Халқ саломатлиги – юрт бойлиги

Яқинда Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон тиббиётининг онкология тизими, ушбу касалликнинг олдини олиш ва уни самарали даволашнинг замонавий усуллари” мавзусига бағишланган анжуман ташкил этилди. Унда Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди вакиллари соҳанинг етук олимлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов анжуманни кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда тиббиёт тизимида инсон ҳаёти учун хавфлилиги жиҳатидан юрак қон томир касалликларидан кейинги ўринда турадиган онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш чораларини кўриш долзарб вазифалардан бири эканини ва мустақиллик йилларида бу борада самарали ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги “Тиббиёт муассасаларининг моддий техника базасини янада мустаҳкамлаш ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу тизимнинг янада ривожланишида муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилаётир. Давлат бюджети томонидан онкология тизимини ривожлантириш учун ажратилаётган маблағнинг икки баробар оширилгани ҳам фикримизнинг тасдиғидир. Ушбу қарор асосида Навоий, Сирдарё, Жиззах вилоят онкологик диспансерлари замонавий ташхислаш ва даволаш ускуналари билан жиҳозланган янги биноларда иш бошлади. Шунингдек, мазкур муассасаларда радиология бўлимлари ишга туширилди. Қолаверса, 13 та вилоят онкология диспансерида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Саримбек НаврЎзов,

Республика Онкология илмий маркази директори, профессор:

– Мамлакатимизда ўсма касалликлари тури ичида энг кўп тарқалгани кўкрак бези саратонидир. Ундан кейин меъда, бачадон бўйни, ўпка ва қизилўнгач саратони туради. Касалликни яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган мақол бор халқимизда. Баъзи кишилар бу касалликни бедаво ҳисоблайдилар. Ҳаттоки, унинг номи қўрқинч уйғотади. Лекин мутахассис сифатида шуни таъкидлашни истардимки, саратон касаллигини эрта босқичларда аниқлашнинг бемор учун ҳам, шифокор учун ҳам ниҳоятда аҳамияти катта. Инсон, аввало, саломатлигига аҳамият бериб, зарарли одатлардан ўзини тия олиши, яратилган шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз вақтида мутахассис-шифокорга мурожаат этиши шарт. Ана шундагина малакали онкологик муассасаларда тўлақонли шифо олган беморлар бу хасталикдан бутунлай фориғ бўлиши ва соғлом ҳаётга қайтиши мумкин.

Ушбу турдаги касалликлар асосан белгисиз кечганлиги боис, беморлар шифокорга кечикиб мурожаат этишади. Бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида шифо маскани мутахассислари томонидан турли ташкилотлар, ўқув масканлари ва чекка қишлоқ ҳудудларида бўлиб, кенг жамоатчилик ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган суҳбатлар, бепул тиббий текширувлар ўтказилаётгани ўз самарасини бермоқда.

Яна ўқинг:  ТАЪЛИМ ТИЗИМИГА БАҒИШЛАНДИ

Шунингдек, мазкур соҳани ривожлантиришда хорижий етакчи клиникалар билан ҳам яқин алоқалар йўлга қўйилган. Япония, Жанубий Корея, Германия, Франция каби давлатларнинг етук олимлари иштирокида халқаро конференциялар ташкил қилинаётгани бунга мисолдир. Бу эса ёш мутахассислар, онколог олимларнинг чет эл клиникаларида малака ва тажрибасини оширишга хизмат қилмоқда.

Тожиддин МУСТАФОЕВ,

Республика Онкология илмий маркази болалар бўлимлари илмий раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди:

– Республика Онкология илмий марказининг “Болалар онкологияси” бўлими 2011 йилдан бери 50 ўринли даволаш биносида фаолият олиб боради. Болаларда учрайдиган хавфли ўсма касалликларининг 75 фоиздан зиёдини эмбрионал ўсмалар ташкил этади. Хавфли ўсма касалликлари орасида хавфли лимфомалар, марказий асаб тизими ўсмалари, буйрак хавфли ўсмалари, суяк ва юмшоқ тўқима хавфли ўсмалари, бош-бўйин соҳаси ўсмалари етакчи ўринда туради. Бу касалликларнинг барчаси комбинирлашган ва комплекс усулда даволанади.

Мулоқот тарзида ўтган тадбирда мутахассис шифокорлар оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: