Ҳаётни асраш омиллари

ёки қутиришдан қутилиш йўллари

Болалар жониворларни яхши кўришади. Баъзан улар катталар назоратисиз қолишса кўча-кўйда юрган дайди ит-мушукларни ҳам силаб, уларга меҳр кўрсатишга ҳаракат қилишади. Аммо, бу жонзотларнинг кўпчилиги касал бўлиши мумкин. Шунингдек, уларнинг юнгларида гижжа уруғлари ва танасида зарарли каналар бўлиши эҳтимоли бор.

Баъзи ҳайвон ва одамларда учрайдиган ўта юқумли ва ўткир касаллик саналмиш қутуриш “гидрофобия” ҳам деб аталиб “сувдан қўрқиш” деган маънони англатади. Касалликни қўзғатувчи фильтрланувчи нейротроп вирус бўлиб, уни дастлаб 1884 йилда француз олими Луи Пастер кашф этган. У қутуриш касаллигига қарши вакцина ишлаб чиққан ва бу эм дори ит, бўри тишлаган одамларда қутуришга қарши восита сифатида биринчи бор қўлланган. Нейровирус ўз номи билан энг аввало асаб тизимига кучли таъсир қилади, уни фалажлайди.

Касаллик вирусининг сақловчиси ва манбалари ёввойи ва йиртқич тулки, бўри, чиябўри, уй ҳайвонларидан от, туя, ит, мушук, шунингдек, каламуш, сичқон, юмронқозиқ, кўршапалаклар, қушлар ҳисобланади. Вирус қутуриб ўлган ҳайвонларнинг чириётган мурдаларида, айниқса қиш ойларида бир неча ҳафтагача сақланади. Касаллик одамга дайди ва қаровсиз ҳайвонлар тишлаганида, унинг сўлаги ёки заррачалари терининг тирналган, жароҳатланган соҳаси юзасига, оғиз-бурун, лаб, кўз, шиллиқ пардасига тушганида юқади. Кейин вирус асаб толалари бўйлаб организмга тарқалади, бош ва орқа миядаги ўзи танлаган махсус жойдан макон топади.

Касалликнинг яширин даври ҳайвонларда 14-16 кун, одамларда эса 8-10 кундан бир неча ҳафта, ҳатто 30-90 кун, бир йилгача давом этиши мумкин. Қолаверса, бу муддат қутурган ҳайвон одам танасининг қайси соҳасини, юқори ва пастки қисмларини қай даражада жароҳатлаганига ҳам боғлиқ. Тананинг юқори қисми, айниқса, юз, бўйин, елка ва қўл соҳалари шикастланса, бу жуда хавфли ҳисобланади. Чунки, бу жойларда қон томирлар ниҳоятда сертармоқ бўлиб, организмга кирган инфекциянинг тезда тарқалиши ва касаллик белгиларининг қисқа фурсатда пайдо бўлишига олиб келади. Агар тананинг қуйи қисми шикастланган бўлса, касаллик белгиларининг намоён бўлиши бироз кечикади. Шунга кўра шифокор муолажа тадбирларини тўлиқ ёки қисқартирилган шаклда белгилайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, касаллик ҳайвондан ҳайвонга, ҳайвондан одамга ўтади, лекин одамдан одамга ўтмайди. Табиийки, касаллик турлари ҳайвонларда ва одамларда ўзига хос, турлича кечади. Илмий-тиббий, статистик маълумотларга қараганда, бошқа ҳайвонларга нисбатан қутуриш касаллигига кўпроқ мойиллик ва уни юқтиришнинг 63 фоизи итлар билан боғлиқ экан.

Яна ўқинг:  Наҳорда ичилган сувнинг хосияти

Касалликнинг дастлабки даврида ит оғзидан кўплаб миқдорда сўлак ажрала бошлайди, у тез-тез ўқчиб, қусади. Бошқа бир ҳолатларда итнинг кўзи қонга тўлиб, ҳеч нарсани кўрмайди, ғилай бўлиб қолади, “тиқ” этган шовқин, шарпадан ҳам қўрқиб (акустофобия), ўзини қаёққа қўйиш, уришга жой топа олмай, безовталик билан у ёқ-бу ёққа тез югуради, йўлидаги еб бўлмайдиган ҳамма нарса: тош, латта, кесак, ҳатто панжаралар, занжирни ҳам оғзига олиб, ғажишга киришади. Худди пашша тутаётгандек тумшуғини осмонга кўтариб, бўғиқ овозда увиллайди, ҳуради. Кейин жағи, ютиш мушаклари, олдинги ва орқа оёқлари фалажланиб, боши, бўйни осилиб, думи қисилиб, сув ичишдан (гидрофобия) ва нафас олишдан (аэрофобия) қўрқади. Чунки, мушаклари ва томирлари тиришиб тортишади, нафас олиши, юрак фаолияти тобора ёмонлашади ва ниҳоят ит оғир аҳволда ўлади.

Агар бирор ҳайвон одамни тишласа, қопса, терисини тирнаса ёки унга сўлаги тегса, ўша заҳотиёқ, жароҳат юзасини оқиб турган кир совунли сув билан ювиш, атрофига йод эритмасини суртиб, устига тоза, стерил боғлам қўйиш, шикастланган одамни зудлик билан тиббий муассасалар, травматология бўлимларида фаолият кўрсатаётган махсус шифокор-рабиологга кўрсатиш зарур.

Муаммонинг яна бир муҳим жиҳати шуки, хўжалик ва хонадонлардаги барча катта-кичик ҳайвонлар ветеринария хизмати ходимлари томонидан ҳисобга олиниши, улар ҳар йили қутуриш касаллигига қарши албатта, эмланиши зарур.

Искандар РАҲМОН

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: