ЯХШИ САБОҚ булоққа ўхшайди

Қўлида даста-даста гул тутган болажонларнинг юзу кўзидаги қувонч беихтиёр мактаб даврларини ёдга солади. Мунис ва мўътабар устозларимизни хотирлаймиз. Уларнинг беминнат сабоқлари туфайли ўқиганимиз, олий маълумотли бўлганимизни фахр билан тилга оламиз. Ўқитувчиларимиздек яхши инсон, жамиятимизнинг фаол аъзоси, шу жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган фарзанд бўлишга интиламиз.

Дарҳақиқат, бировга таълим-тарбия бериш машаққатли, шу билан бирга ўта масъулиятли ишдир. Ўқитувчилар ичида эса бошланғич синф муаллимининг вазифаси янаям оғир. Жажжи қалб эгаларининг илм олишга иштиёқини уйғотиш, китобга, дўстлари, атрофидагиларга меҳрли бўлиб ўсишига айнан биринчи муаллимнинг ҳиссаси кўпроқ сингади. Шуларни ўйларканман, биринчи ўқитувчим Ҳидоят Бердиева кўзим ўнгида гавдаланаверади.

***

Куз. Бу фаслнинг ўзига хос таровати бор. Ҳар гал у ўлкамизга ташриф буюрар экан, димоғимга ажиб бир ифор урилади. Ўша, мен илк бора завқ-шавққа тўлиб кириб борган синфхонанинг ифори. Дарслар, сабоқлар, саволлар устида баҳслашувлар… Шундай пайтларда хонага гала қалдирғоч қамалиб қолгандек “чуғур-чуғур” овоз мактаб ҳовлисини тутиб кетарди. Ўқитувчимиз бизни койимасди, аксинча ўзи ҳам жўр бўлган пайтлар кўп кузатилган. Унингча бола фикрини эркин айта оладиган бўлиб ўсиши керак. Мактаб йиғилишларида бу фикрга қарши турганлар, албатта, топиларди. “Йўқ, бу хато, бола интизомга риоя этиши керак”, дерди аксарият ўқитувчилар. Бугун йигирма икки боланинг ўн етти нафари олий маълумотли. Жамиятимизнинг турли жабҳаларида меҳнат қилишмоқда. Улар орасида банк ходимлари, шифокор, ўқитувчилар бор. Бу натижа ўз-ўзидан бўлгани йўқ, албатта.

Ҳидоят опанинг ажойиб одати бор эди. У ҳар бир боланинг одоби, ўзлаштириш даражаси, синфдошларига нисбатан ҳурматини дафтарга тушириб борарди. Яхши томонга ўзгариш сезилмаса, варақ пастига чиройлигина хат ёзиларди. “Болажоним, мана бу дафтарни дадангга бер”. Худди шу гап менга ҳам айтилган. Дадам дафтарни ўқиб чиқаркан, авзойи ўзгарган. Билсам, унда тўполончилигим, тозаликка риоя этмаслигим, кейинги вақтларда фанларни ўзлаштиришим анча пасайгани, дарсликларни асраб-авайлаб тутмаётганим ҳақида экан. Ўшанда илк бора дадамдан танбеҳ эшитганим, иснодга қўйдинг, дея ёзғирганини эслайман. Биласизми, бу дафтар ҳар бир боланинг уйига борган. Унинг пастида уларнинг ота-оналари ёзган жавоб хатлари ҳам бор.

***

Ҳидоят опа жуда камтар ва камсуқум аёл эди. Болаларни уришмасди, ширин гап билан оналарча муносабатда бўларди. Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди.

Яна ўқинг:  ДАРЁ УМР

Қишлоғимиз тоғ ёнбағрида жойлашган. Қиш бошқа жойлардагига нисбатан совуқроқ бўлади. Қор ҳам тиззани кўмаман, дейди. Қаҳратон ҳукмини ўтказибми, иситмам чиқиб, дарсга боролмадим. Онам қўшни боладан бетоблигимни айттириб юборди. Бундан хабар топган устозим оёғини қўлига олиб, уйимизга югурибди. Келса, биз йўқ. Қўшнилар қишлоқ врачлик пунктига кетганимизни, тез орада қайтиб қолишимизни айтишса-да, кутишга сабри чидамай, ортимиздан равона бўлибди. Дўхтирлар уй шароитида даволанишимни айтиб, икки қоғозли дорилар рўйхатини тутқазишди. Қайтаётганимизда устозимни учратдик. Ранглари бир ҳолда, ташвишдалиги шундоққина билиниб турарди. Бирдан мени бағрига босиб, юзларимдан ўпа кетди. Сездирмасликка уриниб ёшларни кафти билан артиб қўйди. Қизиқ, тизза бўйи қор кечиб, унга зарурмиди? Бир бола дарсга бормаса шунча фожеами, бетоб бўлса, бошида ота-онаси борку? Йўқ, бу саволлар худди аксиомага ўхшайди. Жавоб бериш қийин. Таърифлаб ҳам бўлмайди. Ҳа, Ҳидоят опа ҳар бир бола тақдирига ана шундай куюнчаклик билан қарарди.

***

Ҳидоят Бердиева ўттиз йилдан кўпроқ Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 62-умумтаълим мактабида бошланғич синфларга дарс берди. Шу давр мобайнида мингга яқин болага ҳарф танитди, саводини чиқарди. Илм олишга иштиёқини шакллантира олди. Бугун у истиқомат қилаётган Паландара қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси муаллима ҳақида илиқ фикрлар билдиришади. Боиси, ўқувчилари орасида республикада турли ташкилотлар раҳбарлари, вилоят ва туман халқ хўжалиги тизимида фаолият юритаётган, хорижий давлатларнинг нуфузли университетларида таҳсил олаётганлар, давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланганлар бор. Бир ўқитувчи учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак?! Ҳидоят опа ҳозир нафақада. Лекин у яратган ўзига хос мактаб ҳали кўп ютуқларни қўлга киритади. Бугун унинг касбини танлаган шогирдлари ҳам кам бўлаётгани йўқ. Қишлоқда олий ўқув юрти талабалари сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Ёшгина бўлишига қарамай халқаро фан олимпиадаси ғолиби етишиб чиқди. Ҳа, яхши сабоқ – қайнаб чиқаётган булоққа ўхшайди. Асло тўхтамайди, аксинча йилдан йилга ўзанини кенгайтириб, кўнгилларни баҳраманд этаверади.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: