Истироҳат боғида иқтидорли болалар жамланди
Пойтахтимизнинг сўлим масканларидан бири Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишлаб, “Соғлом бола – соғлом юрт келажаги” номли маданий-оммавий спорт тадбири бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамда ЮНИСЕФ, истироҳат боғининг оммавий-маданий ва спорт тадбирларини ташкил этиш бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу байрам тадбири яна янги бўлғуси спорт юлдузларини кашф этди.
Пойтахтимиз маҳаллаларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ҳамда “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари иштирокида шахмат-шашка, 60 метр узоқликка югуриш, арқон тортиш, армрестлинг, стол тенниси, арқонда сакраш каби спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда ким чаққон ва кучли экани намоён бўлди. Шунингдек, “Мен спортни севаман” мавзуида асфальтга расм чизиш бўйича ўтказилган мусобақа болажонларга бир олам завқ-шавқ улашди.
Боғнинг санъат ва спорт майдонида ташкил этилган Республика “Баркамол авлод” болалар техник-ижодиёти маркази қошидаги “Турон” болалар спорт жамоаси ва болалар вокал-рақс гуруҳи, “Вояж” болалар ашула ва рақс ансамбли, Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи қошидаги қўғирчоқ театри, “Улуғбек юлдузлари” ансамбли хонандаларининг концерт дастурлари байрам иштирокчиларига бир олам завқу шавқ улашди. Тадбир сўнггида ғолиб болалар жамоаларига фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Осиё ЖАЙЛОБОВА,
ЎзДЖТУ талабаси