ҲИСОР СИНОАТИ
Юртимизнинг бетакрор, турфа табиатини ойнаи жаҳон орқали кўп бора томоша қилганмиз. Табиатнинг бундай беназир ва гўзаллиги кишига ҳамиша ҳайрат ва завқ бағишлайди. Ҳар гал олис манзилларнинг наботот ва ҳайвонот оламини кузатаётганимизда беихтиёр табиатнинг гўзаллигига таҳсинлар айтамиз.
Марказий Осиёдаги энг йирик қўриқхоналардан бири бўлган, кенгликлари 81 минг гектарга яқинроқ майдонни эгаллаб, Ҳисор тоғ тизмаларининг шимоли-шарқий томонида, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Қамаши, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларининг тоғли қисмида жойлашган “Ҳисор” давлат қўриқхонаси ана шундай гўзал манзиллардан биридир. У нафақат Ўзбекистоннинг, балки Марказий Осиёнинг дурдонаси ҳамдир. Яшил арчазор, бутасимон ўрмонлар, сарҳади кўринмас яйловлар, дарёлар ва кўллар, ботқоқликлару музликлар ҳамда қоя ва жарликлардан иборат бу ер наботот ва ҳайвонот оламининг ривожланиши ва кўпайишида қулай шароит ҳисобланади. Қўриқхона табиатининг мўътадил бўлишида ундаги мавжуд дарё ва кўлларнинг аҳамияти беқиёсдир. Бир қатор дарёларнинг бошланиши айнан шу қўриқхона ҳудудига тўғри келади. Уларнинг орасида Оқсув, Танхоздарё ва Қизилдарё алоҳида аҳамиятлидир. Ана шу учликнинг Шаҳрисабз туманида бирлашиши натижасида Қашқадарё дарёси ҳосил бўлади. Қўриқхонанинг беназир ёдгорлиги, баландлиги 84 метрдан иборат Сувтушар шаршараси айнан шу дарёларнинг юқоридан пастга қараб оқиши натижасидир.
Қўриқхона билан яқиндан танишар экансиз, унинг тарихий-географик нуқталаридан яна бири бу денгиз сатҳидан 2750 метр баландликда жойлашган, чуқурлиги жиҳатдан Марказий Осиёда энг узун бўлган Амир Темур ғоридир. Олимларнинг текшируви натижасида ғор ичидан тош даврига оид қуроллар ва ҳайвонларнинг суяк қолдиқлари топилган. Ривоятларга кўра буюк соҳибқирон Амир Темур ўзининг отлиқ лашкарлари билан ушбу ғорда бир муддат душманлари хавфидан сақланган ва яқин атрофлардаги қишлоқлардан қўшин тўплаб, Кеш ҳукмронлигини қўлга киритишда фойдаланган. Шу боис ушбу ғор буюк саркарда номи билан атала бошланган. Кузатишларга қараганда ғорнинг узунлиги ғарбдан шарққа томон 870 метр, кенглиги эса 7-10 ва баъзи жойлари 100 метрга етади. Бу ер ости йўлининг қимматли томони шуки, ғорнинг тугаш қисмида диаметри 50-60 метр, чуқурлиги 4-5 метр бўлган мамлакатимиздаги энг катта ер ости кўли мавжуд. Амир Темур ғорининг жанубий томонида Қалъаи шерон сойининг Қизил Шивар кенглигида Чилсим ғори бор. Ушбу ғорнинг яқин атрофларида диаметри 3-5 метр, чуқурлиги 30 метрдан 200 метргача етадиган 100 дан ошиқ ер ғоваклари мавжуд бўлиб, илмий жиҳатдан деярли ўрганилмаган. Бундан ташқари қўриқхона ҳудудида илмий ўрганилишини кутаётган Ғўл ғори, Мансурнинг ғори, Ўғрининг зиндони каби ғорлар ҳам талайгина.
Қор қоплони Ҳисор тоғининг туморидир.
“Ҳисор” давлат қўриқхонасидаги ҳайвонот олами ҳам табиати каби турфа ва мафтункор. Бу ерда умуртқасиз ҳайвонларнинг 950 дан ва сут эмизувчи хайвонларнинг 30 дан ортиқ турлари учрайди. Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган “Катта такабурун” кўршапалаги, Ўрта Осиё қундузи, Туркистон силовсини, Тянь-шань қўнғир айиғи, бундан ташқари ер юзида йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган Кичик такабурун кўршапалаги, қизил суғур, ўрмон олмахони, қор қоплони қўриқхона ифтихори ҳисобланади.
Маълумотларга қараганда бугунги кунда табиатнинг ноёб жонзотига айланиб бораётган қор қоплонларининг сони 4500-7000 бош атрофида эканлиги тахмин қилинмоқда. Табиатнинг арзандаси бўлиб бораётган бу қор қоплонлар Хитой, Непал, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Покистон, Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Бутан каби мамлакатлар ҳудудларида учрайди. Ўзбекистон ҳудудининг Жиззах вилоятидаги “Зомин”, Тошкент вилоятидаги “Чотқол” ҳудудларида учратилгани каби “Ҳисор” давлат қўриқхоналарида ҳам ана шундай ноёб жонзотлар мавжуд.
– Қўриқхона ҳудудидаги қор қоплонларининг сонини аниқлаш ва уларнинг турмуш тарзини ўрганиш мақсадида ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида “Ёввойи табиатни асраш халқаро фонди” (WWF) ва “Халқаро Пантера” жамғармаси” вакиллари билан Ҳисор давлат қўриқхонаси ходимлари ҳамкорлигида қўриқхонанинг Қизилсув бўлими Қизилдарё дарё ўзани бўйлаб ҳар қандай шарпани сезиб, автоматик тарзда ишловчи 40 дона “Пантера” русумидаги фотоқопқонлар ўрнатиб чиқилди, – дейди қўриқхона директори Зиёд Очилов қўриқхона шароити билан таништирар экан. – Фотоқопқонлар йиғиштириб олиниб улар олган суратлар ўрганилганда натижа кутилганидан ҳам аъло бўлиб чиқди. Қизил китобга киритилган Тянь-шань қўнғир айиғини, Туркистон силовсинини, Ўрта Осиё қундузини, қор қоплонининг асосий озуқаси бўлмиш ёввойи тўнғизни ва Сибирь тоғ эчкиларининг 200 дан ортиғининг, шунингдек, Ўзбекистон тарихида илк бор икки дона қор қоплонининг ҳам суратини олишга муваффақ бўлинди. Бу гал мазкур тадбирлар ҳудуди кенгайтирилиб қўриқхонанинг Қизилсув, Танхоздарё ва Мираки бўлимлари ҳудудларидаги фауна вакилларининг кўп учрайдиган қир ва тоғ ён бағирларида, сойлар ва дараларда, ҳамда уларнинг ўтиб-қайтиш эҳтимоли кўп бўлган йўлакчаларда фото ва видеоқопқонлар ўрнатилди. Ўтказилган тадбир натижасида қўриқхона ҳудудида уч жуфт, яъни олти бош қор қоплонлари суратга олиниб, уларнинг асосий озуқа манбалари қўриқхона ҳудудида етарли даражадалиги маълум бўлди. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ер юзида қор қоплонлари яшайдиган майдонларнинг (ареалларнинг) йилдан йилга қисқариб кетаётганлиги, ноқонуний овланиши ва уларнинг асосий озуқа манбаи ҳисобланган тоғ эчкилари, тўнғиз, суғур ва ҳилол какликларининг сонини камайиб бораётганлиги боис қор қоплонларининг сони йилдан-йилга камайиб кетаётган бир даврда Ўзбекистонда қор қоплонлари ва уларнинг асосий озуқа манбаи бўлган ҳайвон турларини сақлаб қолиш бўйича эътиборли ишлар амалга оширилаётганлиги жаҳон қоплоншунос олимлари томонидан таъкидланиб, “Ёввойи табиатни асраш халқаро фонди” (WWF) интернет сайтларида алоҳида эътироф этилди.
Ҳозирги кунга келиб қўриқхона ҳудудидаги қор қоплонларининг сони 20-25 бошга етиб кўпайганлиги мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг ўтган давр мобайнида табиатда йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб флора ва фауна турларини сақлаб қолиш давлатимиз сиёсатининг энг долзарб соҳаларидан бирига айланганлигидан ва бу борада жуда кўплаб эътиборли ишлар амалга ошириб келинаётганлигидан далолат беради.
Авваллари чорва боқиш, деҳқончилик, ноқонуний ов қилиш ва ўсимликларни териш табиий экотизимларга мислсиз салбий таъсир кўрсатган бўлса, “Муҳофаза этиладиган ҳудудлар” тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши, “Ўзбекистон Биохилма-хиллигини сақлаб қолиш стратегияси”, “Ўзбекистонда қор қоплонларини сақлаб қолиш стратегияси ва ҳаракат режаси” ишлаб чиқилиши мазкур воҳанинг табиий экотизими тикланиб боришига дастуриламал бўлди.
“Ҳисор” давлат қўриқхонаси ўзига хос илмий-тадқиқот муассасаси бўлиб, бу ерда фаолият юритаётган ходимлари табиатни муҳофаза қилишнинг илмий асосларини амалиётга татбиқ қилиш, аҳоли ўртасида экологик таълим-тарбия ва тарғибот ишларини олиб бориш юзасидан бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Бир сўз билан айтганда юртимизнинг ўзига хос гўшасида биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш борасида барча бирдек масъул бўлиши лозим.
Маърифат ТОЛИПОВА