Нафас қисиши: унинг қандай сабаблари бор?

Нафас олиш – ҳаётни таъминловчи муҳим жараён. Аммо баъзан инсонларда нафас қисиши билан боғлиқ турли муаммолар юзага келади.

Нафас қисишини келтириб чиқарувчи бир қанча сабаблар бор. Улар физиологик ва патологик бўлиши мумкин. Физиологик нафас қисиши жисмоний ҳаракат туфайли келиб чиқиб, организмнинг кислородга эҳтиёжи ошиши натижасида пайдо бўлади.
Бу ҳолат 10-20 дақиқадан сўнг ўтиб кетса, саломатлик учун зарари йўқ. Аммо бирор жисмоний ҳаракатдан кейин узоқ вақт нафас қисиши давом этса, бу бирор касаллик аломати ҳисобланади.
Нафас қисилиши объектив бўлиши ҳам мумкин. Киши доимо бу муаммодан азият чекса, унга кўникиб, бора-бора сезмай қолади. Бунда бемор гаплашганда ва юрганда ёки ҳаракатланганда оғир нафас олади. Агар бу ҳолат турли касаллик­лар туфайли юзага келса, патологик нафас қисиши дейилади.
Хусусан, нафас олиш, асаб, юрак-қон томир тизими ва бошқа аъзолар хасталикларида учрайди. Марказий нафас қисиши нафаснинг идора қилиниши бузилганда ёки бош миядаги нафас марказида муаммо кузатилганда рўй беради. Бу ҳолат тинчлантирувчи дорилар ёки наркотик моддалар билан заҳарланиш, бош мия жароҳатлари, бош мияга қон қуюлишида содир бўлади.


Шунингдек, нафас қисиши ўпка қафаси шикастланганда, нафас олиш тизими аъзолари зарарланганда (сурункали обструктив ўпка ва ўпканинг интерстициал хасталиклари, бронхиал астма, пневмония, ўпка туберкулёзи, плевра варақлари касалликлари ва бошқаларда) кузатилади.


Нафас аъзолари хасталиклари туфайли келиб чиқадиган бундай ҳолат инспиратор ва экспиратор турларга бўлинади. Дастлабки ҳолатда бронх­лардаги шиллиқ, балғам ёки ўпкадаги ўсма сабабли нафас олиш қийинлашади. Экспиратор турда эса бронхлар мускулатураси спазми туфайли нафас чиқариш қийинлашади.
Бўғилиб қолишгача олиб келадиган нафас қисиши бронхиал астма ва юрак астмасида содир бўлади. Ўпка тўқимасидаги катта ҳажмли зарарланишларда бўладиган бу ҳолат эса озгина жисмоний ҳаракат қилганда ҳам кучаяди.
Бемордаги нафас қисишига нима сабаб эканини аниқлаш учун бир қанча текширувлар амалга оширилади. Оғир ҳолатларда бронхоскопия ўтказилади. Бир дақиқада 16-20 марта нафас олиб-чиқариш соғлом одам учун меъёр ҳисобланади.
Беморнинг иситмаси кўтарилганда ёки киши қаттиқ асабийлашганда дақиқасига 25 мартадан кўп нафас олиши мумкин.

Нафас қисиши билан кечадиган касалликларнинг олдини олишда организмни чиниқтириш, жисмоний машқлар ва нафас гимнастикаси билан шуғулланиш, нафас йўлларининг юқумли ва аллергик хасталикларини ўз вақтида даволаш, тамаки чекмаслик ва ортиқча вазндан сақланиш тавсия этилади.

Хайрилло РАЖАБОВ,
олий тоифали пульмонолог

Яна ўқинг:  Мияни қувватлантириш учун 5 та фойдали машғулот

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: