИ ОРОМГОҲ ТАШКИЛОТЧИЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ
Мамлакатимиз таълим муассасаларида янги ўқув йили ҳам бошланди. Болалар ёзги таътилда мароқли ҳордиқ олиб янги куч ва шижоат билан ўқув йилини бошладилар. Уларнинг таътил ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида юртимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ йилдан-йилга турли йўналишларда ўз иқтидорини намоён этиб дунё миқёсида эътироф этилаётган ўқувчилар сони ҳам ортиб бормоқда. Бу, шубҳасиз, давлатимиз томонидан ёшларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол бўлиб улғайишлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
“Туркистон” саройида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан ўтказилган 2015 йилги мавсум якуни бўйича болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг V республика форумида шу ҳақда сўз борди.
Дарҳақиқат, фақат ёз мавсумида эмас, балки йил давомида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришга тайёргарлик кўрилиб, барча ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига эришилди. Мазкур жараёнга 300 мингдан ортиқ ўғил-қиз қамраб олинди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё вилоятларида яшовчи болалар, “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари, серфарзанд, алоҳида эҳтиёжли оилаларнинг болалари юртимиздаги сўлим оромгоҳларга имтиёзли тарзда жалб этилди.
Жорий йилда 1 минг 167 оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш концепцияси”га мувофиқ ҳамда ижтимоий ҳамкорлик асосида ташкил этилди.
Форумда энг намунали деб топилган оромгоҳларнинг раҳбарлари, мураббий ва тарбиячилари, тиббиёт ходимлари, етакчилар, ҳомий ташкилот ва идоралар мутасаддиларига “Бахтиёр болалар мамлакати” статуэткаси, эсдалик совғалари, дипломлар ва касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланмалар топширилди.
Б. ҲАЛИМОВ,
“Sog’lom avlod” мухбири