ЮРТ НОМИНИ ШАРАФЛАГАНЛАР

Жорий йилнинг май ойи ўзбек спорти учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Бунинг боиси, кўплаб спортчиларимиз қатор нуфузли халқаро мусобақаларда, қитъа ва жаҳон биринчиликларида муваффақиятли иштирок этиб, Ватанимизга медаллар билан қайтиб келишди.

Мустақиллик йилларида юртдошларимиз ҳаётида, турмуш-тарзида, онгу шуурида бемисл ўзгаришлар рўй берди. Халқимиз тинч-тотув ҳаётни қадрловчи, ён-атрофидагиларга эзгулик ва яхшиликни илинувчи, бунёдкорлигу ободончиликка камарбаста эл сифатида ўз қаддини тиклади. Айниқса, Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратила бошланди. Фарзандларимизни ҳар жиҳатдан етук, шу юрт, шу миллат тақдири билан яшайдиган ватанпарвар, мард, руҳи, фикри тетик, иймон-эътиқоди мустаҳкам инсонлар этиб вояга етказиш юртдошларимизнинг муқаддас бурчига айланди. Буни ўтган йиллар мобайнида ҳаётга изчил татбиқ этилган кенг қамровли чора-тадбирлар, қилинган эзгу саъй-ҳаракатлар ҳамда уларнинг самараларида яққол кўриш мумкин.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан юртимизда 1 минг 700дан зиёд замонавий спорт иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 115та болалар спорт объектлари, 48 та болалар мусиқа ва санъат мактабининг барпо этилгани, ушбу соҳага давлатимиз томонидан нечоғлик аҳамият берилаётганининг амалий тасдиғидир. Ўз навбатида бундай ғамхўрликка жавобан ёшларимиз ҳам жаҳон ареналарида ўзларининг бор маҳорат ва иқтидорини намоён этиб, она Ватанимиз номини дунёга танитишда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

ЖАВОҲИР – ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ

Бугун шахмат оламида ўзбек “ақл гимнастикачи”лари алоҳида мавқега эга. Юртдошларимиз хоҳ қитъа биринчилиги, хоҳ жаҳон чемпионати ёки Олимпия ўйинлари бўлсин, доимо ғолиблар сафида эътироф этилади. Яқинда Таиланднинг Паттайя шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ҳам бу яна бир бор ўз исботини топди. Чемпионатнинг блиц – тезкор шахмат йўналиши бўйича ўн бир ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Жавоҳир Синдоров якунда жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. У турнир давомида мезбон юрт вакили Аморн Жиараттаначароен, гонгконглик Панг Хо Хуанг, филиппинлик Жастин Мордидо, мўғулистонлик Тенгис Сог-Очир, хитойлик Бокай Янг, малайзиялик Хое Ках Чеахни мағлубиятга учратиб, озарбайжонлик тенгдоши Мирмусо Файзиев билан дуранг ўйнади. Якунда эса истеъдодли ақл гимнастикачимиз 6,5 очко жамғариб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди.

Яна ўқинг:  Касб-ҳунар таълими: бугунги билим эртанги кун тамал тоши

Шунингдек, ушбу йўналишда етти ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида яна бир умидли шахматчимиз Акобирхон Сайдалиев етти имкониятдан 5 очко жамғариб, жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди.

– Мусобақанинг ҳар бир беллашуви финалга тенг бўлди. Айниқса, таиландлик тенгдошим билан бўлган илк баҳс жуда муросасиз кечди. Якунда барибир рақибимни таслим этишга эришдим ва бу ғалаба мени жаҳон чемпиони бўлишимга катта туртки берди, – дейди Жавоҳир Синдоров.

Аслида бундай истеъдодлар ўз-ўзидан камолга етмайди. Қаердаки, иқтидор эгаларига эътибор ва ғамҳўрлик кўрсатилса, у албатта ўзининг ижобий мевасини беради. Айни пайтда юртимизда Жавоҳирга ўхшаган ёшлар талайгина. Уларнинг юз-кўзидаги келажакка бўлган ишончни, мақсадларига эришиш йўлидаги қатъиятни кўриб, беихтиёр қалбингиз фахр-ифтихорга тўлади. Ватанимиз эртаси ишончли қўлларда эканига яна бир бор амин бўласиз.

– Болалигимдан Рустам Қосимжоновга ўхшаган моҳир шахматчи бўлишни орзу қиламан, – дейди Жавоҳир сўзини давом эттириб. – Келажакдаги энг катта мақсадим ҳам худди улар каби катталар ўртасида жаҳон чемпиони бўлишдир.

ТАЭКВОНДОЧИЛАРИМИЗ КУЧЛИЛАР САФИДА

Эсингизда бўлса, ўтган йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган XVII ёзги Осиё ўйинларида таэквондо усталаримиз ушбу спорт турининг Олимпиада дастурига киритилган (WTF) йўналиши бўйича муваффақиятли иштирок этиб, якунда Жасур Бойқўзиев олтин, ака-ука Максим ва Никита Рафалович ҳамда Дмитрий Шокинлар кумуш медалга сазовор бўлишган эди. Вакилларимиз ўшанда ўзларининг ажойиб иштироклари билан дунё спорти жамоатчилиги эътиборига тушганди.

Россиянинг Челябинск шаҳрида таэквондо бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам спортчиларимиз ўзларига билдирилган ишончни оқлаб, якунда битта олтин, иккита кумуш медални қўлга киритдилар. Эътиборлиси, таэквондочиларимиз ўзбек спорти тарихида ўзига хос натижа қайд этиб, илк бор жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлишди. Дунёнинг 140 дан зиёд давлатидан спортчилар қатнашган мазкур жаҳон чемпионатида иштирокчилар 2016 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма берувчи муҳим рейтинг очколари учун ҳам куч синашдилар.

Челябинскда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида спортчиларимизнинг иштироки мухлису мутахассисларда илиқ таассурот қолдирди. Айниқса, ҳамюртимиз Дмитрий Шокиннинг жаҳон чемпиони деган шарафли номни қўлга киритиши, унутилмас воқеликлардан бири бўлди.

Моҳир таеквондочимиз дастлаб ямайкалик Жейсон Грантни катта устунлик билан 37-1 ҳисобида таслим этган бўлса, сўнгра италиялик Леонардо Басилени 8-2, чорак финалда германиялик Волкер Водзихни 11-2, ярим финалда кубалик Робелис Деспейнни 7-6, ҳал қилувчи баҳсда эса кот-д’Ивуар вакили Фирмин Зокоуни 11-10 ҳисобида енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади.

Яна ўқинг:  ҚАТЪИЯТ, ИНТИЛИШ БЕИЗ КЕТМАЙДИ

Шунингдек, 74 ҳамда 87 килограммгача бўлган вазнда татамига чиққан спортчиларимиз Никита Рафалович ва Жасур Бойқўзиевлар кумуш медалга сазовор бўлдилар.

– Халқаро мусобақаларда юрт номини ҳимоя қилар экансан, она халқинг меҳри, ишончи сенга куч-қувват бағишлайди, – дейди жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин. – Шоҳсупанинг юқори поғонасида туриб, она Ватан мадҳиясига жўр бўлиш, сенга қадрдон бўлган байроқнинг сарбаланд хилпирашини кўриш инсон учун катта бахтдир. Бу ҳолатни сўз билан таърифлаш эмас, қалбан ҳис этиш зарур.

АБДУЛЛА ТАНГРИЕВ – ОЛТИ КАРРА ОСИЁ ЧЕМПИОНИ

Яқинда Кувайт мамлакатида дзюдо бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида ҳам ўзбекистонлик полвонлар битта олтин, иккитадан кумуш ва бронза медални қўлга киритишди. Қитъанинг 30дан зиёд давлатидан 200 нафардан ортиқ спортчи иштирок этган мусобақанинг вазни 100 килограммдан юқори бўлган спортчилар ўртасидаги баҳсларида Абдулла Тангриев барча рақибларини ортда қолдиргани ҳолда якунда олтинчи бор Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.

У чемпионатда ҳиндистонлик Удайвир Сингх, дзюдо мамлакати бўлмиш Япония вакили Кента Нишигата, ярим финалда мўғилистонлик Темуулен Баттулга ҳамда финалда қирғизистонлик Юрий Краковетскийни мағлуб этиб, шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой эгаллади.

Яна бир полвонимиз Шарофиддин Болтабоев ҳам чемпионатда муваффақиятли иштирок этди. У 73 килограммгача бўлган дзюдочилар баҳсида финалга қадар етиб бориб, якунда кумуш медаль билан тақдирланди. Шарофиддин Лутфуллаев ва Шерали Жўраев эса бронза медални қўлга киритди.

Хотин-қизлар ўртасидаги вазни 70 килограммгача бўлган дзюдочилар баҳсида ҳамюртимиз Гулноза Матниёзованинг иштироки ҳам барчада илиқ таассурот қолдирди ва у мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди.

ПАРАЛИМПИЯЧИЛАРИМИЗ ҒАЛАБАСИ

Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида ўтказилган кўзи ожизлар ва заиф кўрувчилар ўртасидаги V Бутунжаҳон ўйинларида ҳам вакилларимиз ўз фарзандлик бурчларини чин дилдан адо этиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келди. Мусобақада вакилларимиз бешта олтин, иккита кумуш, ва бешта бронза медални қўлга киритиб, шижоат ва матонат бобида ҳеч бир рақибидан кам эмаслигини амалда исботлади. Жумладан, сузиш баҳсларида Дмитрий Хорлин 200 ва 400 метр масофага эркин усулда сузишда олтин, 100 метрга эркин сузишда бронза медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Шаҳзод Жуманиёзов 200 метр масофага комплекс усулда сузишда шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, 50 метрга брасс усулда сузишда эса бронзага лойиқ кўрилди. Яна бир ҳамюртимиз Муҳаммад Абдураимов 100 метр масофага баттерфляй усулида сузишда кумуш, 200 метр масофага комплекс усулда сузишда бронза медаль билан тақдирланди.

Яна ўқинг:  MAKTABGACHA TA’LIM MUASSASASI – san’at, madaniyat va sport maskani

Шунингдек, дзюдо, беллашувларида ҳам спортчиларимиз иккита олтин, битта кумуш ҳамда иккита бронза медалларини қўлга киритди.

– Ушбу мусобақада дзюдочиларимизнинг ғалабаларига муносиб ҳисса қўшганимдан хурсандман, – дейди 66 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида олтин медаль соҳиби Ўткир Ниғматов. – Насиб бўлса, 2016 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган XV Паралимпия ўйинларида ҳам ушбу натижамни такрорлашга ҳаракат қиламан.

Спортчиларимизга келажакдаги мусобақаларда омад ва зафарлар тилаймиз.

Саъдулло ТУРСИНОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: