Липомани олиб ташлаш керакми?
Липома – яхши сифатли ўсма, ёғ тўқималаридан тузилган бўлиб, асосан терида, кам ҳолатларда эса сут бези, бош ва орқа мияда ҳам ҳосил бўлади. Ўсма секин асталик билан ўсади ва малигинизацияланиш эҳтимоли ҳам камроқ. Липома жуда кенг тарқалган ўсма касаллигидир, статистика бўйича ҳар юз кишидан биттасида липома мавжуд. Касаллик аёллар ва эркакларда тенг нисбатда тарқалган.
Липома – ушлаб кўрилганда юмшоқ, юмалоқ шаклли, ёғ ҳосилалари билан тўлган, кўпинча терида ҳосил бўладиган яхши сифатли ўсма. Халқ орасида липома «жировик» номи билан аталади. Кўп ҳолатларда липома хавфсиз ҳисобланади. Липома тери ости ёғ қаватида ёки ёғ тўқималаридан шаклланади. Шу сабабли, липома тананинг ҳар қандай ёғ сақланадиган қисмида ҳосил бўлиши мумкин. Одатда инсонларда 1 ёки 2 дона липома ҳосил бўлади, камдан кам ҳолатларда кўп сонли липома қайд этилади ва бу ҳолат тарқоқ липоматоз деб аталади, эркаклар орасида аёлларга нисбатан кўпроқ тарқалган.
Тери остидан секин асталик билан ўсувчи юмшоқ ҳосила – одатда липома деб юритилади. Липома «шарча» каби бўлади. Унинг ўлчами турли хилда бўлади, нўхат донасидан то кўндаланг ўлчами бир неча сантиметргача учрайди. Липома ушлаб кўрилганда резина каби зич, юмшоқ қаттиқликка эга.
Одатда липома ўрта ёшдаги инсонларда 40 ва 60 ёшлар оралиғида кузатилади, болаларда бу касаллик кам қайд этилади. Липома пайдо бўлишининг аниқ сабаби номаълум. Аммо улар қуйидаги инсонларда кўроқ учрайди:
• Туғма касаллик – Коуден синдроми билан касалланган инсонлар;
• Гарднер синдроми;
• Маделунг касаллиги.
Липома бир оила вакилларида учраш эҳтимоли юқори, яъни мойиллик наслий тарафлама берилади. Семизлик липомалар пайдо бўлишида ҳеч қандай аҳамият касб этмайди.
Анатомик жиҳатдан липомалар бир неча гуруҳга бўлинади:
• Бош, юз, бўйин липомалари;
• Гавда липомаси – бел, қорин соҳасида;
• Қўл, оёқ қисмларидаги липомалар;
• Кўкрак қафаси липомалари;
• Қорин бўшлиғи аъзолари липомалари;
• Уруғ тизимчасидаги липомалар;
• Бошқа соҳалардаги липомалар.
Липома секин-асталик билан ўсиб боради ва специфик белгилар юзага келтирмайди, фақатгина тери сатҳида шиш ҳосил бўлади. Ички липомалар одатда сезилмайди, яъни симптомларсиз кечади.
Сут бези липомаси одатда менопауза, яъни климакс давридан кейинги ёшдаги аёлларда юзага келади. Унинг ўлчами 1 см бўлиб, оғирлиги бир неча граммгача бўлиши мумкин. 5 см.дан катта бўлган ва оғирлиги 500 гр дан юқори бўлган липома гигант липома деб аталади.
Сут бези липомаси белгилари:
• оғриқ бўлмаслиги;
• ушлаб кўрганда юмшоқ бўлиши;
• теридан ажралиб чиқиб турмайди яъни ҳосила атроф тўқималар билан қўшилиб кетади ва тери остидан бўртиб чиқиб турмайди.
Одатда липома сут безлари ўртасида аниқ сезилмайди, аёллар профилактик мақсадда УТТ (УЗИ) текшируви ёки маммография вақтида тасодифан аниқланади.
Сут бези липомаси камдан кам ҳолатларда сут бези саратонини келтириб чиқаради, шу сабабли липоманинг ёмон сифатли ўсмага айланиш хавфи деярли йўқ.
Бош ва орқа мия липомаси. Бош мия липомаси тасодифан аниқланади, катта ёшли инсонларда бошқа касаллик диагностикасида бош мия МРТ ёки КТ текширувлари ўтказилганда липома борлиги ҳам кўринади. Липома бош миянинг ҳар қандай қисмида ҳосил бўлиши мумкин, 50 фоиз ҳолатларда перикалозал липома, 25 фоиз ҳолатларда квадригименал истерна ва 15 фоиз супраселляр систерна учрайди.
Бош мия липомалари ҳам деярли симптомлар юзага келтирмайди. Жарроҳлик амалиёти йўли билан липомаларни олиб ташлаш катта хавф ва айтарли самара бермайди. Агар гидросефалия ёки талваса синдроми юзага чиқадиган бўлса, даво муолажалари тартиб бўйича давом этади.
Орқа мия липомаси. Орқа мия липомаси орқа мияда учрайдиган барча ўсма касалликларининг 35 фоиз қисмини ташкил этади ва кўпроқ қиз болаларда учрайди.
Орқа мия липомаси бир неча клиник турларга бўлинади:
Липомиеломенингоселе. Бу туғма патология бўлиб, ёғли ҳосила умуртқа бўйлаб жойлашади ва орқа мия каналига кириб туради, орқа мия билан боғлиқ бўлади. Бу липома ташқи кўринишидан умуртқа ортидаги шарчага ўхшайди. Кўпчилик беморларда липома белгиси пешоб тута олмасликдир. Даволаш фақат жарроҳлик амалиёти билан амалга оширилади.
Терминал тола липомаси. Бунда липома орқа мия охирги қисмидаги толада ҳосил бўлади. Бу каби касаллик кам учрайди, жарроҳлик йўли билан даволанади, юқоридаги туридан кўра хавфсизроқ.
Орқа мия липомаси (интрадурал). Жуда кам учрайди, кўпинча болалар кўкрак умуртқалар соҳасида аниқланади, бунда тери ёки суяклар тизимида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмайди. Агар ўлчами катталашадиган бўлса орқа мияни эзиши мумкин ва шунга хос бўлган белгилар юзага чиқади. Бу турдаги липома ҳақида фанда маълумотлар жуда кам.
Эпидурал липоматоз. Эпидурал соҳада ортиқча ёғ синтезланиши натижасида келиб чиқадиган касаллик. Эпидурал бўшлиқ бу – умуртқа канали ва орқа мия қаттиқ пардаси оралиғидаги бўшлиқдир. Бу каби липома Кушинг синдроми, оғир семизлик, глюкокортикоидлар қабул қилиш натижасида келиб чиқади. Давоси семизликни бартараф этиш ҳамда гормонал препаратлар қабул қилишни тўхтатиш.
Ангиомиолипома. Қон томирларга бой бўлган ва ёғ тўқималаридан иборат бўлган ҳосила. Кўпинча бел умуртқалари соҳасида ёки кўкрак умуртқаларида аниқланади. Бир умуртқа танасида пайдо бўлади, оғриқ симптоми билан юзага чиқиши мумкин, бунга сабаб умуртқа дисклари орасидан ўтаётган нерв толаларининг эзилишидир.
Липома 30-40 ёшдаги инсонларда кўпроқ учрайди. Агар ҳосила ўлчами катталашиб борса ва нерв толаларини эзиб қўйса – пунцион вертебрапластика амалиёти ўтказилади. Баъзида ангиомёлипома буйракларда аниқланади. Катта бўлмаган (1-1,5 см) ўлчамдаги ҳосила даво талаб этмайди, шунчаки вақти вақти билан УТТ (УЗИ) ёрдамида текшириб турилади.
Тери остида ҳосил бўлган липома палпация усули билан осон аниқланади. Организми ички қисмларидаги липома УТТ (УЗИ), МРТ, рентгенография усуллари ёрдамида текширилади. Ташхис қўйишда қийинчиликлар юзага келса биопсия олинади ва микроскоп остида кузатилади.
Липома организмнинг ҳар қандай қисмида ҳосил бўлиши мумкин, шу сабабли касалликни турли йўналишдаги шифокорлар даволаши мумкин. Бу албатта липоманинг жойлашган соҳасига боғлиқ бўлади. Тери соҳасида ҳосил бўлган липома дерматолог ва жарроҳ томонидан даволанади. Сут безларида пайдо бўлган липома эса маммологлар томонидан, бош ёки орқа мияда ҳосил бўлган липома эса нейрохирурглар томонидан даволанади.
Атерома липомадан қандай фарқланади? Липома ёғ тўқималаридан тузилган ҳосиладир, атерома эса ёғ безлари секретидан яъни без йўлларининг ёпилиб қолиши натижасида ҳосил бўлади. Атерома ёғ безлари йўқ соҳаларда пайдо бўлмайди яъни ўпка, мия, қорин бўшлиғи, уруғ тизимчаси ва бошқалар.
Атерома кўпинча бошнинг сочли қисмида ҳосил бўлади, йиринглаш ва яллиғланишга мойил, юза жойлашади. Атероманинг яллиғланишида ўлчами катталашади, қизариш белгилари пайдо бўлади, бу каби ўзгаришлар липомада кузатилмайди. Беморда атерома ёки липома ҳосил бўлганлигини аниқлаш мақсадида УТТ (УЗИ) текшируви ўтказилади.
Агар липома оғриқсиз ва катта ўлчамда бўлмаса даво талаб этмайди. Сут безлари липомаси одатда кузатилади. Бунинг учун ҳар 6 ойда маммография текшируви ўтказилиб турилади, агар ҳосил ўлчами катталашмаса уни олиб ташлаш талаб этилмайди.
Липомани олиб ташлаш керакми?
Липома қуйидаги ҳолатларда олиб ташланади:
• Нерв охирларини эзиб қўйса;
• Дискомфорт туғдирса;
• Ўлчами ёки консистенсияси ўзгарса;
• Олиб ташлангандан сўнг қайта ҳосил бўлса;
• Ўсишда давом этса.
Липомани олиб ташлашдан олдин кортикостероидлар юборилади, бу ўсма ўлчами кичрайишига ёрдам беради.
Липомани олиб ташлашда қуйидаги усуллар ўтказилади:
Жарроҳлик йўли: маҳаллий оғриқсизлантириш орқали липомани скалпел ёрдамида кесиб олиш ва жароҳат жойини тикиш;
Липосакция: липома ичига игна ёрдамида кирилади ва ичидаги тузилмалар сўриб олинади;
Липомани лазер ёрдамида олиб ташлаш: бу усул 3 см.дан катта ўлчамдаги липомаларни олиб ташлаш учун ўтказилади. Жарроҳлик амалиётида соғлом тўқималар жароҳатланиши ва қон кетиш хавфи жуда кам.
Лазер ёрдамида олиб ташлангандан сўнг, унинг ўрнида чандиқ ҳосил бўлмайди.
Липомани халқ табобати ёрдамида даволаб бўлмайди, липома ҳосил бўлган соҳага муз қўйиш ёки қиздириш, турли хил ўсимликлардан тайёрланган мазлар суришнинг сезиларли самараси йўқ, бу моддалар ёғ тўқималарига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
Липома ҳосил бўлишига олиб келувчи аниқ бир сабаб бўлмаганлиги боис профилактикада ҳам аниқ бир чора тадбирлар мавжуд эмас. Хавфни камайтириш мақсадида тана вазнини меъёрда ушлаб туришнинг ўзи кифоя.
Нилуфар ВАҲОБОВА,
шифокор