Ёзги таътил имкониятлари

Ёзнинг шукуҳи, таровати ўзгача. Эҳтимол шунинг учундир, ҳар ким бир йил аввал тузган режаларини ёз ойларида амалга оширишга интилади. Кимдир тоғли ҳудудларда дам олишни маъқул кўрса, яна кимдир қизиқарли саёҳатни режалаштиради. Йил давомидаги таълим, ёзги имтиҳонлардан бироз ҳориган ўқувчи-ёшлар эса тоғ ён бағриларига, фаввора ва сув ҳавзалари бўйларига, турли оромгоҳларга ошиқиши табиий. Ўқувчи-ёшларнинг дам олиш кунлари мазмунли ўтишини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда бу йилги ёз мавсумида 950 та оромгоҳ фаолият кўрсатиб, ушбу дам олиш масканларига 281 минг 342 нафар бола қамраб олинади. Бунинг замирида эса келажак авлоднинг соғлом ва ақли расо бўлиб камол топтиришдек эзгу мақсад мужассам.

Тиббий жиҳатдан маълумки, тўғри ташкил этилган ҳордиқ кишининг толиққан асабларини тинчлантириб, ҳам жисмоний, ҳам руҳий чарчоқнинг бартараф этилишига ёрдам беради. Таътилни мароқли ўтказган болалар учун эса навбатдаги ўқув йилини муваффақиятли бошлашига замин ҳозирлайди. Аҳамиятлиси, айрим ўқувчи-ёшлар ёзги таътилни турли оромгоҳларда ёки кўпгина тўгаракларда, билим масканларида, уста-ҳунармандларнинг ҳузурида ҳунар ўрганиш билан ўтказмоқда.

Аббосжон ҳам таътилнинг илк кунларида уста-наққош Саидкомил Хўжаевга шогирдликка тушди. У пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 44умумтаълим мактаби ўқувчиси. Наққошликка меҳр берган боладан уста ҳузурига ошиқиш сабабини сўраганимизда, таътил ҳунар ўрганишда яхши имконият эканини таъкидлаб ўтди. Устига-устак ёш бўлишига қарамай “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлган, бобомерос ҳунарнинг тўртинчи авлоди бўлмиш Саидкомил Хўжаевнинг болаларга қунт билан ҳунар ўргатиб бориши унда бу касбга бўлган қизиқишнинг янада ортишига замин ҳозирлади.

Саидкомил ака ҳозирги кунда “Баркамол авлод” Республика Болалар бадиий ижодиёт марказида ўқувчиларнинг таътили мазмунли ўтишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Очиғи устанинг иш фаолияти билан танишиш чоғида таътил кунларида марказ фаолияти қандайлиги билан ҳам қизиқдик.

Марказда бўлганимизда бу ерда ўқувчиларнинг гавжумлиги эътиборимизни тортди. Кимдир тикувчилик тўгарагига қатнаётган бўлса, яна кимдир ракеталарни моделлаштириш бўйича устозлардан сабоқ олмоқда. Қисқаси, бу ерда Аббосжонга ўхшаган қизиқувчан ўғил-қизларимиз кўпчиликни ташкил этади.

– “Баркамол авлод” Республика Болалар бадиий ижодиёт маркази томонидан ташкил этилган “Бадиий ижод”, “Техника”, “Ўлкашунослик ва экология” йўналишларидаги жами 36 та тўгарак ташкил этилган дейди, – маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Йўлдошбек Акбаров марказнинг ёзги мавсумдаги фаолияти билан таништирар экан. – Мазкур даргоҳда етти юздан ортиқ ўқувчиларнинг қамраб олингани ва ҳар бир тўгаракнинг узлуксиз фаолияти болажонларимизнинг таътил кунларини тўғри ташкил этилаётганидан далолат беради.

Яна ўқинг:  Ўзбек олими кашф этган металл қотишмаси эътироф этилди

Психологларнинг маълумотига қараганда дам олиш кунларини ўзи севган машғулотлари билан ўтказиш бола учун энг яхши ва унумли ҳордиқ саналар экан. Зеро, бу жараёнда бола завқ-шавқ билан ҳаракат қилади. Бутун ижобий қувватини шунга сафарбар этади. Бу жараёнда эса турли янгиликлар кашф этилишига ёки муваффақият қозонилишига замин яратар экан.

Аслида кутилмаган ихтиролар ҳам шу жараённинг меваси. Шу ўринда уста-наққош Саидкомил аканинг сўзларини келтириб ўтсак:

– Шогирдларимни кузата туриб, уларнинг завқланиб ишлаётганларига гувоҳ бўламан. Нафис нақшларга ишлов бераётганида шу қадар берилиб кетадики, баъзан атрофдагиларни, хонанинг иссиқлигини ҳам унутиб қўйишади. Дарс соатимиз белгиланган бўлсада, ўқувчилар уйга шошилмайди. Бошлаган ишни тугаллашга интилади. Бундан кўринадики, ёшларимиз шижоатли ва интилувчан. Бу қизиқишни эса биз катталар ўз вақтида илғай олишимиз ёки унга йўналиш беришимиз лозим.

Чиндан ҳам устанинг шинамгина устахонасидаги жараён – ўқувчиларнинг ёзнинг иссиқ кунига қарамай ёғочга меҳр ила ишлов беришини кўриб, инсоннинг ўз қизиқиши ва орзуларини рўёбга чиқаришда вақтнинг аҳамияти йўқлигига гувоҳ бўлдик. Айниқса, уларнинг ёши, руҳиятига қараб тузилган дарс соатлари эса берилган топшириқларни тезда ўзлаштиришга ёрдам беради.

– Бола табиатан қизиқувчан, янгиликларга ўч бўлади, – дейди психолог Шоҳида Усмонова. – Ана шундай янгиликлар сари уларни йўналтириш, истеъдодларини кашф қилиш орқали қобилиятларини шакллантириш биз катталарнинг вазифамиздир. Чунки, тажрибасиз бола ҳаётда ўзидаги қобилиятларни кўп ҳам илғайвермайди. Бола фақатгина ўрганиб бориш натижасида тараққий этади, камол топади. Фарзандларимизнинг ҳар бир ўтаётган куни унинг ҳам ақлан, ҳам жисмонан улғайиб боришига хизмат қилишида ота-оналарнинг ўрни катта. Зеро, болаларнинг таълимга, касб-ҳунарга бўлган қизиқишларининг ортиб боришини инобатга олиб, уларнинг бўш вақтларини ва дам олишини тўғри ташкил этишга кўмак бериш биринчи масала бўлса, уларнинг бандлиги, доимо назоратдалиги нафақат жамиятда, балки оилада маънавий барқарорликка замин яратиши иккинчи масала ҳисобланади.

– Фарзанд тарбиясининг нозик жиҳати бу боланинг бўш қолиши, – дейди ўзини Мукамбар опа деб таништирган зангиоталик аёл. – Зеро, бекорчилик ортидан оилага турли ёт иллатлар ўрмалай бошлади. Шунинг учун икки набирамнинг қобилияти ва қизиқишини инобатга олиб, уларни заргарлик йўналишидаги тўгаракка бириктирмоқчиман. Бу уларнинг таътил кунларини ҳамда дарсдан ташқаридаги кунларининг мазмунли ўтишига ёрдам беради.

Яна ўқинг:  SPORT

Вақт – берилган имконият ва келажакка қўйилаётган улкан сармоя. Уни қандай сарф этиш эса ҳар бир кишининг ўзига боғлиқ. Аммо вақтнинг қадрини англай билиш ва ундан тўғри фойдаланишни болаликдан, ёшликдан ўргатиб борилса, айни муддао бўлади. Шуни унутмаслик лозимки, ёзги таътил болаларнинг дам олиш онлари бўлиши билан биргаликда улкан кашфиётлар дебочаси бўлиши ҳамдир.

Маърифат ТОЛИПОВА,

“So‘g‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: