ТАЪЛИМ СИФАТИ ВА САМАРАДОРЛИГИ ОШМОҚДА
Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 41-моддасидан.
Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта ўзлаштириши, жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида яратилган кенг шароит ва имкониятлар юксак самаралар бермоқда.
Наманган муҳандислик-технология институти мамлакатимиз халқ хўжалиги учун етук мутахассис кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган олий ўқув юртларидан биридир. Президентимизнинг 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизациялаш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш тўғрисида”ги қарори асосида институтда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Юқори малакали мутахассислар тайёрлашни янада такомиллаштириш, тўқимачилик ва енгил саноат ишлаб чиқариш тармоқларининг кадрлар базасини мустаҳкамлаш мақсадида илгари Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти филиали бўлган мазкур ўқув юрти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 июлдаги қарори билан Наманган муҳандислик-технология институтига айлантирилди.
Жорий йилда бу ерда 3 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Жумладан, 400 ўринли талабалар турар жойи тубдан реконструкция қилиниб, 200 ўринга мўлжалланган янги ошхона бунёд этилди.
Айни пайтда етмишдан зиёд ўқув аудиторияси, 14 лаборатория, 7 компьютер хонаси ва лингафон синфида талабалар ўзлари танлаган мутахассисликлар бўйича таълим олмоқда.
– Институтимизда яратилган замонавий шароитларда Президентимизнинг ёш авлодга кўрсатаётган улкан эътибор ва ғамхўрлигини ҳис қилиб турамиз, – дейди 2-босқич талабаси Нодира Мамадалиева. – Мен матбаа ва қадоқлаш жараёнлари технологияси йўналишида таҳсил олаяпман. Ўқишни битиргач, кичик босмахона ташкил этиб, ўз бизнесимни йўлга қўймоқчиман.
Футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, қўл тўпи, теннис майдонларини ўз ичига олган спорт мажмуасининг жаҳон андозалари даражасида жиҳозлангани талабаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
– Институтнинг енгил саноат технологияси, муҳандислик-технология ва кимё-технология факультетларида икки мингдан зиёд талаба ўн уч мутахассислик бўйича таҳсил олмоқда, – дейди институт ректори Одилжон Маматкаримов. – Уларга икки юз нафарга яқин профессор-ўқитувчилар сабоқ бериш билан бирга, илмий тадқиқот, рационализаторлик лойиҳалари устидаги изланишларида кўмаклашмоқда. Жумладан, ўтган йили институтда маҳаллий хомашё асосида болалар овқатланиши учун биоқўшимча ишлаб чиқариш, кўп таркибли пишитилган иплар тайёрлаш, пахта чигитини аэродинамик усулда саралаш, пахта тозалаш заводларида тола сифатини яхшилаш каби технологик лойиҳалар амалиётга муваффақиятли татбиқ этилди.
А.САТТОРОВ,
ЎзА мухбири