Овқатланишдан кейин кўнгил айниса…

Овқатланишдан кейин оғриқ ва ноқулайлик сезишнинг кўплаб сабаблари бор. Агар оғриқ овқатдан кейин дарҳол сезилса ва у бир оздан кейин ўтиб кетса, бунга кўпинча овқат сабаб бўлади.

Агар одам овқатланиш тартибини ўзгартиргандан кейин ҳам бошқа симп­томлар ёки ноқулайлик сезиш давомли бўлса, бунга касаллик сабаб бўлиши мумкин.
Қорин оғриқлари ва ноқулайликларни индивидуал овқатланиш тартиби тузиш, фойдали мева-сабзавотлар истеъмол қилиш билан олдини олиш мумкин. Аччиқ, ёғли, кофеин ва шакарга бой овқатларни камайтириш ҳам фойда беради.
Қуйидаги овқатдан кейин оғриқ ёки кўнгил айниш ҳиссини сезишнинг овқатга ва касалликларга боғлиқлиги ҳақида тўхталамиз.

Овқатдан заҳарланиш. Қорин оғриғи овқатдан заҳарланишнинг калит симптоми ҳисобланади. Бошқа симп­томлар қуйидагилар: қусиш; диарея; умумий ҳолсизлик ва тана ҳарорати ошиши.
Ушбу симптомлар овқатлангандан кейин бир неча соат ичида пайдо бўлади, баъзи ҳолларда бир неча кунларда ҳам намоён бўлиши мумкин. Заҳарланиш одатда бир неча кун давом этади, уйда ётоқ режими ва кўп суюқлик ичилганда ўтиб кетади.


Нордон маҳсулотлар. Нордон маҳсулотлар масалан мева шарбатлари, консерваланган пишлоқ ва томат пасталари ошқозонни қўзғатади. Шу билан бирга мева шарбатларининг ўрнига чой ёки сув ичиш қориндаги оғриқларни камайтиради.
Ошқозонга овқат билан ҳаво кириб қолиши. Ушбу ҳолатда одам ноқулайлик сезади. Қориннинг дам бўлиши ва дискомфорт, баъзи ҳолларда тўсатдан оғриқ ҳам кузатилади. Шакарли ичимликлар ва баъзи овқатлар қорин дам бўлишига ва газ тўпланишига сабаб бўлади. Улар қуйидагилар: пиёз; дуккакли маҳсулотлар; карам; брокколи.
Сақич чайнаганда, ширинлик сўриб юрганда ва овқатланаётганда гапирилса ҳаво ютиб юбориш ҳам кузатилади.
Аччиқ овқатлар. Чили гаримдорилари кўпинча овқатга таъм бериш учун фойдаланилади. Гармдорилар ўзида капсаицин моддасини (ачиши ва қиздириш ҳиссини сездирувчи) тутади. Капсаицин ошқозон шиллиқ қаватини қўзғатади ва кўнгил айниши ҳиссини чақиради.

Ҳазм қила олмаслик. Ошқозон ҳужайралари кислота ишлаб чиқариш хусусиятига эга. Улар овқатни парчалашга (ҳазм қилишга) ёрдам беради. Баъзи ҳолларда кислота шиллиқ қаватни қўзғатади ва ҳазм қилиш қийинлашади. Ёғли, тўйимли овқатлар, кофеин, шакарли маҳсулотлар, алкогол маҳсулотлари ҳазм қилиш бузилишига олиб келиши мумкин.


Кофеин. Кофеин кофе ва аччиқ чой таркибида кўп бўлади. Бу моддалар шиллиқ қаватни қўзғатувчи таъсир кўрсатади. Одам аччиқ бўлмаган чой ва кофе ичиши, илиқ қайнаган сувга лимон тўғраб ичиши тавсия этилади.
Алкогол. Алкогол ичимликлар ошқозон дам бўлишига олиб келади. Айниқса, карбонатларга бой бўлган масалан пиво, кўп турган вино жиғилдон қайнашига олиб келиши мумкин.


Овқатга бўлган аллергия. Кўпчилик одамлар айрим маҳсулотларга аллергия бўлади ва бу ошқозоннинг қўзғалишига, оғриқ сезишга, кўнгил айнишга сабаб бўлади. Овқатни кўтара олмаслик аллергиянинг енгил даражаси ҳисобланади. Баъзи оқсиллар, буғдой оқсили ва лактоза ҳазм қилиш қийин оқсиллар ҳисобланади. Инсонлар овқатланиш рационини индивидуал тузиши билан аллергиядан сақланиб юриши мумкин. Диета тутиш ҳазм қилиш муаммоларидан қутилишнинг энг яхши йўлидир.
Жуда кўп овқатланиш. Ошқозонни сиғимидан ортиқ тўйиб овқатланиш соғлиқ учун зарар. Овқатланишдан кейинги турли хилдаги ноқулайликлар, бўкиб қолганликдан далолат беради.
Қуйида тиббий касалликлар сабабли кузатиладиган кўнгил айниши ва оғриқ сабабларидан баъзиларини келтирамиз.


Гастрит. Ошқозон шиллиқ қаватининг яллиғланиши овқатдан кейинги оғриқ, кўнгил айниши, қусиш ва диспепсия келтириб чиқарувчи асосий сабабдир. Гастритнинг енгил даражаларида уй шароитида диета қилиб ҳам даволаса бўлади. Нордон, аччиқ овқатларни рациондан чиқариб ташлаш кифоя.
Ичакнинг яллиғланишли касалликлари. Ичакнинг яллиғланишли касалликларининг қатор симптомларидан оғриқ ҳисси асосий ўринни эгаллайди. Ичакнинг яллиғланиш­ли касалликлари консерватив (дорилар билан) ва диета қилиш билан даволанади.


Ошқозон яраси. Ушбу касаллик кўнгил айниш ва оғриқ келиб чиқишида етакчи ўринни эгаллайди. Одам овқатлангандан кейин қориннинг эпигастрал (киндик ва тўш оралиғи) соҳасида кучли оғриқ ҳис қилади. Яра касаллигига инфекция ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, дори препаратларини айниқса аспирин сақловчиларни нотўғри узоқ муддат қабул қилишдан келиб чиқади.
Ичакнинг қўзғалиш синдроми. Оғриқ ич кетиши ёки ич қотиши билан келади, дам бўлиш ва спазм кузатилади. Симптомлар кунлаб, ҳафталаб, ҳатто ойлаб кузатилиши мумкин, ҳар доим ҳам овқатдан кейин келмаслиги мумкин. Овқатланиш рационини ўзгартириш ёрдам беради (секин овқатланиш, қовурилган ёғли овқатларни камайтириш, жисмоний машқлар қилиш, алкогол истеъмол қилмаслик, ўз вақтида овқатланиш).
Ўт-қопи тош касаллиги. Агар тошлар ўт йўлларини беркитиб қўядиган бўлса, тўсатдан оғриқ, кўнгил айниши кузатилади. Бунинг давоси консерватив ёки оператив бўлиши мумкин.
Жиғилдон қайнаши. Тиббиёт тилида гастроесофагал рефлюкс (ГЕР) дейилади. Бу ошқозон ширасининг (кислотасининг) қизилўнгачдан оғизгача келишидир. Кўкрак қафасида қизиш ҳисси сезилади, одам уни қайт қилиб чиқариб юборгиси келади. Алкогол, аччиқ овқатлар кўп ҳолларда жиғилдон қайнашига сабабчи бўлади.

Қалқонсимон без гиперфункцияси. Қалқонсимон безнинг тироид гормонлари организмга қандай ишлаш кераклигини бошқаради. Унинг кучли ишлаши мушак, суяк тизимига, юрак ва асаб тизимига таъсир қилади. Яна бир муҳим симптомларидан бири қоринда оғриқ ва диареядир. Бундан ташқари, уйқу бузилиши, тана вазнининг йўқолиши ва юрак уришининг бузилиши ҳам кузатилади.


Селиакия касаллиги. Бу ичак ворсинкаларининг айрим гуруҳ оқсилларига сезувчанлиги туфайли яллиғланишидир. Глутен оқсили арпа, буғдой ва донли маҳсулотларда бўлади. Бу касалликда қорин оғриғи, кўнгил айниши, ич қотиши, диарея, қорин дам бўлиши кузатилади. Ушбу маҳсулотларни рациондан чиқариб ташлаш бу симптомларни йўқотади.
Стресс. Ошқозон шиллиқ қаватини қўзғатиб унинг спазмига олиб келади ва одам оғриқ сезади. Овқатдан олдин чуқур чуқур нафас олиш, хотиржамлик қилиш, секин овқат ейиш симптомлардан халос этади.
Ич қотиши. Овқат массасининг ичак­ларда ҳаракати камайиши ва нажаснинг қаттиқ келиши қоринда дискомфорт ва оғриқ келтириб чиқариши мумкин. Ушбу ҳолатларда қорин дам бўлади. Клетчаткага бой маҳсулотлар ва кўп суюқлик ичиш билан бундан қутилиш мумкин.
Қон босимини туширувчи препаратлар. Қон босимини туширувчи препаратларнинг ножўя таъсирлари натижасида қоринда оғриқ сезишингиз мумкин. Бундай ҳолатларда даволовчи шифокорингизга мурожаат қилишингиз зарур.


Агар юқоридаги симптомлар овқатдан кейин кузатилиши узоқ муддатга давом этса, диета, соғлом турмуш тарзига риоя қилинганда ҳам симптомлар йўқолмаса, шифокор кўригидан ўтишингиз керак бўлади.

Нўъмон БАҲРОМОВ,

Яна ўқинг:  Ўзбекистонда 5 ёшгача бўлган болалар ўлимининг 57 фоизи чақалоқлар ҳаётининг дастлабки кунида содир бўлади

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: