ДАНAКЛАРНИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ МУМКИН

Агар улар заҳарли бўлмаса

Кўпчилик данаклар ва уруғлар жуда ҳам фойдали элементларга бой бўлади, деб ўйлашади. Айниқса, косметологлар ўрик, шафтоли, бодом данагидан олинадиган ёғларни жуда қадрлашади. Диетолог­ (парҳезшунос)лар эса узум данаги мойининг ажойиб хусусиятлари ҳақида Сизга қимматли маслаҳатлар бериши мумкин.

Аммо, барча меваларнинг ҳам данакларини истеъмол қилиб бўлмайди. Чунки, уларнинг баъзиларида инсон организми учун заҳарли бўлган модда–амигдалин гликозид мавжуд.

– Айниқса, аччиқ бодом, (шу жумладан, унинг аччиқ ва ширин мағзи), олхўри, шафтоли, олма, олча, ўрик данаги таркибидаги бу модда меъдада парчаланиб синил кислотага ажралади. У эса заҳарлидир, – дейди Европа тиббиёт маркази эндокринологи Ирина Русс. Айнан амигдалин олма уруғига тахир ва аччиқ таъм беради. Ҳа, уларнинг таркибидаги бу модда кам миқдорда. Бироқ, ушбу далилни эътиборга олиш зарур ҳамда организмни заҳарланишдан асраш керак. “Яна шуни таъкидлаш жоизки, олма уруғи йод манбаи ҳамдир. У кўпгина витаминлар ва минерал моддаларга бой. Аммо уни бир кунда 5-6 донадан ортиқ еб бўлмайди”, дейди И.Русс.

Узум ва анор доналарининг уруғи чайнамасдан ютилса меъда-ичак тизимида худди клетчаткадай таъсир этиб, унинг ҳаракатини кучайтиради. Яъни, перистальтикага ижобий таъсир этади. Бундан ташқари унинг таркибида турли витамин ва минерал моддалардан ташқари ўсимлик фенол бирикмаси, кучли антиоксидант мавжуд. Уруғларни шунчаки чайнаш билан бу бирикма яхши ўзлаштирилмайди. Ундан тиндирма тайёрлаш зарур. Анор уруғи ядросида кўпгина тўйинмаган ёғ кислоталар ва Е витамини мавжуд. Бу уруғларни ейиш мумкин, агарда Сизда меъда-ичак тизимингизда муаммо бўлмаса. Мабодо меъда-ичак тизимида яллиғланиш ёки яра бўлса уруғларни истеъмол қилиш натижасида бу жараён янада кучайиб кетади. Шунингдек, тиш эмалини ҳам асранг. Чунки, қаттиқ маҳсулотлар уни емиради.

Олча данаги таркибида ҳам кам миқдорда синил кислота мавжуд. Бус-бутун ютиб юборилган олча данаги меъда-ичак тизимида парчаланмайди. Олчанинг данагини олмасдан ундан компот ва мураббо тайёрлаш мумкин. Чунки, юқори ҳароратда амингдалин парчаланиб кетади. Бироқ, компотларни янги ҳосил пишгунча албатта истеъмол қилиш зарур. Данаги билан пиширилган олча, гилос ва шу каби меваларни ҳам бир йил муддат давомида тановул этиш мақсадга мувофиқ. Данаксиз тайёрланган мураббо ва жем, қиёмларни икки йил сақласа бўлади.

Яна ўқинг:  BOLA – KO‘ZGU

Шафтоли данаги ҳам истеъмолга яроқсиз. Аввало бу данакни чақиш қийин. Мабодо уни чақиб кўрсангиз ҳафсалангиз пир бўлади. Чунки, унинг таркибидаги кўп миқдордаги амигдалин гликозид сабабли у жуда ҳам тахир, аччиқ ва нордон таъмга эга бўлади. Шафтоли данагидан саноат усулида олинадиган мой жуда ҳам шифобахш. Унинг таркибида ярим тўйинмаган омега-3, омега-6 ва омега-9 ёғ кислоталари мавжуд. Амигдалин сувда эрийди, ёғда эмас. Шу сабабли амигдалин гликозид парчаланмайди ва синил кислота ёғга ажралиб чиқмайди. Шафтоли мойини бош­қа ўсимлик мойлари каби салатларга солса бўлади.

Ўрик данагининг ширин мағзи ҳам ярим тўйинмаган ёғ кислоталари, минерал моддалар ва витаминлардан ташқари синил кислотани ҳам ўзида сақлайди. Катталар учун ўн донадан ортиқ ўрик мағзи истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Кўпчилик ўрик мураббосига унинг мағзини чақиб солишни хуш кўради. Аммо бу мағизларни бир қайнатиб, сувини тўкиб ташлаб кейин мураббога солиш тавсия этилади. Шунингдек, шўрданакни севиб истеъмол қилувчиларга ҳам уни кўп тановул этиш зарарли эканлигини айтиб ўтмоқчимиз. У қанча мазали бўлмасин истеъмол қилишда меъёрни билиш шарт. Айниқса, юрак, қон томир тизими хасталиклари ва буйрак касалликлари, шунингдек, меъда-ичак тизимида муаммоси мавжуд беморлар шўрданак ейишдан тийилишлари керак. Нафақат ўрик данаги мағзидаги амигдалин гликозид, балки унинг таркибидаги туз миқдорининг кўплиги ҳам танада кўп миқдорда суюқлик тўпланиб қолишига сабаб бўлади. Шу сабабли аъзои баданда шиш ҳосил қилади. Яна қабзият(ич қотиш) безовта қиладиган беморларнинг аҳволини янада танг қилади.

Кавказ орти ва Яқин Шарқ мамлакатлари аҳолиси ўрик мағзини иссиқ ҳароратда қиздириб (унга ишлов бериб), кейин истеъмол қилишади. Яъни, уни чала қовуриб, туршак ёки асалга аралаштириб ўзини тановул қилишади.

Ҳимолай тоғларидаги хунза қабиласи кундалик таомномасида тариқ ва ўрик кўп истеъмол қилишади. Шу жумладан ўрик мағзини ҳам. Аммо улар ҳам ўрик мағзини тановул этишда меъёрни билишади. Қачонки бу қабила аҳли европаликларга ўхшаб цивилизация таомлари(кўпроқ гўштли ва ёғли, тўйинган ёғ кислоталарга бой маргарин)ни истеъмол қилишни бошлашган эди, саратон касаллиги уларда ҳам кузатила бошланди. Чунки, аччиқ бодом, ўрик, шафтоли, олма, олча, олхўри ва шу каби данаклар таркибидаги В17 витамини(унинг яна бир номи лаетрил, амигдалин ҳамдир) рак(саратон) ҳужайраларини нобуд қилар экан.

Яна ўқинг:  ҲАР БИР ИНСОНГА МЕҲР ВА ЭЪТИБОР

Табобат илмининг султони, буюк қомусий олим, бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ҳам ўз илмий рисолаларида аччиқ бодомнинг қанча миқдорда ва қандай касалликларга даво эканлигини ёзиб қолдирган.Табиблар томонидан қадимги Миср ва Хитойда аччиқ бодом шифобахш доривор восита сифатида қўлланилган. Бу қуруқ мевани Ўзбекистонда Халқ табобати академияси томонидан лицензия (рухсатнома)си мавжуд табиблар тавсия этган доривор гиёҳлар қаторида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки, аччиқ бодом заҳарли. Унинг ширин мағизлисини ҳам кўп еб бўлмайди. Худди ширин мағизли ўрикни бир кунда 10 донагача ейиш мумкин бўлганидек.

Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” китобида“… аччиқ бодомни тулки еса, уни ўлдиради” деб таъриф берган. Шунингдек, аччиқ бодом жигар, қораталоқ ва буйракдаги тиқилмаларни очади. Бир сўз билан айтганда ҳар нарсада меъёр яхши. Ва албатта, билмаганларингизни билган инсонлардан сўраб ҳамда тиббий рисолаларни ўқиб-ўрганиш нафақат ўз соғлиғингиз, балки оила аъзоларингизнинг ҳам саломатлигини асраб-авайлаш учун муҳимдир.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: