Иштаҳани қандай очиш мумкин?

Кўпчилик одамларнинг иштаҳаси яхши бўлиши семиришга олиб келишини яхши билишади, шу сабабли иштаҳа пасайишини улар ижобий ҳолат ва жиддий оқибатларга олиб келмайди деб ўйлашади. Бу бекор гап. Иштаҳанинг пасайиши вақтинчалик ҳолат бўлиши, психо-эмоционал ҳолат билан боғлиқ бўлиши ёки баъзи дори препаратларига бўлган организм реакцияси ва жиддий касаллик ҳақида дарак бераётган бўлиши ҳам мумкин, масалан, хавфли саратон касалликларидан. Шу сабабли иштаҳанинг пасайишини инкор этиш керак эмас.

Иштаҳанинг пасайишини бартараф этишдан олдин, иштаҳа пасайишига сабаб бўлаётган сабабдан қутулиш керак. Агар иштаҳа пасайишига сезиларли сабаб аниқланмаса ва бу ҳолат 2 ҳафтадан узоқ давом этаётган бўлса, шифокор кўригидан ўтиш керак бўлади.
Деярли барча катта ёшли инсонларда вақтинчалик иштаҳанинг йўқолиш ҳолатлари учраб туради. Кўпинча, бунга психологик ҳолат, жисмоний зўриқиш, давом этувчи стресс, шошилинч ҳолатлар, апатия, депрессия ва бошқа турли хил вазиятлар сабаб бўла олади. Айниқса, ёш қизлар чиройли қоматга эга бўлиш учун турли хилдаги синалмаган диеталарга риоя этишади. Натижада овқат ҳазм қилиш тизимида муаммолар келиб чиқиб, анорексия ҳолатига олиб келади, унинг оқибати эса ҳатто ўлим билан тугаши ҳам мумкин.

Болаларда иштаҳа пасайишига сабаблар қуйидагилар бўлиши мумкин:
– бола ривожланишининг ўзига хослиги;
– овқатланишдан олдин ширинлик ейишга одатланган болалар;
– камҳаракат ҳаёт тарзи;
– катта ёшлилар томонидан болага ўтказиладиган психологик босим;
– умумий аҳволнинг ёмонлиги ёки қандайдир касаллик.
Иштаҳани қандай ошириш мумкин? Иштаҳани ошириш учун, аввало, овқатланиш тартиби ва рационини тўғирлаб олиш керак.

Иштаҳа очиш усуллари


Кам-камдан тез-тез овқат ейиш. Ошқозонда овқат яхши ҳазм бўлиши учун оз-оздан, лекин тез-тез овқат ейиш керак. Бунда инсон оч қолиб кетмаслиги ҳам шарт. Ҳар бир овқатланиш оралиғи 3 соатни ташкил этиши лозим.
Рационнинг турли хилда бўлиши. Овқат рационида албатта инсон ўзи севиб истеъмол қиладиган овқатлар бўлиши керак. Аммо, уларни доимо истеъмол қилиш бадга уради. Бунинг олдини олиш учун эса овқат турини ўзгартириб туриш ва дессерт ўрнида турли хилдаги меваларни истеъмол қилиш керак.
Овқатланиш доимо бир хил вақтда бўлиши лозим. Ҳар доим бир вақтда овқатланиш ошқозон сокининг ишлаб чиқарилиши ва оч қолиш ҳиссининг бир вақтда «уйғонишига» ўргатади. Оч қолиш ҳисси уйғонганда, овқатланишдан олдин ширинлик истеъмол қилиш керак эмас. Бунинг ўрнига 30 дақиқа олдин мевалар ёки сабзавотлар тановул қилиш, уларнинг шарбатидан 1 стакан ичиш яхшироқ.
Сув балансини нормада ушлаб туриш. Организмнинг сувсизланиши иштаҳанинг пасайишига олиб келади. Шунинг учун бир кунда камида 8 стакан газсиз сув ичиш зарур. Айниқса, жисмоний зўриқиш вақтида кўпроқ сув ичиш талаб этилади.
Овқатланиш маданияти. Овқатланиш столининг чиройли қилиб безатилиши ва овқат тортиқ қилинишида ўзига хос усулларни қўллаш иштаҳани оширишда жуда яхши самара беради.
Зарарли одатлардан воз кечиш. Тамаки маҳсулотларини чекиш инсон организми қабул қиладиган «роҳатланиш» ҳиссини чақиради. Шу сабабли тамаки маҳсулотларини чеклаш ва организмнинг овқатланишдан лаззатланиш ҳиссини олишга ўргатиш керак. Бундан ташқари, организм учун зарарли бўлган одат – бу ҳаддан ортиқ кўп ишлашдир. Зўриқишлардан қочиш учун ўз вақтида ишлаб, ўз вақтида дам олиш зарур, айниқса, уйқу муддати бир суткада 8 соатдан кам бўлмаслиги лозим.
Фаол ҳаёт тарзи. Иштаҳа очилиши учун мунтазам равишда организмни жисмоний машқлар билан чиниқтириб бориш керак. Тоза ҳавода сайр этиш, тонгда енгил югуриш, спорт билан шуғулланиш, ёга машқларига қатнаш ва иш жойида лифт ўрнига зиналардан чиқиб тушиш тавсия этилади.
Витаминлар қабул қилиш. Организмда витаминлар етишмовчилиги ҳам иштаҳага салбий таъсир этади. Шу сабабли эрта баҳорда ва кузда витамин комплексларини қўшимча равишда қабул қилиб туриш керак. Айниқса, иштаҳа очиш учун аскорбин кислота (витамин C) ва витамин Б12 катта рол ўйнайди.

Яна ўқинг:  “ФУДЗИ ТОҒИ” ЎЗБЕКИСТОНДА

Катталар учун тавсиялар


Иштаҳа очиш ва тана вазнига масса қўшиш учун ҳаёт тарзини ва одатларни ўзгартириш керак. Камҳаракат ҳаёт тарзи ва зарарли одатлар, ҳамда доимий стресс ҳолатлари иштаҳанинг пасайишига олиб келади. Шу сабабли тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиш, бадантарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш, етарлича ухлаш инсон жисмоний ҳолатига ва руҳиятига ижобий таъсир этади, иштаҳа, овқатланиш истаги ҳам ортади.
Овқатланиш инсонда қувонч ҳиссини уйғотиши шарт. Бунинг учун овқатланиш столини безатиш, овқатланаётганда шошмаслик, овқатнинг мазасини яхшилаб ҳис этиш лозим. Овқатланишдан 20-30 дақиқа олдин яшил олма, бир бўлак лимон ёки 2-3 қошиқ карам шарбати қабул қилиш қонда инсулин миқдорини ва ошқозон шиллиқ қаватларини «қитиқлайди», бунинг натижасида иштаҳа янада ошади. Бундан ташқари, тайёр бўлган овқатга махсус қўшимчалар ва зираворлар қўшиб истеъмол қилиш ҳам тавсия этилади.
Халқ табобатидан фойдаланган ҳолда иштаҳани очиш ҳам яхши натижа беради. Масалан, зангори сачратқи, шувоқ, қоқиўт настойкалари ҳазм қилиш тизими аъзоларига ва иштаҳа очишга ёрдам беради. Бу воситаларнинг барчасини дорихоналардан осонгина топса бўлади.
Кекса ёшли инсонларда иштаҳа пасайиши тули хил аъзолардаги касаллик­лар сабабли келиб чиқиши мумкин. Масалан, ошқозон, ичак, жигар, буйрак, юрак-қон томир тизими, қандли диабет, эндокрин тизими касалликлари. Қарияларда овқатланиш тартиби ва таркиби, овқат маҳсулотлари билан кирадиган микроэлементлар ва витаминлар етишмовчилиги умумий қувватсизлик, ҳолсизлик, тана вазнининг камайишига сабаб бўлиши мумкин.
Уй шароитида кекса ёшли инсонлар овқатланишдан олдин доривор ўсимлик­лар дамламасидан (фиточой) ичишлари лозим. Бундан ташқари, иштаҳани очишда саримсоқ, кўкатлар, кўк пиёз, турп суви ҳамда ситрус мевалар истеъмол қилиш яхши самара беради. Кексалар кўпроқ тоза ҳавода сайр қилишлари ва кучлари етгунча жисмоний машқлар бажаришлари керак, шунда организм энергияси сарфланиб овқатланишга бўлган эҳтиёж ортади.

Бола иштаҳасини очиш усуллари


Болаларда иштаҳанинг йўқлиги ота-оналарни ташвишга солувчи энг кўп тарқалган ҳолатлардан биридир. Ваҳима қилишга шошилманг, аввало боланинг ҳаёт тарзини яхши ўрганиб, унинг нима сабабдан овқатланиш истаги йўқлиги ҳақида билиб олинг. Ҳеч қачон болани мажбурлаб овқатлантирманг, бу унинг психологиясига ва ҳазм қилиш жараёнига салбий таъсир этиши мумкин (овқатланишга бўлган нафрат, еган овқатни қайт қилиб ташлаш).
Боланинг иштаҳасига ижобий таъсир этиш учун, тонгни гимнастика ва сув ўйинлари билан бошлаш керак. Кун давомида ҳам боланинг фаол ҳаракатда бўлишини таъминлаш лозим. Сайр қилиш ва турли хил ўйинлар, айниқса, тушлик ва кечки овқат олдидан бола кайфиятини кўтариш, бола иштаҳасининг очилишига олиб келади.
Кўпчилик болалар овқатланиш вақтини уларнинг ўйнаши учун халақит берадиган жараён деб қабул қилишади. Шу сабабли бола ликопчасига овқатни камроқ сузиб бериш керак, шунда бола уни тезроқ истеъмол қилади ва ўзининг севимли ўйинига қайтади. Аммо, овқатланиш оралиғидаги ширинликлар билан иштаҳани бўғиш яхши эмас, бунда боланинг ўз вақтида овқатланиш тартиби бузилади.
Психологик усуллардан: сабзавот ва соуслардан шаклчалар ясаш, ликопчаларда мультфильм қаҳрамонлари сурати туширилган бўлиши (ликопчада қайси қаҳрамон турганлигини билиш учун овқатни охиригача ейиш буюрилади) бола кайфиятини кўтаради ва овқатланишга бўлган қизиқишини оширади.
Энг муҳими, иштаҳа пасайишининг асосий омилларидан бири бу овқатланиш тартибига ҳамда тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилмасликдир.

Яна ўқинг:  Юртимизда замонавий корейс ташхис клиникаси барпо этилади

Жавлон АБДУЛЛАЕВ,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: