Заррин нурлар шифоси

Бугунги кунда баданни қорайтиришнинг бир неча хил усуллари мавжуд. Булардан кенг тарқалгани қуёшнинг ультрабинафша нурлари ёки сунъий ёруғлик манбаи (кварц лампаси) таъсирида танани қорайтиришдир.

Бундан ташқари, турли крем ва бошқа замонавий воситалар ёрдамида терини қорайтириш кенг оммалашди. Офтоб тиғи таъсирида бадан териси тик ва қайтган қуёш нурлари (яъни тент, соябон тагида) таъсирида табиий равишда қораяди. Баъзан сояда турса ҳам бадан сал қорайиши мумкин.

Шунингдек, офтобда тобланишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш лозим.

1. Баданни қуёш нури остида аста-секин, дастлаб 5-10 дақиқадан бошлаб қорайтира бориш ва офтобда узоқ турмаслик керак.

2. Баданни офтобда овқатлангандан сўнг камида 1 соат ўтгач тоблаш керак. (Наҳорда ёки бевосита овқат ейиш олдидан қуёшда тобланиш ярамайди.

3. Қуёшда тобланаётганда кўзойнак ва бошни офтобдан сақлаш учун бош кийим кийишни унутманг!

4. Кун қиздирган пайтда (соат 11 дан юқори бўлган вақт оралиғида) офтоб тиғида ухлаш ярамайди.

5. Бадан териси бир текисда қорайиши учун терига аввал ёнғоқ, чиннигул ёки бошқа ўсимлик мойини суриш тавсия этилади.

Эслатма! Ҳомиладор аёлларга офтобда тобланиш мумкин эмас!

Қуёшда тобланаётганда юз териси қорайиб кетмаслиги учун баҳор ва ёз ойларида эрталаб ва кундузи ҳимоя кремларидан фойдаланиш тавсия этилади. Тобланиш жараёнида керакли қоидаларга ўз вақтида амал қилинмаса, қуёш таъсиридан сўнг терида дерматит пайдо бўлиши, организмнинг иссиқлаб кетиши, офтоб уриши мумкин. Қуёш нури таъсирида пайдо бўладиган дерматит кўпинча баданнинг тегишли жойидаги терининг қизариб кетиши ва сал шишиб чиқиши кузатилади. Бундай ҳолда офтобда тобланишни тўхтатиш, терининг зарарланган жойларини қуёш нури таъсиридан пана қилиш, шунингдек, унга совуқ компресс қўйиш, куйган жойларга шиш, ачишишни бартараф этиш учун тирноқгул мойи суриш керак. Бундай дерматит (тери яллиғланиши) натижасида терида турли қавариқлар пайдо бўлса, зудлик билан дерматолог врачга бориш зарур.

Унутмаслик лозим, баданни қорайтириш ҳаммага ҳам фойда беравермайди. Ҳар бир организм ўзига хос бўлиб, офтоб нури баъзи кишиларга салбий таъсир қилиши мумкин. Мисол учун, кекса ёшдаги кишилар, 2 ёшгача бўлган гўдак болалар, шунингдек, хроник(сурункали) ўпка касалликлари, неврастения ва юрак қон томир касалликлари билан оғриб юрган кишиларга офтобда узоқ туриш ярамайди.

Яна ўқинг:  Тўйиб ухламаслик ортиқча овқат ейишга сабаб бўлади

Офтоб нурларига нисбатан организмда ўта сезувчанликнинг ошиб кетиши ҳоллари ҳам учраб туради. Бу айниқса, альбинослар, яъни бутун баданидан тортиб, қош ва сочларига қадар оппоқ рангда бўлган кишиларга хос ҳолатдир. Бундай кишиларда озгина қуёш таъсирида ҳам терида дерматит пайдо бўлиши, касаллик бирмунча оғир ўтишига сабаб бўлади. Қуёш нурларига ўта сезгир кишилар офтоб қиздирган паллада кўчага чиқишдан аввал баданининг очиқ жойларига ҳимояловчи кремлар суртиши, кўчанинг соя томонидан юриши лозим. Улар баҳор ва ёз пайтларида жанубий курортларда дам олиши, ҳатто ўрта ва шимолий минтақада ҳам пляжларга бориши мумкин эмас.

Наргиза УГЛАМОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: