Чорламалар болаларни чечан қилади

Ўйин – болалар беғубор оламининг кўзгуси, улар маънавиятини хилма-хил қирраларини бутун мураккаблиги билан акс эттиради. Ўйинда болалар борлиқнинг образли ва таъсирли инъикосини кўрадилар, ундан ўзлари завқланадилар, ҳатто катталарни ҳам ҳаяжонлантирадилар. Бундайин ўйинлар замирида болаларнинг мушоҳадакорлиги ошади, ҳис-туйғулари уйғона бошлайди, тасаввурлари кенгаяди, мушаклари чиниқа боради. Натижада уларда эпчиллик, чаққонлик, топқирлик, бардошлилик, журъаткорлик, қатъийлик ва сабот сингари фазилатлар шакллана бошлайди.

ЧОРЛАМАЛАР

Болалар одатда кечқурунлари тўпланиб, эртаклар айтишади. Оламдаги ҳамма нарсалар ҳақида фикр юритади, турли хил ўйинлар ўйнайди. Шундай пайтларда болаларни тўплаш, ўйинларни уюштириш айрим болалар томонидан ташаббускорлик кўрсатишни талаб қилади. Бироқ, болаларни уйдан чақиришга ота-оналарининг муносабатлари турлича бўлади: болага жавоб осонликча тегиши ёки тегмаслиги ҳам мумкин. Болалар эса катталарнинг бундай муносабатини биладилар ва шундан келиб чиқиб ўртоғини уйидан чақириб олиш чорасини топадилар. Улар икки-учтадан бўлиб, ҳовлиларга борадилар, кўчадан туриб чақира бошлайдилар.

– Кел ўртоқ, “қўрчоқ-қўрчоқ” ўйнаймиз.

– Юр, “бекинмачоқ” ўйнаймиз.

Ўғил болалар ўртоғининг лақабини айтиб, чақириши мумкин:

– “Лайлак”, чиқ ўйнаймиз.

Шуниси характерлики, бундай ўйинга чақириқлар шу ҳолича қолиб кетмаган, болаликнинг чорлов билан боғлиқ хилма-хил туйғуларини ифодаловчи қўшиқ сифатида кенг тарқалган. Унда болаларнинг ўйинга чорлов кечинмаларини муайян вазиятга боғлиқ ҳолда ифодалайди ва ҳамиша болаларни ўйинга чорлаш вазифасини бажаради. Уларни худди шу болаларни ўйинга чақирувчилик вазифасини инобатга олиб, “чорламалар” деб номланган. Зотан, бундай чорламаларнинг ижроси ҳар хил хусусиятга эга: айримлари якка овознинг ҳайқириғига мўлжалланган. Аммо, бу таъна оҳанги юмористик характерга эга бўлгани учун малол келмайди:

Бача бўлсанг, келавер,

Ўйнаб-ўйнаб кетавер.

Онанг, қурғур, қўймайдими?

Мушдак қорнинг тўймайдими?

Кел-ҳо, кел.

Кел-ҳо, кел…

Бундай қувноқ юмор айрим чорламаларда ўйинга чақирилаётган боланинг ҳолати ва вазиятидан кулиш замирида воқе бўлганидан аниқлашади, тиниқлашади. Айтайлик, қуйидаги чорламада Раҳима ўйинга чақирилмоқда. Нимагадир, “ҳа” деганда у ўйинга чиқмаяпти. Шунда дугоналари уни “Раҳима хола” дея чақиришга ўтиб, унинг кексалар каби ўйинга ҳафсаласизлик кўрсатаётганини пичинг қилишади:

Кун ботди-ю, кун ботди,

Раҳима хола ётди,

Ётди-ю донг қотди.

Шуни ҳам айтиш керакки, болалар репертуарида чорламалар анча сийраклашиб қолди. Бунинг сабабини янги ижтимоий воқеликнинг болалар турмушига, аниқроғи, ўйин фаолиятига ўтказган таъсири билан изоҳлаш мумкин. Шунга қарамай, ҳозирги шароитда ҳам замонамиз нафасига йўғрилган чорламалар битилмоқда:

Яна ўқинг:  29 март – ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни

Бизлар ўйнаяпмиз,

Давра қуряпмиз.

Даврага келинглар,

Сизлар ҳам қўшилинглар.

Бу даврани қурган

Гулнорани кўринглар.

Албатта, бу ягона замонавий чорлама эмас, болалар репертуарида улар анчагина бўлиб, янгича ғоявий фазилатлар касб эта бошлаган ҳолда бадиий жиҳатдан такомиллашув жараёнини кечаётгани шубҳасиз.

ЧЕКЛАШМАЧОҚЛАР

Ўзбек болаларининг шундай ўйинлари борки, уларни фақат икки рақиб гуруҳга бўлинган ҳолда бажариш мумкин. Буларнинг сони ва тури анчагина бўлиб, жиддий мусобақа характерига эга. Бу хилдаги ўйинларнинг ўзига хос ички қонун-қоидалари бор. Болалар ана шу қонун-қоидаларга амал қилиш жараёнида ички интизом ва тартиблилик масъулиятини сезиш руҳида тарбияланадилар. Аслини олганда, чеклашиш халқимиз орасида қадимдан маълум. Маҳмуд Қошғарийнинг “чеклашди” сўзига берган изоҳи буни яққол тасдиқлайди. Олим чек ташлашнинг қуръа ташлаш маъноси борлигини ҳам қайд этади. Қуръа ташлашнинг спорт билан боғланиши болалар ўйинидаги чеклашиш асосида юзага келган. Зотан, бундай ўйинларнинг аксарияти спорт мусобақаси характеридадир.

Одатда чеклашиш бўлажак икки рақиб гуруҳ онабошилари танлангандан сўнг амалга ошириладиган ўйин муқаддимаси бўлиб, кўп ҳолларда қуръа ташлаш йўли билан ҳал қилиниши анъанавийдир. Кузатишлар шуни кўрсатдики, ижтимоий тараққиёт таъсирида болаларнинг ўйин жараёнидаги эстетик эҳтиёжлари ҳам ўса бошлаган. Бунинг оқибатида қуръа ташлаш предметлилик доирасида қолиб кетмай, ўзига хос ҳаракат ритмига омухта қўшиқ билан синтезлаша борган. Бунинг ёрқин мисоли сифатида кескантераклик (Конимех тумани) болалар репертуарида учрайдиган ёғоч таёқча билан қуръа солишни кўрсатиш мумкин. Икки бола ёғоч таёқчани навбатма-навбат тутиб, қуйидаги қўшиқни айтадилар:

Ол тиёқ

Олман тиёқ.

Бургут тиёқ,

Жаранг-журунг.

Ҳовучлаб тутамлаш пастдан юқорилаб бориши, токи таёқча охирги марта тутамлаганда очиқ жойи қолмоғи шарт. Болаларнинг ҳар бири ҳар гал навбатдаги сатрни айта туриб таёқчани тутамлайди. “Жаранг-журунг” сатрини айтиши билан таёқчани тутамлаш имконияти қолмаган томон кафти билан таёқчани тутганнинг тутами-мушти устига шапалоқлаб уради. Тайёқча унинг қўлидан тушиб кетса, у таёқчани туширганлар томонига, урган эса – таёқчани туширмаганлар томонига; урганда таёқча тушмай қолса, у туширмаганлар томонига, урмаган эса – таёқчани туширганлар томонига ўтади. Шу зайлда ғолиблар ва мағлублардан ташкил топган икки тараф шаклланади ва ўйинга киришади. Бундайин қуръа ташлашнинг болалар репертуаридаги тадрижини кўрсатишда айрича аҳамиятга эга. Чунки, қачонлардир қуръа ташлаш соф предметлилик қобиғида кечган бўлса, секин-аста болалар эстетик қарашлари ўсиши таъсирида такомиллаша борган.

Яна ўқинг:  СУҒУРТА – БОЛАЛАР НИГОҲИДА

Оналарнинг бири “олма”ни танлайди, иккинчисига “нок” тегади. Болалар хаёлларига қандай предмет келса, ўзларини унинг номи билан атайверадилар:

– Кимга от, кимга арава?

– Тоғми, дарё?

– Офтобми, юлдуз?

– Дарахтми, гул?

– Олчими, товва?

Баъзи чиройли шеърий лавҳалар ҳам тўқишади:

Биз икки гулу лола,

Кимга гул, кимга лола?

Бу хилдаги чеклашмачоқларнинг айримлари бевосита онабошига мурожаат қилиш билан бошланади:

– Мати, мати,

Кими навбати?

– Меники. (Онабошилардан бири)

– Тарвузни оласанми?

Ёки қовунни?…

Эътибор қилинса, болалар чеклашишни таъминлаган барча сирли номларнинг ўзаро таносиблигига аҳамият берганлиги равшанланади. Бу чеклашмачоқларда поэтик фазилатни кучайтирган ва айни чоқда болалар эстетик завқини тарбияловчи воситага айланган. Уларни тўплаш ва таҳлил қилиш болаларнинг ўйин жараёнидаги руҳий ва ҳуқуқий хусусиятларини чуқурроқ ўрганишга йўл очган бўлур эди.

Охунжон САФАРОВ,

филология фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: