Эъзоза энди хасталикдан холи

Ўтган июль ойида бир гуруҳ туғма юрак нуқсони билан оғриган ўзбекистонлик болалар Жанубий Кореяда жарроҳлик операцияларини муваффақиятли ўтказиб, Она юрт бағрига қайтди. Улар орасида китоблик 2 ёшли Эъзоза Саъдуллаева ҳам бор.

Халқимиз ўғил болага наслнинг давомчиси сифатида қарайди. Шу боис ёш оталар хонадонда ўғил боланинг дунёга келишини улкан қувонч билан қаршилайди. Қизми, ўғилми, соғлом фарзанд берсин, дегувчилар эса камчиликни ташкил этади.

Шоҳназар Дилмуродов мактабда ўқитувчи. Болаларга хорижий тиллардан сабоқ беради. Ёш муаллим тенгқурлари қатори паҳлавондек ўғил кўришни орзулайди. Аммо тақдир унга гулдек тўрт нафар қизалоқ туҳфа этди. Эъзоза эса ана шу тўрт қизнинг кичиги, Шоҳназар муаллимнинг эркатойи.

– Қизим Эъзоза дунёга келганидан сўнг тез-тез касалликка чалиниб, ривожланишдан ҳам орқада қола бошлади, – дейди Шоҳназар Саъдуллаев, – кейин уни шифокорлар кўригидан ўтказдик. Тиббий кўрикдан сўнг Эъзозанинг юрагида туғма нуқсони борлиги аниқланди. Оиламизни ҳаловат тарк этди. Турмуш ўртоғим уй бекаси, менинг ойлик маошим рўзғор учун сарф этилади. Аввалида, қизимнинг саломатлигини тиклай олмайманми, деб қўрқдим. Кейин яхшилар кўмаги билан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондига мурожаат этдим. Юртимизда болалар саломатлигини сақлаш учун шундай имкониятлар борлигидан кўнглим осмонга етди. Жанубий Кореяда жарроҳлик операцияси ўтказиш учун кетаётган қизимга ўзим ҳамроҳлик қилдим. Барчаси бепул амалга оширилди. Клиникада ҳам ҳар дақиқа шифокорлар Эъзозанинг аҳволидан хабардор қилиб борди. Ҳозирда қизим ўзини анча яхши ҳис қилмоқда. Оиламизга кўнгил хотиржамлиги ва ҳаловат қайтди.

Дарҳақиқат, фарзандлари саломат кишининг кўнглида ҳаловати бўлади. Юртимизда эса аҳоли саломатлиги, хусусан, болалар саломатлигини сақлаш, хасталикларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бошқа соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам дунёнинг ривожланган мамлакатлари нуфузли клиникалари билан олиб борилаётган ўзаро ҳамкорлик юксак самара бераётир. Жанубий Кореянинг “JCI KOREA” ёшлар ташкилоти, Пундан Ча госпитали каби нуфузли тиббиёт масканлари шулар жумласидандир.

Бундан ташқари юртимизда аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш борасида ҳам кенг кўламда тарғибот ишлари олиб борилаяпти. Диёримизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган қишлоқ врачлик пунктлари ва уларда малакали тиббиёт ходимлари фаолият юритмоқда.

Яна ўқинг:  Қоятошлардаги нодир дурдоналар

Шунга қарамасдан айрим юртдошларимизнинг тиббий саводхонлиги ҳаминқадарлиги сабаб она ва бола саломатлиги хатарда қолаётгани кўзга ташланади. Шу ўринда Эъзоза ва унинг жажжи опалари оралиғидаги ёш масофасининг қисқалигини айтиш жоиз. Аёнки, туғруқлар оралиғининг қисқалиги (Бу оралиқ камида уч йил бўлиши зарур. Чунки, янги бўшанган она организми камида икки йилда тикланади) ва ота-онанинг соғлом бўлмаслиги ҳамда онанинг камқон бўлиши айниқса, ҳомила саломатлигига салбий таъсир этади ва боланинг нуқсон билан туғилишига сабаб бўлади…

Қувонарлиси, Эъзоза энди хасталикдан бутунлай холи.

Ф.ҲАЙИТОВ,

Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: