Чақалоқ парваришида нималарга эътибор бериш керак?

Боланинг соғлом бўлиб вояга етишида уни парваришлашга қай даражада эътибор қаратиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Қуйида чақалоқ туғилгач, илк кунларда нималарга эътибор қаратиш ҳақида қисқа-қисқа ва аниқ маълумотлар билан танишишингиз мумкин.

Киндик қолдиғи одатда туғруқдан сўнг 4-5 кун ичида тушиб, баъзи вақтларда 8-10 кунларга ҳам чўзилиши мумкин. Агар киндик соҳасида намлик бўлса, 70 фоизли спирт эритмаси томизилиб, стерилланган бинт ёрдамида артилади. Айрим вақтларда чақалоқнинг мунтазам безовта бўлиб, йиғлаши сабабли ҳам киндикда шиш кузатилади. Бордию чақалоқнинг киндиги қолдиғи 15 кун ичида ҳам кўчиб тушмаса ёки соҳа атрофида қизариш, яллиғланишга ўхшаш белгилар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат этинг.


Янги туғилган чақалоқнинг бош айланаси меъёрда 34-36 сантиметрни ташкил этиб, ҳаётининг иккинчи ойида 36-37 сантиметр атрофида бўлади. Бир ёшга қадар эса бу кўрсаткич 46 сантиметрга етади. Лиқилдоқ чақалоқ бошининг тепа қисмидаги қотмаган соҳа, мия устидаги қалин ҳимоя қавати бўлиб, меъёрий ҳолатда чиллали чақалоқлар учун 26-28 мм, иккинчи ойдан бошлаб 22-25 мм. атрофида бўлиб, бир ёшгача 8-10 мм.гача кичрайиб боради. Бола бошидаги лиқилдоқ таранглашиб, шишган бўлса ва у безовталанса, бош мия босимининг ошгани тахмин қилинади. Бу ҳолатда албатта шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.


Янги туғилган чақалоқ ҳаётининг биринчи 4 куни давомида 10 фоиз (200-300 гр атрофида) вазн йўқотиши нормал ҳолат ҳисобланиб, организмнинг мослашув жараёни ҳисобига амалга ошади. Бола ҳаётининг 6-8-кунларига келиб, тана вазнини аста-секин тиклаб боради.


Шифокорлар болани ҳар 1-1,5 соат оралиғида эмизишни тавсия этишади. Бу вақт оралиғининг она сути сифатига ҳам таъсири бўлиб, бола учун керакли озуқа тўпланади. Эмизишдан аввал кўк­рак сўрғичларини тозалаб, сўнгра бола оғзиға тутқазиш керак. Агар эмизгандан кейин гўдак кўкракни қўйиб юборишни хоҳламаса, тортиб олманг. Бурнини бироз қиссангиз, оғзини очади. Она сути сифатли бўлиши учун аёл таомномасида фойдали витаминларга бой маҳсулотлар бўлиши керак.


Чақалоқ киндиги ҳали тушмаган бўлса, чўмилтиришни бироз кейинга қолдириш даркор. Бу ҳолатда чақалоқнинг баданини илиқ сувга шимдирилган нам пахта билан тозалаш кифоя. Киндиги тўлиқ тушгач эса 37-37,5 даражали илиқ сувда чўмилтириш мумкин. Бола терисида турли тошмалар тошишининг олдини олиш учун сувга мойчечак дамламасидан озроқ қўшиш тавсия этилади. Совуқ кунларда чақалоқни 2-3 кунда бир марта 8-10 дақиқа давомида чўмилтирилади. Сувли муолажалардан сўнг терисига турли ёғлар суртманг. Чунки тайёр ёғлар терига турлича таъсир этиши мумкин.

Яна ўқинг:  Ўзбекистонда саратоннинг қайси тури энг кўп тарқалгани маълум бўлди

Чиллали чақалоқ бир кунда 4-5 мартагача ухлаши мумкин. Бу уйқу вақтлари аввалига узоқроқ давом этиб, сўнг аста-секин камайиб боради. Боланинг тунги уйқуси осуда ўтиши учун уни кечга яқин чўмилтириш тавсия этилади. Бордию гўдак уйқусида тартибсизлик юзага келса, кун бошидан эмизиш ва ухлатиш тартибини назорат қилинг.


Бола эмиб бўлгач, уни чайқатиш, қорни билан ётқизиш мумкин эмас. Тик кўтарган ҳолда бироз ушлаб туринг. Агар эмизишдан сўнг озроқ қайт қилса, бу хавфли эмас. Бола ошқозонига ортиқча бўлганини шу тариқа чиқариб ташлайди. Чақалоқларда ҳазм қилиш фаолияти ҳали яхши ривожланмагани боис эмиб бўлгач, қайт қилиши мумкин. Бироқ тез-тез ва эмизиш вақтидан ташқари ҳам қайт қилса, шифокорга кўрсатинг.


Чақалоқлар кунига 3-4 мартагача аксириши мумкин. Бу жараён бола организми учун нормал ҳолат бўлиб, ортиқча ташвишга асос эмас. Аммо аксириш бурундан шилимшиқ суюқлик келиши билан бўлса, шамоллаш тахмин қилиниб, болалар шифокорига кўрсатиш лозим.


Шифокорлар чақалоқни оёқ-қўлларини қаттиқ боғлаб йўргаклашни тавсия этишмайди. Айниқса, уйқуга ётқизишда зичлаб йўргакланган болада қон айланиши бузилиши мумкин. Шу билан бирга, оёқларини зичлаб йўргаклаш тос-сон суяк­лари ривожига таъсир этади. Бола танасига салбий таъсир этмайдиган, қулай ва кенг бичимли кийимчаларни танласангиз, чақалоқ териси ҳам «нафас» олади, ҳам эркин ҳаракатланиш имконияти бўлади.


Оғиз сути билан озиқланаётган чақалоқларда биринчи уч кун давомида ич келиши суюқроқ бўлиб, ранги тўқ яшил ёки қорамтир бўлади. 4-5-кунларга келиб эса сариқ, бўтқасимон тус олади. Боланинг овқатланган заҳоти ичи кетиши ёки қотишига организмдаги мослашув жараёнларининг белгиси сифатида қаралади. Бироқ кун давомида 6-7 мартагача суюқ ич кетиши ёки бир неча кунлаб қорин бўшанмаслиги шифокорга мурожаат этиш учун етарли асосдир. Шифокорлар болада қорин дамланмаслиги ва ич қотиш каби белгилар бўлмаслиги учун аввало она тўғри овқатланиши лозимлигини таъкидлашади. Бола организми ташқи муҳитга мослашиб олгунига қадар таомномангиздан ич қотирувчи маҳсулотларни олиб турганингиз маъқул.


Биринчи ва иккинчи кунлари чақалоқ териси қизариши, 3-5-кунга келиб эса тери юзаси кўчиши мумкин. Бу нормал ҳолат. Аммо юз терисида тез-тез такрорланувчи турли характердаги тошмалар она истеъмол қилаётган маҳсулотлар таркиби ёки бола терисининг мослашув ҳолатига боғлиқ. Бола терисида турли тошмалар юзага келишининг олдини олиш учун ҳам эмизикли аёлларга парҳезга риоя қилиш тайинланади.

Яна ўқинг:  Тезкор, аниқ, тўғри ташхис – саломатлик омили

Чақалоқ ҳаётининг илк кунларида ташқи муҳитга эндигина мослашаётгани ҳисобига бурун битиши кузатилиши мумкин. Бундай вақтларда пахтали чўпча ёрдамида бурун тешикларини оҳиста тозаланг. Ҳар бир бурун тешиги учун алоҳида чўпча ишлатиш кераклигини унутманг. Бурун битиши 2-3 кунда ҳам ўтиб кетмаса, болалар шифокори билан маслаҳатлашиб, керакли томчи дорилардан фойдаланишингиз мумкин.


Ичак билан боғлиқ муаммолари бор гўдакларда кўпинча оғиз оқариши кузатилиб, бу жараён оғиз бўшлиғининг мослашув ҳолати билан изоҳланади. ­Аммо айрим вақтларда бунга оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватига инфекция тушиши ҳам сабаб бўлади. Чақалоғингизнинг оғзи оқарганини сезсангиз, қайнатиб илитилган сувга стерилланган бинтни намлаб, оғиз бўшлиғини аста артинг. Оқариш тез-тез такрорланиб, болада безовталик, иштаҳа пасайиши билан кечса, албатта шифокорга кўрининг.


Чақалоқларда шамоллаш жараёни ўз-ўзидан юзага келмайди. Одатда онада ёки оила аъзоларининг бирида шамоллаш кузатилса, болага ҳам юқиши мумкин. Агар чақалоқда бурун оқиши, тумов, йўтал бош­ланса, албатта шифокорга учраб, эҳтиёт чораларини кўринг.

Нилуфар АБДУЛЛАЕВА,

акушер-гинеколог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: