Гўдакларни массаж қилиш қоидаларини биласизми?

Гўдакда дисплазия, бўйин қийшиқлиги, яссиоёқлик, тос суякларидаги туғма нуқсонлар аниқланган бўлса, уқалаш энг яхши даво чораси ҳисобланади. Аксарият янги туғилган чақалоқларда гипертонус, оёқ ва қўл бармоқларининг букилишида муаммолар каби неврологик хасталиклар кузатилганда, педиатр томонидан даволовчи уқалаш тавсия этилади ва бундай муолажалар уқаловчи ҳамшира томонидан амалга оширилиши лозимлигини унутмаслигимиз керак.

Мутахассислар уқалашнинг профилактик усулини гўдакнинг кундалик парваришига кириши шарт бўлган муолажалардан бири деб ҳисоблашади. Бундай уқалашни оналар мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда уй шароитида амалга оширишса бўлади.

Нималарни билиш муҳим


Профилактик уқалаш бола туғилган кундан бошлаб 3 ёшга тўлгунига қадар давом эттирилгани маъқул. Енгил, тўғри йўналтирилган профилактик массаж гўдакнинг жисмоний ва руҳий ривожланишини таъминлайди, ошқозон-ичак фаолияти ва нафас олишининг яхшиланиши, иммунитетининг кучайиши, моддалар алмашинуви фаоллашишига яхши таъсир кўрсатади. Уқалашдан сўнг бола танасида қон айланиши тезлашади, иштаҳаси очилади, асаблари тинчланиб, яхши ухлайди.
Гўдакни массаж қилишдан олдин оналар бола организмининг анотомик-физиологик хусусиятларини эътиборга олиши лозим. Масалан ўта нозик соҳалар – жигар усти (ўнг қовурға таги) ва жинсий аъзолар, кўкрак учлари массаж қилинмайди. Тос соҳасининг ички томонида жуда кўп нерв толалари жойлашгани боис, бу соҳани уқаламаган маъқул.
Бола йиғлаётганда, қорни очлигида ёки бирор жойи оғриб турганда, шунингдек гўдак терисида йирингли жароҳатлар мавжуд бўлса, у юрак етишмовчилиги билан туғилган ҳолларда ёки хасталик сабабли жигари катталашганда уқалаб бўлмайди. Тана ҳарорати кўтарилганда тузалгунига қадар уқалаш муолажаси тўхтатиб турилади.

Профилактик: уқалашдан олдинги тайёргарлик


Массаж қилинадиган хона ёруғ, тоза, илиқ, елвизаксиз, ҳаво ҳарорати +22-25 С оралиғида бўлсин.
Массаж учун уйдаги энг қулай жойни танланг. Бу диван, кроват, стол усти бўлиши мумкин. Майин мусиқа қўйишингиз мумкин. Боланинг энг яхши кўрган бир, икки дона кичикроқ ўйинчоғини олдига қўйиб қўйинг.
Бола овқатлангандан сўнг 30- 40 дақиқа ўтгач массажни бошласангиз бўлади.
Массаж пайтида боланинг териси тоза ва қуруқ бўлсин. Унинг терисига мос бўлган ёғ ёки кремни тайёрлаб қўйинг.

Уқалашни бошлаймиз


Болани ечинтириб, тайёрланган жойга ётқизинг. Унинг кайфияти яхши бўлиши лозим, шунда у массаждан безовта бўлмайди.
Уқалаш пайтида бармоқларингиз гўдак танасида енгил ҳаракатланиши учун қўлингизни ёғлаб олинг ва ишқалаб қизитинг. Чунки гўдак сесканмай, илиқликни сезиши лозим.
Унинг юзи ва томоғини бармоқ учлари билан енгил майин уқаланг. Қоши, қош оралиғини чаккаси томон сари майин сийпаланг. Бурун ва лабини чизганга ўхшаб, сўнгра қулоқларини секин массаж қилинг.
Гўдакнинг қорин соҳасини эҳтиёткорлик билан соат мили йўналиши бўйлаб айлана ҳаракат билан енгил силанг.
Кўкрак соҳасини уқалашда бармоқ учлари билан оҳиста ўртадан қовурға туташган жойдан бошлаб қўлтиқ остига қараб йўналган ҳаракат билан силанг. Бармоқларингиз майин ва енгил ҳолда, марказдан ёнга қараб ҳаракатлансин.
Оёғининг учини ушлаб, кўтаринг ва пастдан юқорига, тосга қараб ташқи томонидан силанг. Оёқ таги, панжаларини уқалаш ўта муҳим эканлигини унутманг. Оёқни устки ва пастки қисмларини енгил силанг. Ҳар бир бармоқларини таги билан алоҳида уқаланг.
Гўдакни қорнига ўгириб, орқа томонини бўйиндан думғазагача ва думғазадан бўйинга қараб уқаланг. Умуртқанинг ўзини уқалаш мумкин эмас.

Яна ўқинг:  ТУҒУРУҚДАН КЕЙИНГИ ДЕПРЕССИЯ: САБАБ ВА ОҚИБАТЛАРИ

Қўшимча тавсиялар


Уқалаш бола овқатлангандан сўнг 40 дақиқа 1 соат ўтгач бажарилгани маъқул. Чўмилиш ва сайрга эса массаждан икки соат ўтгандан сўнг олиб чиқсангиз бўлади.
Совуқ фаслларда массаж пайтида болани бутунлай ечинтириб қўймаган маъқул.
Муолажа пайтида гўдакнинг терисини кузатиб туринг. Тери ўта қизариши, кўкариши ёки оғриқ сезиб, йиғлаши яхши эмас. Болани бир неча кун массаж қилишда терисига суртилган крем ёки ёғ нафас олувчи тўқималарини беркитиб қўяди. Терида турли хил тошмалар пайдо бўлмаслиги учун болани чўмилтириб туринг.
Профилактик уқалаш бир кунда 3-4 маротаба 4-7 дақиқа давом этади, даволовчи уқалаш эса бир кунда бир маротаба 15 дақиқа қилинади.

Дилфуза ТУРДИЕВА,

педиатр,

тиббиёт фанлари номзоди,

доцент.

Барно ТОШМУҲАММЕДОВА,

шифокор-неонатолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: