АСАБИНГИЗ БУЗИЛСА…
Одамлар фақат очликни ҳис этганидагина овқатланишни, шунда ҳам ҳам енгил ҳазм бўладиган, сифатли, янги тайёрланган ва тўйимли таомларни истеъмол қилишни одат қилиб олишганида эди, улар дард нималигини билишмасди. Улар ўз танаси ва руҳини эркин идора эта олган бўлардилар. Таассуфки, биз баъзида нафсимиз қурбонига айланиб меъёр тушунчасини мутлақо писанд этмаймиз. Бунинг салбий оқибатлари ҳам ўзини узоқ куттириб қўймайди албатта. Тийиқсизлик кези келиб турли хил касалликларга сабаб бўлади. Тиббиётда, очофатлик ёҳуд аксинча, ҳаддан ташқари очликка (парҳез тутишга) ружу қўйиш туфайли юзага келадиган алоҳида хасталиклар бор.
Бизнинг мақоламиз айнан шундай хасталикларнинг бири — булимия ҳақида. Умуман олганда, асаб тизимининг фаолияти билан узвий боғлиқ бўлган хасталиклар жумласига анорексия, булимия ва компульсив очофатлик (еб тўймаслик) каби касалликлар киритилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юқорида номи зикр этилган касалликларни барчасини клиник жиҳатдан мустақил касаллик сифатида ўрганиш мумкин бўлса ҳамки, уларнинг умумий жиҳати мавжуд. У ҳам бўлса, анорексия, булимия ва компульсив очофатлик (еб тўймаслик) албатта асаб тизимининг фаолияти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланади. Тиббиёт ходимларининг амалий тажрибасидан маълум бўлишича, ҳар бир одам ҳаётининг турли палласида овқат истеъмол қилиш тартибида турлича патологик бузилишлар намоён бўлиши мумкин экан.
Асаб тизимининг фаолиятида юз берадиган бузилишлар туфайли юзага чиқадиган булимия касаллигига чалинган одамлар вақти — вақти билан еб тўймаслик дардига мубтало бўлиб, ундан кейинги даврда аксинча, ҳаддан ортиқ парҳезга берилишади. Асабийлашиш туфайли ортиқча овқат истеъмол қилиб юборганидан хижолат тортаётган бемор қайт қилиб сунъий равишда меъдасини тозалашга, тез-тез ичак фаолиятини юмшатувчи дори воситаларини ичишга, ҳуда-беҳуда парҳез тутишга ҳаракат қилади. Асаби таранг тортган бемор қандай қилиб бўлмасин танасидаги ортиқча калориялардан қутилишни истаб қолади. Мутахассисларнинг эътироф этишича, организмни бу тарзда кескин режимларга мослаштиришга уринишлар оқибати жуда ёқимсиз тугайди.
Тиббиёт амалиётида булимия анорексияга қараганда нисбатан кўпроқ учрайди. Одатда анорексияга чалинган асабий беморлар ҳаддан ташқари парҳез тутиши туфайли жуда катта миқдорларда вазн йўқотишади ва шуниси билан тўғри ташхис қўйишга имкон берадилар. Булимияга чалинган одамларни эса нормал одамдан ажратиб олиш жуда мушкул. Бундай одамлар ташқи кўринишидан бошқалардан асло фарқланишмайди. Бироқ, улар оғир дардга мубтало бўлишганини узоқ вақт давомида сир сақлай олади. Булимия айнан шуниси билан хавфлидир. Зеро, хасталик билан имкон қадар эртароқ курашиш зарур.
Булимияга асосан 13-35 ёшлар орасидаги қиз болалар ва аёллар чалинишади. Клиник маълумотларга қараганда, булимия 15-16, 22-25, 27-28 ёшлиларда кўп учрайди. Таассуфки, сўнгги вақтларда булимиянинг енгил шакли ҳар икки жинс вакилларида ҳам кузатилмоқда. Бунинг хавфли томони шундаки, уларнинг хасталиги клиник жиҳатдан касаллик даражасига етиши мумкин.
Аксарият ҳолларда булимияга чалинган одамлар осонликча ўз дардидан халос бўлолмайдилар. Улар боргани сари очофатлик қилиб қўйгач, шу заҳоти меъдасини ортиқча овқатдан бўшатишни исташади. Бундай хатти-ҳаракатлар пировард натижада асабий беморда овқатдан тўйиш ҳиссининг йўқолишига сабаб бўлади ва ўта даражадаги тийиқсизликка олиб келади.
Бу эса ўз навбатида беморда беқарорликни келтириб чиқаради. Аниқроғи нафсини идора қилишга, овқатланиш меъёрини бир маромда ушлашга ҳаракат қилади-ю, аммо, иродасизлик бу ерда ҳам унга панд беради. Бу ҳол бора-бора мутлақ тийиқсизликка олиб келади.
Булимияга чалинган асабий беморнинг хаёлида фақат овқат ейиш бўлгани сабаб нафсини қондириш учун асосан юқори калорияли, тансиқ овқатларни танлайди. Аксарият ҳолларда овқат ейишдаги тийиқсизлик дардига чалинган одамлар очофатлик билан ўзини — ўзини айблашдан, оғир тушкунликдан, шунчаки зерикишдан қутилишга уринишади. Оқибатда ўзидан яна гина қила бошлаган асабий бемор турли йўллар билан организмни тозаламоқчи бўлади. Бу борада ҳам улар мутлақ тийиқсизлик қилишади ва нимани тавсия этишса, оқибатларини ўйламай шу услубдан албатта фойдаланишади. Илгари айтиб ўтганимиздек, булимияга чалинган асабий беморлар энг аввало, меъдани тўлдириб турган ортиқча овқатдан қутилиш дардига тушиб қоладилар. Бунинг учун сунъий равишда қайт қилишга уринишади. Бундай вазиятда улар бир нарсани эътибордан четда қолдирадиларки, организмдан зўрма-зўраки тарзда чиқариб юборилаётган суюқликлар вақти келиб янада оғирроқ клиник ўзгаришларга, шу жумладан, одамнинг бевақт нобуд бўлишига сабаб бўлади. Ортиқча вазн муаммоси эса ҳеч бир ўзгаришсиз қолаверади.
Масаланинг таъсирланарли жиҳати шуки, ўз вақтида очофатлик қилиб қўйиб сўнг қаттиқ хижолат таъсирида парҳезга ўтишни канда қилмайдиган асабий беморлар умуман тўйиш ҳисси нималигини унутиб қўядилар. Шу боисдан булимияга чалинган беморнинг дарди фикри еб-ичишдан иборат бўлади. Бундай беморлар узоқ вақт давомида бирон нарса ҳақида ўйлай олмайди. Касаллик ривожланиб бораверса, хаста одам токи меъдасида кучли оғриқ ҳиссини сезмагунича очофатлик қилаверади. Лекин кучли оғриқ ҳам уларни тийқсизликдан тўхта олмайди. Сунъий равишда қайт қилиш йўли билан меъдасини бўшатиб яна қайтадан овқатни истеъмол қилишда давом этадилар. Айни вақтнинг ўзида овқатни истеъмол қилиш жараёнида оғир дардга чалинган бемор ўзини айбдордек ҳис қилади, депрессияга тушади, ўзига нисбатан ишонч ва ҳурмат тобора камайиб бораверади.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб кетмоқчимизки, бемор ҳам, уларнинг яқинлари ҳам очофатликка ирода кучи билан чек қўйиш мумкин деб ҳисоблашади. Аммо аслида дард олдида ирода букилади. Бу ҳол қанчалик узоқ вақт давомида такрорланса, вазият шу қадар оғирлашади, касаллик кучайиб бораверади.
Булимия каби асабий хасталикнинг таг замирида жуда чуқур психологик сабаблар, ҳиссий кечинмалар ётади. Аслини олганда, булимияга чалинган бемор овқат истеъмол қилишдаги тийиқсизлик билан эмас, балки шахсий ҳаётидаги муаммолар билан курашади. Айнан шу сабабдан ҳам шахсий ҳаётдаги муаммоларнинг ечимини топмай туриб булимиянинг давосини топиб бўлмайди. Шунинг учун асабий одамнинг дардини ирода кучи билан енгиб бўлмайди.
Булимия икки хил бўлиши мумкин. Булимиянинг биринчи тури аксарият ҳолларда 25-30 ёшли аёлларда учрайди. Ҳаётий муаммолар исканжасида қолиб асаблари таранг тортган, ўта даражада таъсирчан, хавотирланишга мойил бўлиб қолган беморлар аввалига ўзини тинчлантириш учун бирон бир нарсани кавшашга одатланадилар. Шундай қилиб, даставвал, бирон бир стресс ҳолатида ўйламасдан туриб овқат ейиш одати ривожланиб боради. Бора-бора булимияга чалинган асабий бемор учун стрессларнинг ҳам ҳожати қолмайди. Тарки одат амри маҳол деганларидек, ҳуда-беҳуда овқатланиш ўзига хос расм-русмга айланади. Бундай одам озгинагина асабийлашса, шу заҳоти беихтиёр оғзига бирон нарсани солиб кавшанишга тушадиган бўлиб қолади. Эртами-кечми тийиқсиз овқатланиш ҳаёт-мамот масаласига айланади. Аслини олганда, нормал одамларда ҳам стресс ҳолатида бирон бир нарсани еб ўзини тинчлантириб олиш истаги туғилиши мумкин. Аммо, бу каби аломат жуда тез-тез кузатиладиган бўлса албатта мутахассис шифокорга мурожаат қилиш керак бўлади.
БУЛИМИЯ РИВОЖЛАНА БОШЛАГАНИНИ ҚУЙИДАГИ АЛОМАТЛАР ОРҚАЛИ БИЛИБ ОЛИШ МУМКИН:
· бир вақтнинг ўзида жуда катта миқдорда овқат истеъмол қилишга мойиллик пайдо бўлиши;
· овқатни яхшилаб чайнамасдан ютиб юбориш;
· тийиқсиз овқатланишдан сўнг нима қилиб бўлса ҳамки меъдани бўшатишга интилиш;
· одамовилик, сирини ҳеч кимга айтмаслик, кайфиятнинг тез-тез ўзгариб туриши;
· ўзини идора қилиш қобилиятининг сусайиб кетиши, ўзини ёлғиз ва ожиз ҳис қилиш;
· камқувватлик, ўзини носоғлом ҳис этиш;
· томоқ соҳасидаги касалликлар (ангина, фарингит)нинг тез — тез ривожланиши;
· овқатни ҳазм қилиш тизимининг ишдан чиқиши;
· сунъий равишда қайт қилиш сабабли тиш эмалининг емирилиши;
· сўлак безларининг катталашиб кетиши;
· тери касалликларининг ривожланиши;
· сувсизликнинг ривожланиши;
· ўзининг бетоблигини инкор этиш.
Булимиянинг иккинчи тури одатда пубертат ёшдаги (болаликдан ўсмирлик даврига ўтиш палласини бошидан кечираётган) қиз болаларда кузатилади. Аслини олганда, бу даврдаги қиз болалар учун вақти-вақти билан кучли иштаҳа бехосдан овқатланишга нисбатан мутлақо бефарқлик палласи билан алмашиниб туриши жуда хос ҳолатдир. Аммо, вазият назорат остидан чиқиб кетса, оқибатда булимия ривожланиши эҳтимоли пайдо бўлади.
Булимияни даволаш учун энг аввало, ушбу дард борлигини имкон қадар эртароқ аниқлаб олиш зарур. Касалликнинг дастлабки босқичларида дардни психотерапия услублари ёрдамида даволаш мумкин. Беморга бу нисбатан арзонроқ тушади. Мутахассис – шифокорларнинг таъкидлашича, касалликнинг дастлабки босқичларида тўғри ташкил этилган психотерапия сеанслари, медикаментоз даво услублари ҳамда тўғри белгиланган парҳезлар билан уйғунликда кутилган самарани беради.
Хулоса қилиб айтганда, меъёр — табиатнинг йўлдоши, соғликнинг посбонидир. Бинобарин, еб-ичишда ҳам, юриб-туришда ҳам меъёрни сақлай билиш даркор.
Ҳалима РУСТАМОВА тайёрлади.