Кўклам қўшиғи
Бир қўшиқ янграйди… Тўрт фаслдан иборат умр отлиғ хилқатнинг ўтаётган яна бир йилида уйғониш фасли – баҳорни қўлларидан етаклаб келаётган умрбоқий қўшиқ. Сеҳрли оҳанглар оғушида юракни сел қилиб, кишининг етмиш икки томиригача жунбушга келтириб янграётган қўшиқлардан сармаст кўнгилларда яна яшариш, янгиланиш завқи кезади.
Эшитаяпсизми, яна баҳор! Яна қадрдон ўша қўшиқ янграяпти. Қалдирғочлар ҳалинчаги солинган само бағри янада кенгайиб, гўё парқу булутлар ҳам оҳанглар оғушида оҳиста сузади. Шу қўшиқдан баҳра олиб, оппоқ ўрик гулларига қўниб учаётган капалаклар рақсидан дил шодланади. Эгнига атлас либос, бошига ироқи дўппи кийган қизалоқ сочига таққан гулчамбарини кўз-кўз қилганича, сўри тўрида ёнбошлаб олган бобожонининг олқишидан бир олам завқ олганича ширали овозда янграётган уйғониш қўшиғига гир-гир айланиб рақсга тушади…
Баҳор келса алвон-алвон
очилгай гуллар,
Хандон сайраб шўх ғазалхон
сайрар булбуллар.
Зулфи райҳонлар, моҳи тобонлар,
Ўйнаб-ўйнаб рақсга тушар
гўзал жононлар…
Эсладингизми?! Ҳар гал тинглаганингизда кўнглингизга кўклам қувончи беихтиёр кириб келади. Ҳа, бу ўша куй, ўша оҳанг…
Бу машҳур қўшиқни ким ёзганини биласизми? Шоир Камтар шеъри, Ўзбекистон Халқ артисти, бастакор Муҳаммаджон Мирзаев мусиқаси билан яратилган қўшиқ “Ёшлар вальси” деб аталади. Қарийб қирқ беш йилдан буён гулу чечаклар юз очган баҳор фаслини мадҳ этувчи умрбоқий қўшиқ илк маротаба Ўзбекистон Халқ артисти Гулсара Ёқубова томонидан “Лазги” ансамбли жўрлигида ижро этилган.
– Севимли устозимиз Муҳаммаджон Мирзаевнинг (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) “Баҳор вальси” куйига хиром этаётган раққосаларимизни кўриб шодланган томошабинлар, бизнинг “Ёшлар вальси” қўшиғимизни ҳам мамнуният ва гулдурос қарсаклар билан олқишлашди. Қўшиқнинг гўзал матнига ҳамоҳанг басталанган куй халқимиз дилидан жой олганидан шодланиб, ҳар сафар ўзгача бир ҳаяжон билан куйлаганман. Энди бу қўшиқни кўплаб шогирдларим ижро этмоқда. Яқинда ёш шогирдим Назокат Жабборовага ушбу қўшиқни ўргатиб бир олам шодландим. Чунки ўзлигимиз, қадим қадриятларимиз илдизи бориб тақаладиган жамики эзгуликлар абадий яшайверади, – дея эътироф этди биз билан суҳбатда Гулсара Ёқубова.
Ҳа, Баҳорни тараннум этувчи уйғониш қўшиғи бўлмиш “Ёшлар вальси” яна хонадонларимизни шоду хуррамликка буркаб ҳамон янграмоқда.
Орзулардай оқ қорларини мағрур бошларидан силкитиб шарқироқ шалолаларни жилғларга оқизаётган чўққилар оша олис-олисларга таралаётган баҳор қўшиғи, тинчлик ҳукм сураётган юртимиз узра қанот қоқавергин.
Саҳифани Жамила Ҳайдарова тайёрлади.