Президент Ислом Каримовнинг наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи

Азиз юртдошларим, қадрдонларим!

Муҳтарам меҳмонлар!

Биз Ватанимиз ва эл-юртимизнинг тарихий сана ва айёмларига бағишланган бай­рамларни катта тайёргарлик ва хур­санд­чилик билан ўтказамиз.

Лекин, ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин: айни шу кунларда қутлуғ қадамлари билан диёримизга кириб келаётган, баҳор, яшариш ва янгиланиш рамзи, шарқона янги йил дебочаси бўлмиш Наврўзи оламни кутиб олиш ва ўтказиш маросимлари ва хурсандчилигини ҳеч қайси байрам билан солиштириб, қиёслаб бўлмайди, албатта.

Бугун, шу фурсатдан фойдаланиб, мана шу гўзал майдонда байрамона кайфият билан жамулжам бўлиб ўтирган сиз, азизларга, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромимни, меҳр-муҳаббатимни билдириб, Наврўз ­айёми билан табриклаш – мен учун катта бахт.

Азиз дўстларим!

Наврўз айёмини халқимиз нақадар ­орзиқиб ва интизор бўлиб кутиб олаётгани, бу байрамни энг қадимий ва асл миллий байрам сифатида ана шундай ардоқлаб ўтказишимиз, ҳеч шубҳасиз, бежиз эмас ва бунда чуқур маъно-мазмун бор.

Бунинг сабабини аввало Наврўз ғояларида минг йиллар давомида, “Авесто” ­замонларидан буён халқимизнинг безавол сақланиб келаётган қадимий урф-одат ва удумлари мужассам топганида, ҳамоҳанг бўлганида кўришимиз даркор.

Бундай муносабат – аввало кўҳна ва буюк тарихимизга, улуғ аждодларимиз қолдирган меросга, бой маданиятимизга ҳурмат-эҳтиром билан қараш деганидир. Шу билан бирга, бундай муносабат – узоқ ва яқин ўтмишимиз давомида, ўта мураккаб дамларда қандай қийин бўлмасин, қандай оғир синовлардан ўтишга тўғри келмасин, муқаддас қадриятларимизга хиёнат қилмасдан, уларга доимо садоқатли бўлиб яшаётганимиз, уларни эъзозлаб, авайлаб, янги авлодга етказиб келаётганимизнинг ёрқин ифодаси ва тасдиғидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Наврўзи олам ўлкамизга қадам қўйиши билан ҳар биримиз ён-атрофимиздаги мавжудотнинг уйғониши, куртаклар ва гул-чечаклар очилиши, еру кўк бағрида юз бераётган ўзгаришлардан, баҳор нафасидан баҳраманд бўламиз, она табиатимизнинг узвий ва ажралмас бир қисми эканимизни беихтиёр чуқур ҳис қиламиз.

Айни шу паллада худдики табиат олами билан уйғун ва муштарак бўлиб, бу осуда ҳаётни ҳар бир кунининг қадрига етиб, шукроналик ҳиссиёти билан яшаш кераклигини яна ва яна бир бор англаймиз.

Бундай ажойиб лаҳзаларда миллати, тили, динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар қайси оила шоду хуррамлик билан баҳор соғинчи ва орзу-ниятларини, ёруғ чеҳрасини намоён этишга интилади.

Яна ўқинг:  Баҳор либоси – кўклам, атлас жилоси – кўркам

Шу файзли, шодиёна кунларда ҳар қандай гина ва аразлар, низо ва адоватлар унутилади, юртдошларимиз сумалак, ҳалим, кўксомса каби тансиқ таомлар тортилган дастурхонлар атрофида тўпланиб, қалбини дунёга кенг очиб, Наврўз неъматларини, байрам қувончини яқинлари, ёру биродарлари билан баҳам кўришни истайди.

Барча-барчага соғлиқ-омонлик, бахт-саодат тилайди, табаррук кексаларни зиёрат қилишга, уларнинг дуосини олишга ҳозир бўлади.

Шу мўътабар айёмда беморлар, етим-есирларнинг, муҳтож инсонларнинг кўнглини, руҳини кўтариш, барча савоб ишларни амалга ошириш – буларнинг ҳаммаси халқимизнинг қон-қони, онг-онгига сингиб кетганидан, яхшилик ва эзгуликни доимо юрагида сақлаб келаётганидан дарак беради.

Айни шундай пайтларда ўзимга ўзим бир савол бераман. Дунёда бизнинг меҳрибон, меҳмондўст халқимизга ўхшаган халқни топиш мумкинми ўзи? Аминман – ҳеч қачон!

Азиз дўстларим, биродарларим, бизнинг халқимиз нимани истайди? Аввало, ўз юртида ва қўшни минтақаларда, бутун оламда тинчлик-осойишталик ҳукм суришини, турли-турли ҳудудларда давом этаётган можаро ва қарама-қаршиликлар куч ишлатмасдан, фақатгина тинчлик йўли билан, сиёсий музокаралар йўли билан ҳал қилинишини хоҳлайди.

Ўз осмонининг мусаффо бўлишини, тинчлик барқарор бўлган ҳаётни истайдиган халқимиз ўзгаларга ҳам айни шундай тилакларни раво кўради.

Фурсатдан фойдаланиб, бизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, бугун мана шу даврада ўтирган чет давлатларнинг муҳтарам элчиларини, халқаро ташкилотлар вакилларини, бутун дипломатик корпусни, олис ва яқиндаги мамлакатларнинг халқларини Наврўз байрами билан табриклаб, уларга равнақ ва фаровонлик тилашга ижозат бергайсиз.

Муҳтарам дўстларим!

Менинг истагим – мана шу шукуҳли, тароват сочилиб турган дамларда шу муаззам боғда бизга меҳр билан боқиб турган буюк Алишер Навоий бобомизнинг “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” – деган тилаклари худди янгитдан қулоғимизга чалингандек туюлсин, шундай хуш кайфият сиз, азизларимга, бутун эл-юртимизга доимо ёр бўлсин.

Бугун ҳаётга кириб келаётган, билаги куч-қувватга тўлиб бораётган йигит-қизларимизнинг очиқ чеҳрасига боқиб, айтмоқчиман – барчамиз бир нарсани эсимиздан чиқармаслигимиз зарур: халқаро жамоатчилик Ватанимизнинг тараққиёти ҳақида, дунёнинг ривожланган демократик давлатлари қаторига кўтарилишимизни аввало сиз, униб-ўсиб келаётган ёшларимизнинг салоҳияти, билимга чанқоқлиги ва илму фан чўққиларини ўзлаштиришига, етук ва баркамол авлод бўлиб етишингизга қараб, халқаро жамоатчилик бизнинг нималарга қодир эканимизга баҳо беради.

Яна ўқинг:  Спорт танни тоблайди

Шунинг учун ҳам биз ўзлигини, ўз қадр-қимматини, Ватани олдидаги ўз бурчини чуқур англаган, ўз олдига баланд марралар қўйиб, дунёдаги барча тенгдошлари билан беллашувга тайёр фарзандларимни бизнинг ишончимиз ва таянчимиз, ҳал қилувчи кучимиз, деб юксак қадрлаймиз ва сиз ёшларимизни эъзозлаб камол топтиришда ўзимизни ҳеч қачон аямаймиз.

Азиз ва навқирон, кўзни қувонтирадиган болаларим – Наврўзи олам барчангизга баҳордек очилиш, бахт ва омад, севги-муҳаббат олиб келсин, энг эзгу орзуларингизни рўёбга чиқариш сизга насиб этсин.

Азиз қадрдонларим!

Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Хонадонларимиздан меҳр-оқибат, файзу барака аримасин!

Табаррук оталаримиз, мунис оналаримизнинг умрлари узоқ бўлсин, ака-укаларимиз, опа-сингилларимизнинг кўнглидаги пок ниятлари ижобат бўлсин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: