Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дастурларини амалга ошириш марказида ташкил этилган «Карьера куни» ҳам айнан талабаларни ўқиш даврида турли компания ва ташкилотларга амалиётга жалб этиш, уларнинг соатбай ва ўқув муассасасини битиргандан сўнг тўлиқ бандлигини таъминлашга қаратилди.

Шерзод МАМАТОВ,
Тошкент шаҳар Вебстер
университети таълим
дастурларини амалга
ошириш маркази директори
ўринбосари:

– Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва АҚШнинг Вебстер университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Вебс­тер университети таълим дастурларини амалга ошириш маркази 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган.
Марказда бўлиб ўтган «Карьера куни» бўш иш ўринлари ярмаркасида 80 тадан зиёд хорижий компаниялар, вазирлик ва идоралар, маҳаллий корхона ва ташкилотлар иштирок этди.
Ушбу ярмарка ўтказилишидан мақсад АҚШ олий таълим муассасалари тажрибаси асосида «Career development coordinator» — Карьерани ривожлантириш координатори алоҳида иш олиб борган ҳолда талабаларнинг 1-босқичдан 4-босқичгача амалиёт ўташлари соатбай ва тўлиқ бандлигини таъминлашда ташкилот ва компаниялар ўртасида кўприк вазифасини ўтайди.
Шуниси қувонарлики, бугунги меҳнат ярмаркаси орқали кўплаб талабаларнинг нафақат бандлигини таъминлашга, балки тажриба орттириб, малакали кадрлар сифатида инглиз ва рус тилида эркин сўзлаша оладиган, рақобатбардош кадр сифатида хорижий компания­ларда тажриба орттириш имкониятига эга бўладилар.
Келажакда Марказда бундай тадбирлар кўплаб ўтказилишини ва ушбу Карьерани ривожлантириш координатори фаолиятини кенгайтириш мақсад қилинган. Тошкент шаҳрида Вебстер университети таълим дастурларини амалга ошириш маркази раҳбарияти юрт ривожига муносиб улушларини қўша оладиган кадрларни етказишда ва уларнинг бандлигини таъминлашда барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади.

Азиз АКРОМОВ,
Инновацион ривожланиш
вазирлиги Ёшлар билан ишлаш
бўлими бошлиғи:

– Бизнинг бугунги кундаги асосий вазифаларимиздан бири иқтидорли ёш авлоднинг бандлигини таъминлашдир. Бугун меҳнат ярмаркасида иштирок этишдан мақсадимиз соҳага қизиқадиган талабаларнинг амалиёт ўташлари ва соатбай бандлигини таъминлашдир. Албатта, улар ярим ставкада маош билан таъминланади. Агар иш мобайнида ахлоқий қоидалардан чиқмай, одоби, изланувчан ва интизомлилиги билан эътибор қозона олса, унга ишонч билдирган ҳолда тўлиқ иш билан таъминлаймиз.

Ойбек ЖУМАЕВ,
Ўзбекистон Миллий банки
ходимлар билан ишлаш
департаменти ходими:

– Биз 3-4-курс талабаларини танлов асосида соатбай ишга қабул қиламиз. Албатта, улар иш мобайнида тажриба орттириш билан бирга, банк тизимини ҳам ўрганадилар. Тизимда интизом ва талабчанлик иш унумини белгилайди. Шунингдек, компьютер технологиялари билан ишлашлари мустаҳкамланиб, келажакда яхши банкирлар таёрлашда бу амалиёт муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Сирена ИСЛАМОВА,
БМТнинг Ўзбекистондаги
ваколатхонаси ходими:

– Ваколатхонамизда ҳар йили меҳнат ярмаркаси орқали хорижий университет 4-босқич бакалавр ва магистратура босқичи талабаларидан 15-20 нафари амалиёт ўташ билан бирга, соатбай иш билан таъминланадилар. Улар бизда чет давлатлар билан алоқада иштирок этиш, турли лойиҳа ва дастурлаш ҳамда таржимон сифатида иш юритадилар. Ҳозир ярмаркада 20 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этяпмиз.

Шоҳруҳ ЮСУПОВ,
VIVO халқаро компанияси
тренинг-менежери:

– Халқаро компаниямиз асосан смартфонлар, камералар, қулоқчинлар ва бош­қа техника воситалари ишлаб чиқарадиган катта жамоага эга. Шу боис техника соҳасини яхши эгаллаган, билимдон ва чаққон интеллектуал ёшларни жамоамизга ишга қабул қиламиз. Муҳими, улар келажакда энг яхши мутахассис сифатида бўй кўрсатиб, муқобил маош олишга ҳам эришадилар.

Айтиш жоизки, байрамга айланган меҳнат ярмаркасида Тошкент шаҳрида Вебстер университети таълим дас­турларини амалга ошириш марказида таълим бераётган 200 нафарга яқин хорижлик ва маҳаллий ўқитувчи-профессорлар ҳамда 1800 нафардан зиёд талаба ва магистрантлар, шунингдек, пойтахтимиздаги бир қанча халқаро олий таълим муассасаларидан 600 нафардан ортиқ талаба ва магистрлар иштирок этди.
Меҳнат ярмаркасида 300 нафардан зиёд талабалар 80 дан ортиқ хорижий компаниялар, вазирлик, идоралар, маҳаллий корхона ва ташкилотларда амалиёт ўташ, тажриба ошириш, иш фаолиятини олиб бориш бўйича келишувга эришдилар.

Марям АҲМЕДОВА

Яна ўқинг:  Малакали мураббий кам, аммо бу биргина муаммо эмас

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: