ДАВО ЧОРАЛАРИ

ҚАНДЛИ ДИАБЕТДА ЎЗ ВАҚТИДА ҚЎЛЛАНИЛИШИ ЗАРУР

Қандли диабет – Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти мутахассисларининг фикрича бу метаболик моддалар алмашинувининг бузилиши ҳисобланади. Унинг белгиларидан бири қонда қанд миқдорининг юқори бўлишидир (гипергликемия). Қандли диабет икки хил бўлади. Яъни, инсулинга боғлиқ бўлган (1-тур) қандли диабет ва инсулинга боғлиқ бўлмаган (2-тур) қандли диабет. Ушбу хасталикда меъда ости безида инсулин моддаси ишлаб чиқариш жараёни кескин бузилади. Қандли диабет ҳозирги кунда энг кенг тарқалган сурункали касаллик бўлиб, жаҳонда долзарб муаммо сифатида қаралмоқда. Айниқса, Европанинг бир қатор мамлакатларида қандли диабетнинг иккита турини даволаш учун тиббиётга ажратилган йиллик маблағнинг 15 фоиздан 25 фоизгача ташкил қилади.

Қандли диабет ўз вақтида даволанмаса ногиронликка олиб келади ва эрта ўлимга сабаб бўлади. Европа Диабет Ассоциацияси 2012 йилнинг I чорагида беморларда ҳар хил диабетик асоратларнинг тарқалишини ўрганганда улар ҳамма текширилган беморларнинг 59 фоизини ташкил қилар, шу билан бирга 23 фоиз хаста кишиларда иккита ва 13 фоиз касал одамларда уч хил асорат борлиги аниқланган. 80 фоиз беморлар тана вазнининг ортиши ва 43 фоиз эса юрак-қон томир касалликлари патологияси, цереброваскуляр патология 12 фоиз, артериал гипертензия (қон босимининг ошиши) 50 фоизни ташкил қилар экан. Аниқланишича, 2-тур қандли диабет юрак-қон томир нуқсонлари соғлом одамларга қараганда 3-4 баробар юқори экан.

Ривожланган кўпгина мамлакатларда беморларнинг қандли диабет хасталигидан вафот этиш бўйича кўрсаткичлар бошқа хасталикларга нисбатан учинчи, тўртинчи ўринда туради. Ушбу касаллик асоратлари сабабли беморларнинг кўриш қуввати сусайиб кетади ва кўрликка ҳам сабаб бўлади. Катта ёшли беморларда қандли диабет оқибатида қорасон кузатилади. Шу билан бирга глюкозага чидамлиликнинг бузилиши ҳамда юрак ишемик касаллиги икки баробар, юрак-қон томир касалликлари сабабли кузатиладиган ўлим ҳолатлари 1,5 баробар кўп учрайди.

Қандли диабетнинг 2-тури кузатилганда 30 фоиз беморларда унинг асоратлари эрта аниқланади. Шу билан бирга периферик нейропатия 35 фоиз, ретинопатия 12 фоиз, кардиопатия 6 фоиз ва бошқа асоратлар 2-тур қандли диабет хасталиги мавжуд беморларда кузатилади.

Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассисларининг маълумотларига кўра (З.Акбаров, 2005 йил) Ўзбекистонда 2-тур қандли диабет асоратлари қуйидагича:

Яна ўқинг:  Ота-она бўлишга тайёрмисиз? (давоми)

Диабетик ретинопатия -15,1 фоиз, диабетик нефропатия — 4,2 фоиз, диабетик полинейропатия — 39,2 фоиз, диабетик тўпиқ — 5,7 фоиз, юрак ишемик касалликлари — 42,1 фоиз, тана вазни ортиқлиги-4,8 фоиз, артериал гипертензия — 59,8 фоиз ва ҳоказо.

ТАШХИС

Қандли диабетга ҳозирги кунда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти 1999 йилда тасдиқлаган касаллик белгилари таснифи асосида эндокринологлар ташхис қўйишмоқда. Қонда глюкоза миқдори меъёрда 3,5-6,0 ммол/лни ташкил қилади.

Шу билан бирга яширин, (латент) қандли диабет турини аниқлаш учун ГЧБ- яъни, глюкозага чидамлиликни бузилиши тести қўлланилади. Бу синамада қуруқ 75 грамм глюкоза кукуни умумий миқдорда 200 мл илиқ қайнатилган сувга эритиб беморга берилади ва унинг қони 1 ва 2 соат ўтгандан сўнг текширилади.

Меъёрда ГЧБ тести ўтказилганда оч қоринга қанд миқдори 6 ммол/лдан ошиши керак эмас. Икки соатдан сўнг > 11,1 ммол/лни ташкил қилади. Агарда беморни қондаги қанд миқдори > 6,0 ммол/л, 2 соатдан сўнг > 7,8-11,1 ммол/л бўлса ГЧБ ташхиси қўйилади.

Қайси ҳолатларда ГЧБ синамаси ўтказилмайди? Бу синама бир қатор ҳолатларда ўтказилмайди, яъни – ўткир яллиғланиш, бемор жароҳат олганда, жарроҳлик операциялари ўтказилганда.

— Гликемия – қонда қанд миқдорини юқори қиладиган бир қатор препаратлар мавжуд. Бемор глюкокортикоидлар, тиреоид гормонлар, B-адреноблокаторлар қабул қилганда қонда қанд миқдори ошиши мумкин.

ХАСТАЛИК ПАТОГЕНЕЗИ

2-тур қандли диабетни кечиши углеводлар алмашинуви бузилиши билан кузатилиб, унда кунига инсулинга турғунлик ҳолати ва ўртача инсулин етишмовчилиги билан характерланади.

Қандли диабет касаллиги иккита патофизиологик шикастланиш билан тавсифланади:

· Инсулинга турғунлик ҳолати;

· меъда ости бези B-ҳужайралари фаолиятининг кескин бузилиши.

Эндокринологларнинг аниқланишича кўп овқат ейиш ва кам ҳаракатли ҳаёт тарзи тана вазни ортишига олиб келади. Бу эса қандли диабетнинг кўпинча 2-тури билан касал бўлиш хавфи I даражали семизликда 5 баробар, 2 даражали тана вазни ортишида-10 баробар ошади.

Шу билан бирга ёғлар алмашинувининг бузилиши, яъни дислипидемия-88 фоиз, гипертриглицеринемия ҳолатида — 84 фоиз, гипертония — 58 фоиз, гиперхолестеринемияда — 54 фоиз учрайди.

Инсулинга турғунлик ҳолати асосида инсулин таъсири бузилиши тери рецепторлари даражасига етади. Триозинкиназа фаолияти пасайишига боғлиқ ҳолда инсулин рецепторларининг ҳужайра ичидаги фосфорланиш жараёнлари бузилади.

Яна ўқинг:  Ғазаб уйқу билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлади

Инсулинга турғунлик ҳолатида тўқималарнинг инсулин ёрдамида глюкозани сўриб олиши пасаяди. Ортиқча тана вазнига эга бўлган беморларда инсулинга турғунлик 25 фоизни ташкил қилиши мумкин. Шу билан бирга инсулинга турғунлик ҳолати 2-тур қандли диабетга ташхис қўйилишидан 10-15 йил олдин аниқланади. Олимларнинг аниқлашича (2010 йил, АҚШ) инсулинга қарамлик ҳолати бир қатор моддалар алмашинуви бузилиш ҳолатлари (метаболик синдром, юрак ишемик касаллиги, артериал гипертензия (қон босимининг ошиши), семизлик, кўпинча гипотиреоз, тухумдонлар поликистози, ўсмирлик даврида моякларнинг оғриши) кузатилади.

Ирсиятида қандли диабетга мойиллиги мавжуд беморларда ҳам инсулинга турғунлик ҳолати кучаяди. Бунда инсулинга муҳтож тўқималар (жигар, мушаклар ва ёғ тўқималари)да глюкозани қабул қилиш бузилади. Бу эса аста-секин гипергликемия, яъни қондаги қанд миқдорини кўтарилишига олиб келади.

Гиперинсулинемия кучли липотроп таъсирга эга бўлиб кейинчалик у тана вазнининг ошиши ва ёғ тўқималарининг кўпайиши сабабли пайдо бўлади. Шу сабабли семизлик метаболик синдром ривожланишида ҳал қилувчи ҳолатлардан биридир. Эркин ёғ кислотаси парчаланганда тўқимадан ҳужайралар катта миқдорда ажралиб чиқиб жигарга тушади ва қон тизими бўйича тарқалади. Қорин бўшлиғида адипоцитлардан озод бўлаётган эркин ёғ кислотаси тўғридан-тўғри жигарга келиб тушади, инсулинрецепторлар фаолиятини бузади ва инсулинга турғунлик ҳолатини кучайтиради. Жигарда эркин ёғ кислоталари глюкогенез жараёнларини фаоллаштиради. Бу ўз ҳолатида жигарга глюкоза маҳсулотини киритишга ва наҳордаги гипергликемияни ривожланишига олиб келади.

Бу ҳолатда меъда ости безининг b-ҳужайраси томонидан ишлаб чиқилаётган инсулин миқдори етарли бўлмайди. Натижада 2-тур қандли диабетда қонда қанд миқдорининг юқори бўлиши кузатилади.

ДАВОСИ

Қандли диабетнинг микро ва макроангиопатик асоратларининг ривожланиши эътиборга олиниши зарур. Хасталикнинг конпенсация ҳолати (гликемия миқдори, гликерланган гемоглобин), моддалар алмашинуви ва қон босими кўрсаткичлари инобатга олинади.

Алоҳида асоратларнинг хавфи камайиши учун наҳордаги қанд миқдори ммоль/л-< 6,0; микроангиопатия хавфи-> 6,0, макроангиопатия ривожланиши хавфи>7,0 ммоль/л бўлиши керак.

Қандли диабетни даволаш усуллари:

· Парҳез;

· жисмоний машқлар;

· углеводлар алмашинувини бузилишларини тўғрилаш;

· дислипопротеинемияни даволаш;

· артериал гипертония хасталигининг олдини олиш;

· ўз-ўзини назорат қилиш.

Парҳез билан даволанишда айниқса, ортиқча тана вазнига эга бўлган беморларга паст калорияли озиқ-овқат маҳсулотлари тавсия қилинади.

Яна ўқинг:  Парҳез таомлар дастурхони

Бемор ўз рационида, яъни кундалик овқатлинишида тез сўриладиган углеводлар (ширинлик, асал, шакар, мураббо, ширин ичимлик)ни жуда ҳам кам истеъмол қилиши зарур. Клетчаткага бой озиқ-овқат маҳсулотлари хаста кишига қўл келади. Беморда артериал гипертония асорати бўлса тузни кам истеъмол қилиши лозим.

Тоҳир ИБРАГИМОВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: