Саждагоҳим, ғуруримсан, Ватан!

Юртимиз мустақилликка эришган сана яқинлашавергани сари бир воқеа ёдимга тушаверади. Ўтган ўқув йилининг бошида барча билим даргоҳларида бўлганидек, мен таълим олаётган олий ўқув юртида ҳам ўқишнинг биринчи куни мустақиллигимиз шарафига дарслар ўтказилди. Гуруҳимиз раҳбари Ватанимиз авлиёлар макони эканини таъкидлаб, иймон-эътиқоди билан Аллоҳ карамига мушарраф бўлган аждодларимиз ҳақида таъсирли қилиб сўзлаб берди. Уларнинг хоки қўним топган маскан собиқ мустабид даврда қай аҳволда эканини, ҳозир эса қандай кўриниш касб этишини изоҳлаб, видео-материалларни тақдим этди.

Биз, талабалар дарс давомида шунчалик қаттиқ таъсирланганимиздан, муқаддас қадамжолардан ҳисобланган Ҳазрати Имом жомеъ масжидини зиёрат қилишни аҳд қилиб йўлга тушдик. Чиройли, бежирим шарқ архитектураси асосида қайта таъмирланган, атрофи боғу роғга айлантирилган қадамжода маҳаллий зиёратчилардан ташқари кўплаб хорижий сайёҳларни ҳам учратдик. Зиёрат шартларига амал қилиб, йўлакка чиқар эканмиз, қайга борарини билмай турган сайёҳга дуч келиб қолдик. У биздан ниманидир сўрагани чоғланиб илдам қадам ташлади-ю, негадир шаштидан қайтиб, ортга чекинди.

Шунда биз ўзимиз меҳмондан: “Жаноб, сизга ёрдам керакмасми?” – деб сўрадик. Маҳаллий халқдан ўз она тилига мансуб нутқ оҳангини кутмаган сайёҳ ортига “ялқ” этиб қаради. Унинг нигоҳида ҳам таажжуб, ҳам ҳайрат ҳукм сурар эди. У аввалига ўнғайсизланиб, сўнг вазиятни тушунтириб берди. Меҳмоннинг сўзларидан юртимизга биринчи марта ташриф буюрганини, илк кундаёқ ўз ҳамроҳларидан ажралиб, адашиб қолганини билиб олдик. Бизнинг қувноқ даврада нафақат инглиз балки немис, француз тилида сўзлаша оладиганлар борлигини билиб, ўзини анча хотиржам ҳис қилган меҳмон, биз билан бемалол суҳбатлашиб касб-коримиз, ўқишимиз билан қизиқди. Гап орасида: “Чет тиллар институтининг талабалари бўлсангиз керак-а?”, деб қолди.

Бизнинг ўзбек филологияси бўйича мутахассислигимизни билиб ҳавас билан: – Ҳамкасб эканмиз-ку – деди кўзларини катта-катта очиб, ўз юртимда талабаларга она тилимиздан сабоқ бераман, аммо сизлардан фарқли ўлароқ, бегона тилда соф, равон гапира олмайман, – деди афсус оҳангида ерга қараб. – Юртингиз гўзаллиги ҳақида тасаввурга эгаман, аммо ёшларининг бунчалик иқтидорли, зукко эканлигидан бехабар эканман”, – деди ҳайратини яширолмай. Яна: “Қандай қилиб бегона чет тилида деярли нуқсонсиз, соф гапира олиш мумкин?

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар (2015–37)

Биз юртимиз таълим тизими ҳақида сўзлаб бердик. Унга биноан мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб болаларга спорт, санъат, хорижий тиллар мукаммал ўргатилаётгани, касб-ҳунар коллежларида нафақат билим берилаётгани, қўшимча касб-ҳунар ўргатилаётганини тушунтирдик.

Давлатимиз таълим сифатини ошириш учун Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ишлаб чиқилгани ҳақида сўзлаб бердик. Меҳмон бизни диққат билан тинглаб: “Қисқа муддат ичида шунчалик самарадорлик, қойил қолса арзийди. Тўғрисини айтсам, сизларга берилаётган сифатли таълим-тарбия таҳсинга сазовор, устозларинг олдида бош эгиб таъзим бажо келтириш лозим”, – деди-да шартта бош киймини ечиб, таъзим қилганча хайрлашди. Меҳмон транспортга ўтирар экан, то кўринмай қолгунча бизга қўл силкиб борди.

Ривожланган давлат фуқаросидан мақтов сўзларини эшитиш, хорижлик талабалардан савиямиз юқорилиги, улардан кам эмаслигимиз ва буни ўз устози таъкидлаши қалбимни тўлқинлантириб юборди. Ўзбекистондек юртда туғилиб ўсганимдан, шу ерда камол топганимдан чексиз ифтихор туйиб дилимда уйга қайтар эканман, бўлиб ўтган воқеани ойижонимга гапириб бердим.

– Буларнинг барчаси мустақиллик шарофати қизалоғим! Ҳозирги ёшларга яратилган кенг имкониятлар чегара билмайди. Ана шундай имкониятлардан оқилона фойдаланиш ҳар бир ёшнинг бурчи ҳисобланади. Биз ёшлигимизда сизлар каби эъзозланмаганмиз. Сизлар биз учун ҳам ўқишларингиз керак, билим олиб, дунё назарига тушишларингиз шарт” – дейди ойижоним.

Мустақилликдан олдинги даврда ўзимни бир лаҳза тасаввур қилдим-у, ёши улуғларнинг “Бу кунларнинг қадрига етинглар” деб жон куйдириб берган насиҳатининг мағзини чақдим. Яхшиямки, осмонлардек баланд ғуруримни энди ҳеч ким ерга қулатиб поймол қилолмайди. Менинг ҳимоя қўрғоним – мустақил, озод Ватаним бор.

Шаҳноза РАВШАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: