Юздаги қора нуқталар қандай пайдо бўлади?
Юздаги қора нуқталар кўпчиликка таниш – улар терининг ҳар қандай турида пайдо бўлиши мумкин. Хўш, улар нима сабабдан пайдо бўлади ва қора нуқталардан қандай қутулиш мумкин?
Қора нуқта очиқ комедонлар деб ҳам аталади. Улар тери тешиклари тери ёғи ва ўлик тери ҳужайралари аралашмаси билан тиқилиб қолганда ҳосил бўлади.
Кўпчилик билмасдан қора нуқта ва ёғ иплари деб аталадиган нарсани адаштиришади.
Қора нуқтада тери тешиклари бутунлай тиқилиб қолади.
Ёғ иплари (ёғ каналлари) соч фолликуласи тузилишининг элементидир. Улар тешикни ёпмайди, улар тешикни ичкарисидан юқорига қараб кўтарилади ва терининг юза қисмига ёғ олиб чиқарадиган ўзига хос канал бўлиб хизмат қилади.
Агар сиз қора нуқталардан халос бўлишингиз ёки уларнинг сонини сезиларли даражада камайтиришингиз мумкин бўлса, унда ёғ ипларини йўқ қилиш мумкин эмас ва керак ҳам эмас. Улар барибир яна пайдо бўлади.
Сизнинг юзингизда қора нуқталар мавжудми ёки улар ёғ ипларими, буни тушуниш учун қуйидагиларга эътибор қилинг:
– қора нуқта – тўқ рангда ва зич ҳолатда бўртиб чиққан бўлиб, тиқин шаклидаги бирикмалар;
– ёғли ипларнинг таркиби шаффоф сариқ ёки кулранг рангга эга. Агар улар сиқиб чиқарилса, вазелинга ўхшаш ипсимон бирикма юзага чиқади.
Одатда, қуруқ ва нормал терида бундай тешиклар деярли кўринмайди, аммо ёғли ва аралаш терида улар ёғ ишлаб чиқаришнинг кўпайиши туфайли кенгайиши мумкин. Комедонлар (қора нуқталар) ушбу каналлардаги ёғ тиқинлари жуда қалинлашганда пайдо бўлади. Оксидланиш жараёнлари фаоллашади ва себум таркибидаги меланин пигменти пайдо бўлади.
Юздаги катталашган тешиклар кўпинча олдиндан генетик белгиланади. Ҳеч қандай косметика ёки лазер муолажаси уларни тўлиқ олиб ташлашга ёрдам бермайди, тешикларни фақат бир муддат торайтириш мумкин. Бу терининг ўзига хос хусусияти, унга қарши курашиш керак эмас. Катталашган тешиклар одатда ёғли ишлаб чиқариш кўпайган ёғли ёки аралаш терининг белгисидир. Ёғли теридан нормал терини ясаш мумкин эмас, лекин уни шу ҳолатга яқинлаштириш мумкин.
Агар терингиз тешикларни ёпувчи, оксидланадиган ва пигмент ҳосил қиладиган жуда қалин ёғни ажратса, қора нуқталар тез пайдо бўлади. Қора нуқталар пайдо бўлишига қуйидаги омиллар сабаб бўлиши мумкин.
Гормонлар.
Балоғат ёшида, гормонал мувозанат бузилиши туфайли, ёғ секрецияси кучаяди, бу эса ҳуснбузарлар ва комедонларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Аммо гормонал фоннинг беқарорлиги катта ёшда ҳам содир бўлиши мумкин. Масалан, ҳомиладорлик пайтида ёки менопауза пайтида.
Нотўғри овқатланиш.
Бугунги кунга қадар овқатланиш ва терининг ҳолати ўртасидаги тўғридан-тўғри боғлиқлик илмий жиҳатдан аниқланмаган. Лекин тери муаммоларининг кучайиши кўпинча диетада қуйидагилар пайдо бўлган бўлса келиб чиқади:
– ёғли овқатлар;
– шоколад;
– сут ва ёғли сут маҳсулотлари;
– углеводлар (нон, хамир овқатлар).
Шунингдек, ҳуснбузар кўпинча ошқозон-ичак касалликлари (гастрит, ошқозон яраси) билан оғриганларда учрайди. Агар сиз терининг мунтазам яллиғланишидан азият чексангиз, гастроентерологга учрашинг.
Нотўғри танланган терини парвариш қилиш воситалари
Талк, силикон, кокос ёғи ва минерал мойлар каби моддалар комедоген ҳисобланади. Албатта, барчаси уларнинг косметика таркибидаги формуладаги фоизга боғлиқ. Аммо агар сиз ушбу ёки бошқа маҳсулотни ишлатганингиздан сўнг, тешиклар одатдагидан тезроқ тиқилиб қолганлигини сезсангиз, ушбу таркибий қисмларнинг мавжудлигини текширинг.
Терини нотўғри тозалаш.
Ҳатто кўп миқдордаги тонал крем, уни ўз вақтида тозаласангиз, терингизга зарар етказмайди. Тери тонал крем ва пудра остида нафас олмаслиги ҳақидаги фикр бекор гап, аммо бўяниш тери ёғини оптимал тартибга солишга халақит бериши мумкин. Шунинг учун комедоген бўлмаган косметикадан фойдаланинг.
Терининг эски қатламини тозаламаслик.
Эпидермиснинг ўлик ҳужайралари тери ёғининг юзага чиқишига халақит бермаслиги учун терини пилинг қилиш керак.
Қандай қутулса бўлади?
Тешикларни иложи борича узоқ вақт тоза сақлаш учун бир неча оддий кўрсатмаларга амал қилинг.
Юзингизни кунига икки марта ювишни унутманг. Буни эрталаб қилиш жуда муҳимдир. Чунки ёғ ишлаб чиқаришнинг энг юқори даражаси соат 4:00 дан 5:00 гача бўлган вақтга тўғри келади.
Сотиб олишдан олдин косметика таркибини ўрганинг, айниқса, қайси таркибий қисмлар сиз учун комедоген эканлигини билишингиз керак.
Терининг ўлик зарраларининг тўпланиши тери ёғини соғлом тартибга солишига халақит беради ва косметик воситаларингиздаги фаол моддаларнинг терига киришига йўл қўймайди.
Қора нуқталар ва ёғ тиқинларини олиб ташлашнинг энг осон усули шунчаки уларни сиқиб чиқариб ташлашдир. Аммо бу усул шикастлидир ва нотўғри олиб ташлаш натижасида яллиғланишни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳеч бўлмаса тўғри тозалашни ўрганиш учун косметологга ташриф буюришни маслаҳат берамиз.
Механик тозалаш косметолог томонидан махсус асбоб ёрдамида қўлда амалга оширилади. Бу комедонлардан халос бўлишнинг самарали, аммо энг шикаст етказувчи усули ва тошмаларнинг кучайишига олиб келиши мумкин.
Вакуумли тозалашда мутахассис, аввал терини буғлаб, сўнгра вакуумли махсус аппаратдан фойдаланади, аппарат тешиклардаги ёғни сўриб чиқаради.
Буғланишли тозалаш (вапоризатсия) да терига озон аралаштирилган буғ билан ишлов берилади, бу терига бактеритсид таъсир кўрсатади. Буғ тешикларга кенгайтирувчи таъсир кўрсатади ва тери ёғ секрециясини тартибга солишга ёрдам беради.
Ултратовушли тозалаш энг самарали ва хавфсиз муолажа ҳисобланади. У ултратовуш тўлқинлари таъсирида ёғ тиқинларини бир зумда олиб ташлайдиган махсус аппарат ёрдамида амалга оширилади.
Қора нуқталарга қарши косметикалар
Бозорда қора нуқталардан халос бўлиш учун етарли маҳсулотлар мавжуд – терининг турига мос келадиганларни танлашингиз мумкин.
Ёпишқоқ ниқоблар ёки қора нуқта чизиқлари нам терига 10-15 дақиқа давомида ёпиштирилади. Шу вақт ичида чизиқ ёки ниқобларнинг ёпиштирувчи юзаси тешиклардан ёғ тиқинларини «тортиб олади».
Лойга асосланган тозаловчи ниқоблар тери ёғини тешиклардан сиртга чиқариб ташлайди ва уларнинг таркибидаги фаол моддалар тери ёғи секрециясини нормаллаштиришга ёрдам беради.
Кислотали (бензоик, салитсил, гликолик) крем ва тониклар ўлик ҳужайраларни тозалаш жараёнини тезлаштиради.
Дурдона МУРАТАЛИЕВА,
Тошкент тиббиёт академияси талабаси